20 июлдан бошлаб "Навбаҳор" иккинчи даврага тайёргарлик кўриш мақсадида навбатдаги йиғинга киришади. Мавсумнинг қолган қисмини яхши савияда ўтказиш ҳамда жамоавий ўйинни мукамаллаштириш учун 9 кун ичида 4 тўртта назорат учрашуви ўтказилади. 21 июль куни "лочинлар" Тошкентнинг "Пахтакор" жамоаси билан ("Пахтакор" ўйингоҳида) куч синашишса, 22 июль куни Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши ("Жар" ўйингоҳи) футболчиларимиз майдонга тушишади. 25 июль санасида "Навбаҳор" Самарқанднинг "Динамо" вакиллари билан, 30 июльда Ғузорнинг "Шўртан" билан ўзаро беллашади.
Таркибдаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, 14-тургача таркибни аъло даражага келтириш ниятида астойдил ҳаракат қилаётган мураббийлар штаби "Навбаҳор"га дарвозабон ва ҳужумчини излаб кўрди. Бироқ, мавсум ўртасида тажрибали дарвозабон топиш қийинлигини таъкидлаш жоиз.
Жамоа бош мураббийи Бахтиёр Ашурматовга керак бўлган ҳужумчилар Зоҳид Абдуллаев, Мўйдин Мамазулунов ҳамда Шерзод Ҳакимовнинг амалдаги клублари билан ҳамкорлиги борлиги сабабли, уларни "Навбаҳор"га олиб келишни иложи бўлмади. Шу боисдан легионер ўйинчиларга мурожаат этишга тўғри келди. Хусусан, иккинчи йиғинда украиналик Руслан Качурни мураббийларимиз кузатиб боришади. Шунингдек, кўрикдан ўтиш учун яна бир украиналик ҳужумчи Олександр Каблаш ("Гелиос") ҳам таклиф этилган. Ўзбекистон чемпионатининг 13-турида Самарқанднинг "Динамо" клубига қарши кечган ўйинда жароҳатланган Шаҳбоз Эркиновнинг ҳам "Локомотив" билан ўйингача тикланиши сўроқ остида турибди.
Мавсумнинг биринчи қисмини "Навбаҳор"да ижарада ўтказган "Бунёдкор" ҳимоячиси Шукурали Пўлатов эса катта эҳтимол билан иккинчи даврани "қалдирғочлар" сафида давом эттиради. Ушбу позициянинг яна бир вакили Тимур Яфаров эса жамоа билан хайрлашган. Шу боис марказий ҳимоя чизиғи кучайтирилишга муҳтож. "Гулистон" таркибида ҳаракат қилиб келган Акбар Саттаев агарда мураббийлар ишончини қозона олса, у билан шартнома тузилади.