Кириш Регистрация

Одил Аҳмедов: «Клуб президенти текинга қўйиб юборишга ҳам рози, агарда...»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий термасининг навбатдаги йиғинига БАА, Россия, Украина ва Хитой чемпионатларида ўйновчи легионерларимиз ҳам келишди. Тўғриси, жамоамизни анчадан буён тўлиқ таркибда кўрмаётган эдик. Янги Зеландия термасига қарши ўйин олдидан олиб борилган машғулотлардан бири якунига етгач, Россиянинг «Краснодар» клубида тобора етакчилар қаторига қўшилаётган ярим ҳимоячи Одил Аҳмедовдан эксклюзив интервью олдик.

- Одил, сиз билан яна кўришиб турганимиздан хурсандмиз. Суҳбатимиз аввалида «Краснодар» клубидаги бир кунлик ҳаётингиз қандай ўтаётгани ҳақида маълумот берсангиз.

- Кун тартиби бевосита клубингизга боғлиқ бўлади. Масалан, «Анжи» ёки «Пахтакор»да ҳозиргидек кун тартибига эга эмасдим. «Краснодар»даги кундалик ҳаётим сал бошқачароқ. Масалан, ҳозирги жамоамда машғулотлар эрталаб ўтказилади. У якунига етганидан сўнг 3 соат клуб ихтиёрида қолишингиз шарт. Аввалдан белгиланган дас­тур асосида ишлаймиз. Қисқаси, у ердаги ҳаётим асосан футболга бағишланяпти. Эрталаб уйдан чиқиб кетиб, кечқурун қайтаман.  

- Машғулотлар жараёнида ҳам фарқ борми?

- Албатта. Бу нарса мураббийга боғлиқ. Ахир, ҳар бир мураббийнинг ўз иш услуби бор. 

- Миллий жамоамизнинг машғулотичи?

- Анчадан бери ҳозиргидек тўлиқ таркибда йиғилмагандик. Бу сафар мураббийлар таркибни иккига бўлишди. Ёшлардан иборат таркиб Иордания, қолганлар эса Янги Зеландия термасига қарши ўйинга алоҳида-алоҳида тайёргарлик кўришди.

- Миллий жамоадан илк чақирув олган кунни футболчи бир умр эслаб қолади. Айтингчи, ҳозир бундай чорловни қандай қабул қиласиз?

- Ҳалигача ҳаяжон босади. Ҳар бир футболчи учун миллий жамоа либосини кийиш орзу ҳисобланади. Айниқса, уйдаги ўйинларга таклиф этилганимда, икки ҳисса қувонаман. Чунки ҳар доим ҳам юртдошларимиз олдида ўйнаш насиб этавермайди. Тошкентда жуда кам бўламиз. Мухлисларни соғинамиз.  Шу ерда футбол ўйнашни бошлаганмиз ва ҳозирги даражага етишишимизда ишқибозларнинг ҳам ҳиссалари катта. 

- Укангиз Азим Аҳмедовга ҳам миллий жамоада ўйнаш бахти насиб этди. Олмалиқ шаҳрида Уммон термаси билан бўлган учрашувда бир неча бор унга дакки берганингиз эътиборимизни тортганди...

- Укамлиги учун ҳам бунга ҳаққим бор, деб ўйлайман. Қолаверса, бу жараён ўз бошимдан ўтган. Узоқда бўлсамда, ҳар доим қўнғироқ қилиб, Азимга керакли маслаҳатлар бераман. Зарур пайт танқид ҳам қиламан. Муҳими, даккиларимни тўғри тушунади. Маслаҳатларим унга асқотади, деб ўйлайман. Мана, ўзига яраша ютуқларга эришяпти. «Нав­баҳор»нинг асосий таркиб футболчисига айланди. Миллий жамоадан чақирув ола бошлади. Лекин камчиликлари ҳали кўп. Бу ҳақда унинг ўзига айтаман.

-  «Краснодар» сўнгги турда ўз уйи­да «Динамо»га имкониятни бой берди. Бу мағлубиятни Европа Лигаси доирасида «Реал Сосьедад»га қарши баҳсда кўп куч сарфлаб юборилгани билан изоҳласа бўладими?

- Тўғри, Сан-себастьянликлар билан жавоб ўйини қийин кечди. Лекин бу баҳонага ўтмайди. «Динамо» ҳам худди биз каби ўйин ўтказганди. Энди бу футбол. Ҳар доим ғалаба қозонишнинг имкони йўқ. Ўша куни рақиб бизга нисбатан яхшироқ тайёргарликка эга бўлгани учун 3 очкони қўлга киритди. Ҳали олдинда ўйинлар кўп: бу мағлубиятни ғалабалар билан ювишга ҳаракат қиламиз.

- Сизлардан йирик ҳисобда мағлубиятга учраган «Реал Сосьедад» ке­йин уйида «Реал Мадрид»ни «савалади». «Краснодар» эса Европа Лигаси гуруҳ босқичига чиқди. Жамоа мухлислари бундай ҳолатда мағлубиятни тўғри қабул қилишгандир...

