Пойтахтимизда эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида дастлабки ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.
Маълумки, жаҳон чемпионатининг биринчи куни эркин кураш бўйича 57 кг, 70 кг, 86 кг, 125 кг. вазн тоифаларида саралаш ҳамда финал беллашувлари ўтказилилиб, мазкур мусобақаларда терма жамоамиз аъзоларидан Насибулло Қурбонов (-57 кг), Бекзод Абдураҳмонов (-70 кг), Илфат Ражабов (-86 кг) ва Қурбон Қурбонов (-125 кг) ғолиблик учун кураш олиб бордилар.
Қувонарлиси, мусобақанинг биринчи кунидаёқ совриндор бўлган спортчилар орасидан мамлакатимиз вакили ҳам ўрин эгаллади.
Вазни 70 кг.гача бўлган полвонлар беллашувида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Бекзод Абдураҳмонов саралаш босқичида дастлаб Венгрия, 1/8 финал босқичида эса эронлик полвонни мағлуб этиб, ¼ финалда туркиялик спортчига имкониятни бой берди.
Шундан сўнг бронза медали учун ўтиш мусобақасида баҳсларни давом эттирган Бекзод Абдураҳмонов биринчи беллашувда мисрлик Халил Иброҳимни, бронза медали учун кечган баҳсда эса тожикистонлик Залимхан Юсуповни мағлуб этиб, Тошкент гиламларида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида терма жамоамиз ҳисобига дастлабки медални келтирди.
Ушбу вазн тоифасида олтин медалга Хетик Цаболов (Россия), кумуш медалга эса туркиялик Якуб Гор сазовор бўлди. Иккинчи бронза медали Али Шабанау (Беларус)га насиб этди.
Бугун эркин кураш бўйича – 61 кг, - 65 кг, -74 кг, - 96 кг. вазн тоифаларида саралаш ҳамда финал мусобақаси ўтказилади. Мазкур беллашувларда Ватанимиз шарафини Хаёт Сайфуллаев (-61 кг), Ихтиёр Наврўзов (-65 кг), Рашид Қурбонов (-74 кг) ва Омар Омаров (-96 кг) ҳимоя қиладилар.