Бугун Жанубий Корея кей-лигасида кеча бошланган 32-тур ўйинлари давом этди. Турнинг энг қизиқарли ва драматик ўйинларидан бири Сувонда махаллий "Сувон" ва "Сеонгнам" жамоалари ўртасида кечди.
Майдон эгалари мамлакат чемпионатида 2-ўринни эгаллаган ҳолда чемпионлик учун курашаётган бўлса, аксинча, меҳмонлар кей-лиагада жон сақлаб қолиш учун курашаётганди. Шунинг учун катта аҳамиятли ўйинда ҳар икки жамоа учун ғалаба жуда зарур эди.
Учрашувнинг 3-дақиқасидаёқ сувонликлар Ким До Ҳённинг голи эвазига ҳисобни очишган бўлса, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Ким Донг Соб мувозанатни тиклади- 1:1. Асосий воқеалар иккинчи бўлимда кечди. Ўйин тугашига 9 дақиқа вақт қолганида Сувоннинг шимолий кореялик хужумчиси Жонг Тэ Сэ майдон эгаларини яна ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ўйин шу ҳисобда тугайдигандек эди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар якунланишига 20 сония қолганида ҳимоячилар ва дарвозабоннинг ўзаро тушунмовчилигидан унумли фойдаланган терма жамоамиз сардори Сервер Жепаров жамоасини муқаррар мағлубиятдан қутқариб қолди.
Бу ўйинда Сервер иккинчи бўлимда майдонга тушганди. Жароҳатидан фориғ бўлган бразилиялик Валдивия яна асосий таркибда туша бошлади. «Сеонгнам»нинг бу мавсумда тайинланган учинчи мураббийи Ким Ҳак Бом олдига жамоани кей-лигада олиб қолиш вазифаси қўйилган. Ким Ҳак Бомни Кореяда Алекс Фергюссонга қиёслаб "Ҳак Бомсон" дея аташади. Бугун гол киритиб, жамоага улкан фойдаси теккан бўлса-да Ким Ҳак Бом ўйиндан кейин корейс ОАВларига берган интервьюсида Жепаровдан кўнгли тўлмаётганлигини қистириб ўтди. Корейс мураббийнинг фикрича, Сервер терма жамоа ўйинларидан клуб ихтиёрига формасини йўқотган ҳолда қайтмоқда.
"Масала иккинчи бўлимда ҳал бўлишини ўйлаб, шогирдларимга биринчи бўлимда эҳтиёткор ўйнашни уқтиргандим. Ўйин тугашига саноқли сониялар қолганида мағлубиятга учраётган бўлсак ҳам негадир руҳан ҳотиржам эдим. Бугун мағлубиятга учрашни хаёлимга ҳам келтирмагандим. Гол киритган бўлса ҳам Сервер Жепаровнинг ҳолатидан унчалик кўнглим тўлаётгани йўқ. У Ўзбекистон терма жамоаси ихтиёридан клубга чарчоқ ва формасини йўқотган ҳолда қайтмоқда. Бугун у менга умуман ёқмади. Жудаям оғир ўйин қилди. 22 октябр куни Корея футбол ассоцияцияси кубоги ярим финалида «Чонбук»ка қарши ўйинни ўтказамиз ва бугундан тайёргарликни кучайтиришимиз зарур", - деди Ким Ҳак Бом.
Отабeк Йўлдошeв
Жанубий Корeя, Сeул