- Ҳар ҳолда, улар бизга ишонч билдириб, далда бўлишяпти. Энди бунга муносиб жавоб қайтаришимиз керак.

- «Краснодар»нинг муваффақиятли одими сири нимада?

- Жамоавий ўйинда. Таркибимизда юлдуз футболчилар йўқ, ҳисоб. Ҳамжиҳатлик ва кучли интизом эвазига муваффақиятга эришяпмиз. Машғулот жараёнида ҳам жиддий тер тўкилади.  

- Қуръа натижасига кўра, Европа Лигаси гуруҳ босқичида Англиянинг «Эвертон», Франциянинг «Лилль» ҳамда Германиянинг «Вольфсбург» клубларига қарши ўйнайсизлар. Кўпчилик айнан шу квартетга «ўлим» мақомини беряпти. Шахсан сиз «Краснодар»нинг гуруҳдан чиқишига ишоняпсизми?

- Футболда ҳар қандай натижа бўлиши мумкин. Масалан, «Реал Сосьедад» билан ўйиндан олдин ҳамма испан клубига фаворит сифатида қараганди. Олдимизга кейинги босқичга чиқиш вазифаси қўйилган. Тўғри, кучли клубларга қарши ўйнаймиз. Лекин бу уларни мағлуб этолмаймиз, дегани эмас. Ўз ўйинимизни намойиш этсак, албатта, гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтамиз.

- Эътиборга молик жиҳати шундаки, собиқ жамоадошингиз Самуэль Это`Ога қарши майдонга тушишингиз мумкин. Камерунлик ҳужумчи яқинда «Эвертон» билан шарт­нома тузди. Бўлажак тўқнашувдан нималар кутяпсиз?

- Ҳа, Самуэль билан майдонда бир-биримизни тушуниб ҳаракат қилардик. Жуда тажрибали ҳужумчи. Энди рақиблар сифатида ўйнашимизга тўғри келади. Албатта, қизиқарли ўйин бўлиши турган гап.  

- Европа Лигасида ўйнаётган экансиз, кўзга кўринган скаутлар диққатини тортишингиз ҳеч гап эмас. Кучли клублардан таклифлар тушса, қандай қарайсиз?

- «Краснодар»га ўтганимга ҳали кўп бўлгани йўқ. Ўзи бирор жамоага ўтиш олдидан мақсад қилинади. «Краснодар» билан ютуқларга эришишни истайман. Клуб раҳбарлари, мураббийлар ва мухлислар ишонч билдиришганидан кейин муносиб жавоб беришингиз ҳам керак-да! Хуллас, ҳозир бош­қа жамоа ҳақида ўйлаётганим йўқ. Агар Европанинг кучли клубларидан таклифлар тушса, жамоа раҳбарияти билан ўзаро маслаҳатлашган ҳолда, бу масалани кўриб чиқамиз.

- Шартномангизда Европа клубидан манфаатли таклиф тушганида, раҳбарият қаршилик кўрсатмасдан қўйиб юбориши ҳақида банд борми? 

- Клубимиз президенти футболни яхши тушунадиган инсон. Европа жамоаларидан таклиф бўлса, ҳатто текинга қўйиб юборишга ҳам рози. Бунга қаршилик қилмайди. Энди ҳаммаси ўзимга боғлиқ. Европа Лигаси ўйинларида ижобий тарафларимни кўрсата олсам, кучли клублар назарига тушаман.  

-  Жорий мавсум «Краснодар» клуби олдига қандай вазифа қўйилган?

- Премьер-лигада совринли ўринлардан бирини қўлга киритишимиз керак. Мавсумни ёмон бошламадик. Агар «Динамо»ни мағлуб этганимизда, ҳозир 3-ўринни банд этиб турардик. Тан олиш керак, Россия чемпионати савия­си кўтарилиб, йилдан-йилга рақобат кучайиб боряпти. Турнир жадвалида «Зенит» йўқотишларсиз пешқадамлик қилаётган бўлсада, питерликларни ҳали чемпионлик билан табриклашга жуда эрта. Мавсум эндигина бошланди. ЕЧЛ гуруҳ баҳслари бошланганидан кейин «Зенит» ва ЦСКА клублари қийинчиликка дуч келишади. Кубокни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 3та мусобақада иштирок этиш қийинчиликларни юзага келтиради. Демоқчиманки, етакчи клублар ҳали очко йўқотишади. Умуман олганда, бизни олдинда қизиқарли учрашувлар кутиб турибди.

- Яқин дўстингиз Санжар Турсунов вақтида агар «Волга» чемпион бўлса, катта қозонда ош беришини айтганди. Мабодо «Краснодар» жорий мавсум чемпионлик шоҳсупасига кўтарилса, сиз бу ишни амалга ошира оласизми?

