Ўзбекистон терма жамоасининг муваффақиятсизликлари учун мураббий барча масъулиятни ўз зиммасига оладиган пайт келди. Об-ҳаво, иқлим, омад, ҳакам, журналистлар, мухлисларнинг комментлар, кампаниявозлар каби сафсафаталарни тўхтатиш керакдир балки?
Ўзини ҳурмат қилган одам Осиё Ўйинларидаги шармандаликни омадсизликка боғламайди. Бунинг номи ҒОЯСИЗЛИК дейилади. Ўзи Миржалол Қосимов терма жамоанинг ўйинини қандай қурмоқчи? Ниманинг эвазига? Жамоанинг таянч нуқтаси қаерда? Мураббий ҳужумкор ўйин услубини шакллантириш қарор қилибди. Яхши, жуда зўр. Лекин ниманинг эвазига, қандай қилиб? Бунинг учун мураббий ва футболчиларнинг салоҳияти етарлими? Кўрпамизга қараб оёқ узатяпмизми?
Биз Гвардиола пайтидаги "Барселона"мидикки, исталган жамоани ўзимизнинг ўйин услубига "ўтқазиб" қўйсак? Ана ўша "Барса" ҳам тўпни йўқотган заҳоти, майдоннинг қаерида бўлишидан қатъий назар жамоавий прессингга киришади ва тўпни эгаллаб олмагунча тиним билмайди, рақибни "еб" қўярди. Бугунги ўйинни эринмасдан яна бир марта кўриб чиқинг, тўпни йўқотганимиздан кейин бирор марта ҳам жамоавий прессингга киришмадик.
Ҳа, футболчиларимиз техник жиҳатдан кучли, улар иқтидорли. Аммо ана шу иқтидорларни бир мақсад йўлида бирлаштирадиган, бир муштга айлантирадиган мураббий топилмаётганини бугун очиқ-ойдин тан олишимиз керак. Миржалол Қосимов яхши инсон, фидойи футболчи бўлган. Аммо бугунги кунда унга мураббийлик салоҳияти етишмаяпти. Футболчиларимизнинг маҳорати эвазига ҳужумкор ўйин қилаверамиз, ўхшаб қолса, ғалаба қозонамиз, ўхшамаса, айбни омадга юклаб қўя қоламиз. Жамоамиз Саудия каби рақибларни ҳар томонлама "янчиб" ташлагандек кўринаверади, аслида эса палапартишлик қилаётганимизни билмаймиз. Буни билган мутахассислар эса оғиз жуфтлаб гапира олишмайди.
Бизда ҳаммаси аросат! Ўйинимиз на ҳужумкор, на ҳимоявий, на қанотлардан фойдалана оламиз, на стандартлардан. Ўзи бизнинг кучли томонимиз нимадан иборат? Биз муқим бўлган қандай пойдевор устида турибмиз? Ўзимизга хос ва мос бўлган битта ўйин услубини шакллантириш наҳотки қийин? Тўғри, биргина ўйин услубини шакллантириш учун йиллар керак, аммо ўша бешафқат вақт тўхтамасдан ўтиб кетмоқда. Биз эса ҳеч нарсага эришмаяпмиз.
Бугунги ўйиндаги айрим футболчиларни инобатга олмаганда, қолган барча футболчилар билан Қосимов 5 ойдан бери бирга ишламоқда. Жамоани Осиё Ўйинларига тайёрлади. Мана шу ярим йил вақт қандайдир ўйин суратини юзага келтириш учун етарли эмасми? Боз устига, Инчеонда 4та расмий ўйин ўтказдик. Шунча ҳаракатлардан кейин бугунги ўйинда футболчиларнинг ўзаро тушунувчанлиги, тактика борасида мутлақо муаммо бўлмаслиги керак эди. Аммо ундай бўлмади-ку, барчаси аксинча-ку! Футболчиларимиз тушкун ҳолатдан чиқиб кета олишмаган дейдиганлар топилса, мабодо, демак, Қосимов психолог эмасканда? Ўн кунда жамоани янги ўйин учун руҳлантириш, ўша мағлубиятни эсдан чиқариш қўлидан келмаптида?!
Футбол тасодифлар устига қурилган ўйинга ўхшасада, замонавий футболда асло ундай эмас. Мураббийлар майда-чуйда нарсаларгача барча нарсани инобатга олишади. Биз эса тасодифга асосланган футболимиз билан ЖЧга чиқмоқчи бўляпмиз, Осиё кубоги-2015да ярим финалгача бормоқчимиз. Билмадик.
Тағинам, бахтимизга кучли чемпионатларда ўйнаётган 3-4 нафар легионерларимиз бор. Улар терма жамоанинг юраги, таянч нуқтаси. Акс ҳолда келишилган ўйинларда ўз ролларини "юксак маҳорат" билан бажараётган футболчилар билан фақат ва фақат шарманда бўламиз. Келишилган ўйинлар йўқлигини қайта-қайта таъкидлаётган мураббийларга, Иноятовга, Лутфулинга ва унга қарши курашмаётган мутасаддиларга инсоф тилаб қоламиз.
Халқаро ўртоқлик ўйини
ҚАТАР - ЎЗБЕКИСТОН - 3:0 (2:0)
Голлар: Себастян Сория Куинтана (18), Ҳасан ал-Ҳайдос (44), Машъал Абдуллоҳ (65)
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Шуҳрат Муҳаммадиев (Акмал Шораҳмедов 46), Егорь Кримец (Шавкат МУллажонов 83), Бобур Йўлдошев, Салим Мустафоев, Жавлон Иброҳимов (Фозил Мусаев 65), Жамшид Искандаров, Владимир Козак, Сардор Рашидов (Фаррух Сайфиев 70), Игорь Сергеев, Воҳид Шодиев (Наврўз Алимов 70)