«Барселона» бош мураббийи Луис Энрике «Эйбар»га қарши ўйин олдидан саволларга жавоб бериб ўтди.
– Терма жамоалар ўйинлари туфайли юзага келган танаффус клубнинг олдинда турган ва келаси ҳафтада "Реал"га қарши бўлиб ўтадиган ўйинига қандай таъсир кўрсатади?
– Мен эътиборимни фақат олдимизда турган ўйинга қаратаман. Аввал "Эйбар"га қарши ўйинни ўтказиб олишимиз керак. Бу жамоа яхши ўйнамоқда. Улар бизга муаммо туғдириши мумкин. Мен шундан хавотир оляпман.
– «Эйбар»дан нималар кутяпсиз?
– «Эйбар» – ёпиқ ўйин қиладиган жамоа эмас. Улар сафар баҳсларида яхши натижалар қайд этишмоқда. Мен бу жамоа ўз жарима майдончасидан олисда ҳам прессинг қилади, қарши ҳужумда яхши ҳаракат қилади ва ҳимояга тез қайтади.
– Педронинг аҳволи қанақа?
– У машғулотларда яхши иштирок этди ва эртага бошланғич таркибда майдонга тушади. Ўйлайманки, у жамоага кўп нарса бера олади. Педронинг формаси ҳақидаги гап-сўзлар қаердан келганини билмайман.
– Пике полиция билан бўлган жанжалдан кейин қандай яшамоқда?
– Футболчилар ҳаётида турли нарсалар содир бўлади. Мен уларни муҳокама қилиб ўтирмайман. У узр ўради, шунинг ўзи мен учун етарли.
– Суарес ўйинларга 100 фоиз тайёрми?
– Айтиш қийин. Илк машғулотлар билан таққослаганда, у ўзини яхши ҳис қилмоқда. Уругвай терма жамоаси сафида ўтказган ўйинлар унинг фойдасига ишлади. Суарес 100, 90 ёки 80 фоиз тайёми, мен буни билмайман, лекин Луисда ортиқча вазн йўқ. Сиз уни кўрдингиз.
– Суарес жамоага киришиб кетганидан кейин Мунир ва Сандро «Барселону Б»га ўтказиладими?
– Ҳали қарор қабул қилинмади. Биз таҳлил ўтказамиз. Вазият ўзгарувчан бўлиши мумкин. Бу футболчилар биз билан шуғулланиб, иккинчи жамоа ўйинларида иштирок этиши мумкин. Барчаси Мунир ва Сандронинг ўзига боғлиқ.