Чоршанба куни Осиё футбол конфедерациясининг Куала-Лумпур шаҳрида футбол таҳлилчиларининг навбатдаги семинари ўз ишини якунлади. Бутун Осиё давлатларидан кўзга кўринган таҳлилчилар иштирок этган тадбирда ўзбекистонлик икки нафар мутахассис - Ислом Аҳмедов ва Усмон Тошев ҳам қатнашишди ва кеча Тошкентга қайтиб келишди. Биз сафар таассуротлари ва семинарда кўтарилган ҳамда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Ислом Аҳмедов билан суҳбатлашдик.
- Ислом ака, семинар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Бу гал қандай масалалар кун тартибида бўлди?
- ОФКнинг Technical Study Group (TSG) номи билан юритилувчи гуруҳи бўлиб, Ўзбекистондан мен ва Усмон Тошев унинг аъзоси ҳисобланамиз. Бу гуруҳ аъзолари ОФК байроғи остида ўтказиладиган барча нуфуздаги мусобақалар - ЖЧ саралаш баҳслари, Осиё чемпионати, ОЧЛ ва ОФК кубоги ўйинларини доимий равишда кузатиб, таҳлил қилиб боришади. Ҳар бир мусобақага ОФК томонидан икки киши жўнатилади. Масалан, бугун (суҳбат чоршанба, 11 июнь куни уюштирилган, - муал.) якунланган йиғилишимизда мени октябрь ойида Мьянмар давлатида ёшлар (U-19) ўртасида ўтказиладиган Осиё чемпионатига боришим тасдиқланди. Ҳар бир мутахассис ўзи кўрган ўйинларни чуқур ва кенг қамровда таҳлил қилиб, якуний ҳисоботни ОФКга тақдим этади.
- Бу гуруҳни ташкил этишдан қандай мақсад кўзланганди?
- ОФК қошидаги таҳлил гуруҳи аввал ҳам бўлган. Бундай ишчи гуруҳлар барча қитъа конфедерациялари, шу жумладан ФИФА ва УЕФАда ҳам бор. Гуруҳ аъзоларининг асосий вазифаси ўйинларни кўриб, чуқур таҳлил қилиб, Осиё футболи қай йўсинда ривожлан-япти, қайси йўлдан кетяпти, қандай камчиликлар бор, дунё футболидан қай жиҳатларда ортда қоляпмиз, ҳамма-ҳаммаси ҳақида маълумотларни тўплайди. Кейин бу хулосалар ОФК томонидан барча давлат федерацияларига тавсия сифатида жўнатилади. Мураббийлар эса айнан шу тавсиялар асосида ўз клублари ва терма жамоаларида иш олиб боришади.
- Бу гал Куала-Лумпурда қитъамиз футбол таҳлилчилари нималарга кўпроқ урғу қаратишди?
- Осиё футболи савиясини кўтариш ҳақида баҳс ва мунозаралар бўлди. Ҳамма ўз кузатишлари асосида фикрлари билан ўртоқлашди.
- Қитъа, хусусан, Ўзбекистон футболи савиясини қандай кўтариш мумкин?
- Шуни айтишим мумкин, Осиёда футбол йилдан-йилга ўсиб боряпти. Биз сафар чоғида Малайзия чемпионати доирасидаги бир нечта ўйинларни томоша қилдик. Ишонч билан айтишим мумкин, бу мамлакат чемпионатида ҳам қизиқарли ва шу билан бирга шиддатли учрашувлар сони етарли экан. Клублари савияли легионерларни харид қилишни бошлабди. Энди Ўзбекистон мисолида гапирадиган бўлсам, Максим Шацких бу саволга мендан аввал жавоб бериб улгурибди. Мен яқинда Inter FUTBOL газетасида айнан Шацких билан уюштирилган интервьюни ўқидим. У футболимиз ҳақида ўзининг холис баҳосини берибди. Хорижда бир неча йил тўп сурган футболчининг фикрларига қўшилмай иложим йўқ. Макснинг фикрларига қўшимча тарзда шуни айтишим керак, Ўзбекистон футболида ўз ишининг профессионаллари ишлаши лозим. Мен фақат мураббийларни назарда тутмаяпман. Барча жабҳаларда ўз ишининг усталари ишламас экан, соҳада натижа бўлмайди. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.
