"Барселона" жамоаси Испания чемпионатида мавсумдаги илк очколарини йўқотди. Каталонияликларни ўз майдонида қабул қилган "Малага" ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Ушбу мавсумда ҳали ўз дарвозасидан гол олиб чиқмаган Энрике шогирдлари 5-турда 1 очко билан чекланишга мажбур бўлишди.
Ўйинда ҳисоб очилмаган бўлса-да, "Малага" бошқа жамоалар каби "Барселона" билан ўйинда ҳимояга ётиб олгани йўқ. Улар ҳимояда ишончли ўйнаш билан биргаликда, олдинга ҳам тез-тез ўтиб туришди, майдоннинг рақиб томонида прессинг уюштиришди. Қисқа қилиб айтганда, "Барса"га тўпни тўлиқ назорат қилишга, ўз ўйинини кўрсатишига имкон бермасликка ҳаракат қилишди. Мезбон мухлисларининг кучли қўллаб-қувватлаши ҳам "Малага" футболчиларига куч-қувват берди.
Буни кутмаган меҳмонлар ўз ўйинларини топиб олишга ва рақиб дарвозаси томон катта босим уюштиришга қийналишди. Стандарт вазиятлардан эса каталонияликлар фойдалана олишмади. Бу ўйинда "Барселона"га ижодкорлик, ностандарт ҳаракатлар етишмади, мезбонлар рақибнинг барча ҳаракатларини олдиндан ўқий олишди ва бартараф этишди.
Пешқадамнинг очко йўқотиши оқибатида жадвалнинг юқори қисмида интрига кескин ошиб кетди. "Севилья" ҳам ўз очколарини 13тага етказиб, "Барселона" билан тенглашиб олган бўлса, "Атлетико", Валенсия" ва "Реал" пешқадамлардан мос равишда 2, 3, 4 очко ортда боришмоқда.
Испания Ла лигаси, 5-тур
"Малага" – "Барселона" 0:0
"Малага": Камени, С.Санчес, Росалес, Велигтон, М.Торрес, Аньор (Ресио, 85), Дардер, Кастильехо (Хуанми, 77), Камачо, Дуда (Луис Альберто, 67), Амрабат.
"Барселона": Браво, Бартра, Дуглас (Адриано, 73), Пике, Альба, Педро (С.Рамирес, 64), Бускетс, Иньеста, Ракитич, Неймар (Мунир, 64), Месси.
Огоҳлантиришлар: Дуглас (70), Росалес (73), Пике (83), Велигтон (83).