Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Асқар Толибжонов: «Олдимизда масъулиятли вазифалар турибди»

Баҳо:
+ | -

Жорий йилнинг июль ва август ойлари Осиё ўйинларида иштирок этадиган терма жамоамиз учун жуда ҳам масъулиятли давр ҳисобланади. Сентябрь ойининг охири ва октябрь ойининг бошида Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида ташкил этиладиган 17-Осиё ўйинларида Миржалол Қосимов бошчилигидаги терма жамоамиз юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Бундан роппа-роса 20 йил аввал Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилган 12-Осиё ўйинларида Рустам Акрамов ва Биродар Абдураимов бошчилигидаги терма жамоамиз шоҳсупага кўтарилган эди. Йигирма йил аввалги натижани такрорлаш мақсадида Ўзбекистон футбол федерацияси терма жамоа олдига катта вазифаларни қўймоқда. Осиё ўйинларига муносиб тарзда тайёргарлик кўриш мақсадида аниқ режалар ишлаб чиқилган. Терма жамоамиз июль ойининг ўзида Саудия Арабистони ва Иорданияга сафар уюштиради ва ҳар икки мамлакат ёшлар терма жамоалари билан иккитадан ўртоқлик учрашуви ўтказади. Бундан ташқари, миллий ва ўсмирлар терма жамоаларимизнинг ҳам яқин ойлар учун иш режалари тасдиқланган. Шунингдек, турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимизда мураббийлар ўзгарди. Шу ва бошқа ўзгаришлар, янгиликлар хусусида ЎФФ Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжоновдан интервью олдик.

- Асқар ака, 2014 йилнинг олти ойи ҳам ортда қолди. Ярим йиллик якунлари ва йил сўнггигача бўлган режалар хусусида маълумот берсангиз. Умуман, Терма жамоалар маркази турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимизнинг муносиб тайёргарлик кўришлари учун керакли шароитларни яратиб беряптими?   

- Бугунги кунда барча ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз учун шарт-шароитлар яратиб бериляпти. Шароитларки, терма жамоаларимизнинг ўзимизда ва хорижда ташкил этиладиган йиғинлари, ўтказадиган ўртоқлик ва назорат учрашувлари режа асосида таъминланмоқда. Масалан, яқинда ўсмирларимиз Озарбайжонда, 19 ёшгача бўлган ёшларимиз Арманистонда, Шуҳрат Мақсудов жамоаси (U-22) эса Хитойда ўртоқлик ўйинлари ўтказиб қайтишди. Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов бу борада шундай талаб қўйганки, терма жамоаларимиз учун ўқув-йиғин машғулотлари ва халқаро ўйинларни ташкил этишда на молиявий ва на ташкилий масалаларда муаммолар бўлмаслиги керак. Агар ҳақиқатан ҳам, Европа, Осиё ёки Африка давлатларида ўтказиладиган йиғин ва ўртоқлик учрашувлари терма жамоаларимизга фойда келтирса, бунинг учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Барча шароитлар яратилиши бў­йича топшириқ олганмиз. Терма жамоа­ларнинг йиллик иш режалари йил бошида мураббийлар иштирокида ўтган йиғилишимизда тасдиқланган. Ҳар ойнинг бошида биз терма жамоаларнинг ойлик ҳисоботларини Мираброр Зуфаровичга тақдим этамиз. Унда бир ой давомида терма жамоанинг ўтказган йиғини, ўртоқлик учрашувлари, таркибга жалб этилган футболчилар ҳақида батафсил маълумотлар ўрин олади. Агар қандайдир камчиликлар сезилса, атрофлича ўрганиб чиқилади. Муаммолар туғилаётган бўлса, жойида ижобий ҳал қилинади. Яъни терма жамоаларга барча шароитлар яратиб берилади. Шунингдек, федерациямиз раҳбаридан шундай кўрсатма олганмизки, унга кўра, терма жамоага таклиф этиладиган ҳар бир футболчининг клуби билан ҳамкорликда ишлаб, ўша ўйинчига индивидуал иш режаси бериб борилади. Марказимиз мутасаддилари ҳар ойда клубларда бўлиб, терма жамоага номзод футболчиларни ўрганиб боришади. Қандай муаммолар юзага келаётган бўлса, клуб раҳбарияти билан ҳамкорликда бартараф этилади.