- «Краснодар» чемпион бўлмаган тақдирда ҳам, ош беришга тайёрман. Хабарингиз бор, «Анжи»да бу ишни бир неча маротаба амалга ошириб, дўст­ларимни меҳмонга таклиф қилганман. Агар «Краснодар» кучли учликдан жой олса, Санжар айтганидек, катта қозонда ош тайёрлайман.

- Юқорида айтдик, «Краснодар» сиз учун сўнгги манзил бўлиб қолмаслиги керак. Ҳарқалай, яқин келажакда Европанинг кучли бешлик чемпионатларидан бирида ўйнашингиздан умидвормиз. Бунинг учун инг­лиз тилини билиш ҳам жуда муҳим...

- Ўзи инглиз тилини мукаммал ўрганишни мақсад қилганман. Бу борада ўқитувчи ёлладим. Яқин кунларда сабоқлар бошланади. Инглиз тили фақат Европанинг кучли чемпионатларида керак бўлмайди. Ҳозирги клубимда ҳам легионерлар етарли. Улар билан мулоқотда ҳам инглиз тили асқотади.

- Миллий жамоа мавзусига қайтсак. Ҳозирда термани ёшартириш жараёни кетмоқда. Мана, Озарбайжон ва Иорданияга қарши учрашувларда Миржалол Қосимов ёш футболчиларга имконият берди. Бу жараёнга муносабатингиз қандай?

- Табиий ҳолат. Авлодлар алмашинуви ҳамма жамоада рўй беради. Ушбу жараёндан имкон қадар тезроқ ўтиб олинса, натижаларга салбий таъсир кўрсатмайди. Ёшлар - бизнинг келажагимиз. Лекин бирданига таркибни кескин ёшартириш ҳам ярамайди. Ёшлар кимдандир ўрганишлари керак-ку! Терма жамоа либосини кийиш оддий нарса эмас. Бу орқали футболчи яхшироқ клубга ўтиши мумкин. Терма жамоа - кенг имкониятлар майдони. Миржалол ака олиб бораётган ишларни қўллаб-қувватлайман. Иккала ўйинда ҳам ёшлар ёмон ҳаракат қилишмади. Улар энди халқаро ўйинларда тобланишлари керак.

- Ҳамма футболчилар ҳам профессионал фаолиятларини якунлашганидан сўнг мураббийликни танлайвермайдилар. Тасаввур қилайлик, Одил Аҳмедовдан келажакда қандай мураббий чиқиши мумкин?

- Мураббийлик жуда қийин соҳа. Фао­лиятим давомида бир неча мураббийлар қўл остида ўйнадим. Уларга қанчалик қийинлигини кўряпман. Шуни била туриб, мураббийликни танлашим нотўғри. Ўйлашимча, мендан яхши мураббий чиқмайди. Ҳарқалай, ҳозирги шароитда мураббийлик соҳасини танлаш ниятим йўқ. Лекин келажакда нима бўлишини билмайди киши. Балки вазиятнинг ўзи шунга тақозо этар. Айни пайт бор эътиборимни футбол майдонидаги фаолиятимга қаратганман. 

- Акангиз Ёқуб Аҳмедов санъат соҳасини танлади ва айни пайт турли роллар ижро этяпти. Фараз қилинг, Одил Аҳмедовни кинога таклиф этишди...

- Бунга рози бўлмасдим. Сабаби оддий - роль ижро этиш қўлимдан келмайди. Ҳар бир ишни ўзининг профессионали бажаргани маъқул.

- Таклиф этилган роль бевосита футболчи образи бўлсачи?

- Шундай тақдирда, буни ўйлаб кўрардим. Ҳар ҳолда, ўз соҳам, унчалик қийналмасам керак.

- «Краснодар» ихтиёрига қачон қайтасиз?

- Янги Зеландия билан ўйин­нинг эртаси куни Москва­га учиб кетаман. Режа бўйича 13 сентябрь куни «Урал»га қарши майдонга тушамиз. 

- Демак, майдонда Вагиз Галиулин билан тўқнаш келишингиз мумкин.

- Насиб қилса. У билан майдонда кўришишдан хурсанд бўлардим. 

- Суҳбатимиз охирида тилакларингиз бўлса, марҳамат...

- InterFutbol газетаси ўқувчилари, умуман, барча ҳамюртларимизни куни кеча кенг нишонлаганимиз - мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами билан табриклайман. Хонадонларига тинчлик-хотиржамлик, дастурхонларига файзу барака тилайман. Олдинда жамоамизни Осиё ўйинлари кутиб турибди. Бу мусобақада иштирок этадиган футболчиларимизга ҳам зафар ёр бўлсин. Миллий жамоамиз эса январь ойида Осиё кубогида қатнашади. Жаҳон чемпионатидаги омадсизликни айнан Авс­тралиядаги муваффақиятли иштирок билан тўғрилашни мақсад қилганмиз. Мухлислардан қарздормиз. Ўйлайманки, жамоамизни таъқиб этиб келган омадсизликлар ортда қолди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 17:55, 12.09.2014.
Ўқилди: 14213 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.