"Барселона" саккизинчи турда ҳам ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаган ҳолда, навбатдаги ғалабани қўлга киритди. Ваҳоланки, "Камп Ноу"да меҳмон бўлган "Эйбар" каталонияникларнинг "қуруқ" сериясига барҳам бериши мумкин эди, агар биринчи бўлимда юзага келган иккита вазиятдан фойдалана олганида.
Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида Андер Капа дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқиб кетди ва Бравони алдаб ўтди, аммо ўткир бурчак остида бўш қолган дарвозага тўпни йўллай олмади. Орадан кўп ўтмасдан Браво жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди. Олис масофадан етказилган узатмадан кейин Саул Берйон дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқди ва зарба берди. Клаудио қорни билан зарбани қайтарди. Ўйиннинг 20-дақиқасида Мессида яхши имконият юзага келганди. У тўпни Хавига узатиб, ўзи қайта қабул қилиб олди ва ўткир бурчак остида дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетди. Аммо унинг зарбасини посбон оёғи билан қайтарди.
Биринчи бўлимда бироз эриниброқ ҳаракат қилган Луис Энрике шогирдлари иккинчи бўлимда барчасини ўз жойига келтиришди. Ушбу мавсумда Ла лиганинг энг яхши ассистенти бўлиб турган Месси яна ўз маҳоратини ишга солиб, Хавини бирга-бир вазиятга чиқарди. Жамоа сардори имкониятдан тўлиқ фойдаланди. 72-дақиқада Алвеснинг узатмасидан сўнг Неймар тўпни ерга туширмасдан дарвозага жойлади. Икки дақиқа ўтиб Месси-Неймар-Месси комбинацияси чиройли гол билан якунланди.
Ушбу ғалабадан кейин "Барселона" ўз очколарини 22тага етказиб, "Реал" билан орадаги 4 очколик фарқни яна тиклади.
Испания Ла лигаси, 8-тур
Барселона – Эйбар 3:0 (0:0)
Голлар: 1:0 – 60 Хави, 2:0 – 72 Неймар, 3:0 – 74 Месси.
Барселона – Браво, Дани Алвес, Пике, Альба, Матье, Хави, Маскерано, С.Роберто (Иньеста, 55), Педро (С.Рамирес, 71), Неймар (Мунир, 77), Месси.
Эйбар – Ирурета, Альбентоса, Лильо, Экиса, Минеро, Берхон (Ньето, 77), Эррасти, Капа (Д. Боатенг, 75), Дани Гарсия, Лара (Пьоваккари, 57), Боведа.
Огоҳлантиришлар: Неймар (40), Лильо (45), Лара (53), Иньеста (82).