- Яқинда Шуҳрат Мақсудов бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар (U-22) терма жамоаси Хитойдан қайтди ва у ерда иккита ўртоқлик учрашуви ўтказилди.  Умуман, бу ўйинларни ўтказиш таклифи кимдан чиққан эди?

- Шуҳрат Мақсудов жамоаси Рио-2016 Олимпиада ўйинларининг саралаш баҳсларида иштирок этади. Қолаверса, миллий термага номзодларни етказиб бериш бўйича энг яқин захира ҳисобланади. Шу боис, бу жамоанинг тайёргарлигига ҳам катта эътибор  қаратиляпти. Таклиф Хитой футбол федерацияси томонидан билдирилган эди. Буни мураббийлар штаби билан атрофлича ўрганиб чиққач, розилик бердик. Ўйлайманки, ўтказилган ҳар иккала ўйин терма жамоа­миз фойдасига хизмат қилди. Биринчи навбатда, мураббийлар футболчиларнинг бугунги ҳолатлари, терма жамоага таклиф этилган янги номзодларнинг ўйин услубига тўғри келиш ёки келмасликлари, умуман, имкониятларини чамалаб олишди. Хитой сафарига 23 нафар футболчи жалб этилган бўлса, уларнинг ҳаммаси иккита учрашувда майдонга туширилди ва ўйин амалиёти берилди. Таъкидлаш жоиз, иккала ўйин ҳам ФИФА қоидаларига тўлиқ амал қилинган ҳолда ўтказилди. Яъни майдондан четлатиладиган футболчи иккинчи учрашувда майдонга туширилмаслиги ва шунга ўхшаш қонун-қоидалар бўйича Хитой томони билан келишиб олгандик. Мана масалан, Сардор Раҳмонов биринчи ўйинда қизил карточка олиб, майдондан четлатилган эди. Келишувга кўра, унинг ўрнига ҳеч ким майдонга туширилмади ва иккинчи баҳсда ҳам иштирок этмади. Буни тўғри қарор, деб ўйлайман. Чунки футболчилар масъулиятни сезишади. Шунга монанд ўйинда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишади. Биринчи учрашув кучли ёмғир остида ўтди. Майдонда 10 киши қолишларига қарамай, иккинчи бўлимда Игорь Сергеев дарвозабон ва ҳимоячиларнинг хатосидан сўнг ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Хитой футбол федерацияси бу икки учрашувни юқори савияда ўтказди. Ўйинлар телевидение орқали тўғридан-тўғри трансляция қилинди. Ёшлар терма жамоалари ўртасидаги учрашув бўлишига қарамай, стадионга минглаб ишқибозлар келишди. Бу қизиқишга ёшларимиз таркибида миллий терма жамоада бир нечта ўйин ўтказишга муваффақ бўлган футболчиларнинг борлиги ҳам замин яратди. Ўйлайманки, бундай йиғинларнинг аҳамияти беқиёс. Шуҳрат Мақсудов йиғин якунларини яна бир таҳлил қилиб чиқиб, ўз хулосаларини беради. Юқорида айтдим, бу терма жамоанинг тайёгарлигига катта эътибор қаратилади. Бу жамоамиз 2015 йилнинг март ойида Осиё чемпионатининг саралаш баҳсларида қатнашади. Терма жамоа олдига биринчи навбатда, саралаш баҳс­ларида муваффақиятли иштирок этиб, финал босқич йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Маълумки, янги тасдиқланган регламентга кўра, Осиё чемпионатининг финал босқичи тўғридан-тўғри Олимпиадага саралаш вазифасини ўтайди. Бу бундай форматда ўтказиладиган биринчи мусобақа ҳисобланади. Осиё футбол конфедерацияси шу йўл орқали Осиё чемпионатининг нуфузини оширишни мақсад қилган. Ярим финалга етиб келган тўртта омадли терма жамоа 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритади. Ҳали шу пайтгача терма жамоамиз Олимпиада ўйинларида иштирок этмаган. Аммо ҳозирги кунга келиб шаклланган терма жамоамиз бу нохуш анъа­нага чек қўйишга қодир, деб ўйлайман. Шуларни инобатга олган ҳолда, Шуҳрат Мақсудов жамоасининг тайёргарлигига катта эътибор қаратил­япти. Мураббийлар зиммасига ҳам масъулиятли вазифа юклатилган. Март ойидаги қитъа чемпионати саралаш баҳсларига ҳозирдан тайёргарлик бошлаб юборилган. Иш режалари - ўтказиладиган йиғин ва ўртоқлик учрашувлари белгилаб берилган. Унга кўра, декабргача ҳар ойда камида бир марта ўқув-маш­ғулотлар йиғини ўтказилади. Албатта, йиғин доирасида ўртоқлик ўйинлари ҳам ташкил этилади. Биргина август ойининг ўзида иккита хориж йиғинини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, ой бошларида Саудия Арабистонига сафар уюштирилади. У ерда шу мамлакат терма жамоаси билан иккита ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича келишиб олинган. Шунингдек, август ойининг сўнгги ўн кунлигида Иорданияда ҳам шундай иккита баҳс ўтказилади. Бундан ташқари, Тошкентда 3-4та терма жамоа иштирокида халқаро турнир ташкил этиш бўйича ҳам саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Энди миллий терма жамоалар ўртасидаги Осиё кубогини ҳам яқин келажакда жаҳон чемпионатига саралаш вазифасини ўтаб бериши режаси кўриб чиқиляпти. ОФК мутасаддилари бу бўйича изланиш олиб боришяпти. Балки 2022 йилги мундиал баҳсларига шу йўл орқали чипталар ўйналар?