- Агар минтақалар бўйича кўриб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон футболи ҳозир Осиёда қандай мавқега эга?
- Сўнгги икки йилликни таҳлил қилиб чиқиш асносида шунга амин бўлдимки, Ўзбекистон футболи тараққиёт, ўсишдан тўхтаб қолди. Бунинг сабаблари ҳақида мен кўп бора гапирганман. Лекин ижобий томонга ўзгаришни кўрмаяпман. Энди минтақаларга келсак, ОФК томонидан ЖЧ-2018 саралаш босқичига ўзгартириш киритилди. Келаси мундиалнинг саралаш босқич баҳслари жуда ҳам қизиқарли ўтишини ҳозирданоқ тахмин қилиш мумкин. Осиёда футбол тенглашиб боряпти. Яхши тайёргарликка эга бўлган терма жамоа 2018 йили Россияга боради. Малайзияда замонавий футбол намойиш этишаётган экан, демак, 2-3 йилдан кейин юзага келадиган рақобатни тасаввур қилиш қийин эмас. Афғонистон терма жамоаси Жанубий Осиёда етакчиликни ўз қўлига олди. Тожикистон Эстония билан тенгма-тенг ўйнади. Йилдан-йилга қийинлашиб бораверади. ЖЧ финал босқичига чиқиш энди осон бўлмайди.
- Турли халқаро семинар ва йиғинларда иштирок этасиз. Хорижлик мутахассисларнинг футболимиз ҳақидаги фикрлари қандай бўляпти?
- Улар натижаларимиздан ҳайрон қолишяпти. Клубларимизнинг ОЧЛдаги муваффақиятсиз иштирокидан таажжубга тушишяпти. Миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2014 саралаш босқичидаги иштироки ва аламли тарзда мундиалдан четда қолиб кетганлигини кенг муҳокама қилишмоқда. Тўғриси, хорижлик ҳамкасбларимнинг саволларига жавоб беришга қийналаман. Бизни қийнаётган муаммоларимиз ҳақида рўй-рост гапира олмайманку!
- Бу муаммоларнинг ечими борми? Мутахассис сифатида қандай фикрдасиз?
- Камчиликлар ҳақида матбуотда тинмай ёзишяпти. Лекин ҳозирча бундан фойда бўлаётганини кўрмаяпман.
- Ислом ака, яқин кунларда Марказий Осиё минтақавий футбол федерациясини ташкил этилиши ҳақида айтилди. Бу федерацияга Марказий Осиё давлатларидан ташқари Эрон ҳам киритилади. Бирлашган федерация келажагини шахсан сиз қандай кўряпсиз?
- Бу биз учун чинакам чорлов бўлади. Сабаби, минтақадаги терма жамоалар билан тез-тез учрашиб туриш имконияти юзага келади. Биз ўзимизни ҳамиша улардан бир бош баланд, деб ҳисоблаб келганмиз. Энди бу сўзларни амалда исботлаш керак. Мамлакатлар футболи ўртасидаги тафовут бу жараёнда яққол кўзга ташланиб қолади. Ўйлайманки, бу ўзгаришлар ҳар бир давлат федерациясида ўз ишига профессионал тарзда ёндошишни юзага келтиради. Шу баҳона ҳақиқий мутахассислар, ўз ишининг усталари юзага келса, бундан фақат хурсанд бўлардим ва бундан ўзбек футболи кўпроқ фойда кўрарди.
- Юқорида Малайзия футболи ҳақида ижобий фикрларни билдирдингиз. Бу мамлакатда болалар футболига қай тарзда эътибор қаратиляпти?
- Яқинда Малайзия футбол федерациясининг техник директори этиб европалик мутахассис тайинланди. Табиийки, Европа футболи андозалари асосида ишлар йўлга қўйилади. Нафақат болалар футболида, балки терма жамоалар йўналишида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлиши керак.
- Европалик мутахассисни Ўзбекистон футболига таклиф этилиши қанчалик фойда келтириши мумкин?
- Бунинг учун биринчи галда футболимиз хўжалигида тартиб юзага келиши, мутахассислар жой-жойида ишлаши лозим. Ҳозирги шароитда хорижлик мутахассисни олиб келсак, ҳавога пул совурилган бўлади.