- Асқар ака, яқинда ТЖМда бўлиб ўтган мураббийлар кенгаши йиғилишида айрим терма жамоаларга янги бош мураббийлар тайинланди. Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз.

- Ушбу йиғилишни шахсан Мираброр Зуфаровичнинг ўзлари ўтказди. Унда июнь ойида қилинган ишлар сарҳисоб қилинди. Июль ва август ойи режалари кўриб чиқилди. Шунингдек, сиз айтгандек, баъзи терма жамоаларимизга янги бош мураббийлар тасдиқланди. Жумладан, 1998 йилда туғилган ўсмирлар терма жамоамизга Александр Мочинов устозлик қиладиган бўлди. 1995 йилда таваллуд топган футболчилардан иборат жамоамизга эса Равшан Ҳайдаров бош мураббий этиб тайинланди. 2000 йилда туғилган футболчилардан таркиб топган ўсмирлар терма жамоасига Темур Олимхўжаев номзоди тасдиқланди. Шуҳрат Мақсудов ва Миржалол Қосимов ўз жамоаларида фаолиятларини давом эттиришади. Бу 5та жамоамизнинг ҳам яқин икки ой ичидаги режалари кўриб чиқилиб, тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди. Барча терма жамоаларимиз олдида катта вазифалар турибди.

- Бу йилги мусобақалар орасида энг нуфузлиси шубҳасиз, Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида бўлиб ўтадиган 17-Осиё ўйинлари ҳисобланади. Бўлажак мусобақада иштирок этадиган терма жамоамизнинг тайёргарлик режаси қандай?

- Албатта, Осиё ўйинларига катта эътибор қаратиляпти. Бу бежиз эмас. Чунки бундан роппа-роса 20 йил аввал Япония­нинг Хиросима шаҳрида бўлиб ўтган 12-Осиё ўйинларида терма жамоамиз тарихий ғалабани қўлга киритган. Ўша ғалаба ҳалигача катталар ўртасидаги терма жамоаларимиз учун ягона бўлиб турибди. Шу боис бу галги Осиё ўйинларига жиддий эътибор қаратиляпти. Асосий мақсад - 20 йил аввалги муваффақиятни такрорлаш. Шу мақсад йўлида ҳозир ишлар олиб бориляпти. Тайёргарлик режаси аллақачон тасдиқланган. Терма жамоа таркиби асосан 1991-1993 йилларда туғилган футболчилардан иборат бўлади. Шунингдек, регламентга кўра, уч нафар ёши катта футболчини ҳам таркибга қўшиш мумкин. Бу терма жамоани Инчхонга Миржалол Қосимов олиб боради. Қосимов ва унинг жамоасидан умидимиз катта. Режага кўра, 20-28 июль кунлари Тошкентда ўқув-машғулотлар йиғини ташкил этилади. Бу йиғинга 30 нафардан зиёд футболчи таклиф этилади. Йиғин олдидан барча ўйинчилар тиббий марказимиздан функционал жиҳатдан кўрикдан ўтказилади. Уларнинг бугунги ҳолатини аниқлаб оламиз. Бу мураббийлар учун жуда ҳам муҳим. Сабаби, ушбу йиғинга бир қатор янги номзодлар ҳам чақирилади. Йиғин доирасида иккита назорат учрашуви ўтказиш ҳам режага киритилган. Спарринг-рақиблар маҳаллий клубларимиздан танланади. Айни шу пайтда олий лига жамоалари иккинчи давра баҳсларига тайёргарлик кўраётган бўладилар. Бундай ўйин клубларимиз учун ҳам фойдадан холи эмас. Сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида ўзини ижобий томондан кўрсата олган футболчилар кейинчалик миллий терма жамоа таркибига ҳам таклиф этиладилар. Хабарингиз бор, 2015 йилнинг январь ойида Австралияда Осиё кубоги баҳслари ўтказилади. Қайсидир маънода Осиё ўйинлари Миржалол Қосимов учун қитъа чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Мураббий футболчиларнинг имкониятини чамалаб олади. Ўз ўрнида миллий жамоамизнинг ҳам Осиё кубогига йўналтирилган иш режалари тайёр. Режа бў­йича Боку шаҳрида Озарбайжон терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Тошкентда Янги Зеландия термаси билан ўтказадиган ўйинимиз бор. Бундан ташқари, Баҳрайн, БАА терма жамоалари билан ҳам ўртоқлик учрашувлари ўтказиш режалаштирилган. Табиийки, миллий жамоамиз олдига ҳам Австралияда ўтказиладиган Осиё кубогида катта вазифалар қўйиляпти.

- Осиё терма жамоаларининг Бразилияда якунига етиб бораё­ган ЖЧ-2014даги иштирокини қандай баҳолайсиз?

- Очиғини айтганда, Осиё шарафини ҳимоя қилган терма жамоалар ўз имкониятларидан бироз паст даражада иштирок этишди. 4та терма жамоа ҳатто битта ғалабага ҳам эришолмади. Тўғри, Эрон кучли гуруҳга тушганди. Форслар Аргентина билан ўйинда жуда яхши ҳаракат қилишди. Нигериядан очко тортиб олишди. Лекин Жанубий Корея ва Япония терма жамоаларида нисбатан олганда, «плей-офф»га чиқиш ёки ҳеч бўлмаса, битта ғалабага эришиш учун имконият бор эди. Энди бу жаҳон чемпионати ўзининг кутилмаган натижалари билан футбол ишқибозлар ёдида қолади. Ҳеч ким кутмаганда, Испания, Англия, Италия, Португалия терма жамоалари ҳатто гуруҳдан ҳам чиқа олишмади. Балки шуларни инобатга олган ҳолда, Осиё терма жамоаларини танқид қилмасак ҳам бўлар. Шу ўринда бир маълумот, ФИФА таклифига кўра, биз Ўзбекистондан уч киши жаҳон чемпио­натининг бронза медали соҳибини аниқлаб берувчи учрашув ҳамда финал ўйи­нини бевосита стадионда томоша қилиш мақсадида Бразилияга йўл оламиз.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 16:45, 10.07.2014.
Ўқилди: 6022 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.