Ўзбекистонлик футзалчи Фарҳод Абдумавлонов ушбу мавсумда Қозоғистоннинг ЦСКА клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Бошланган мавсумни қўшиб ҳисоблаганда Фарҳод уч йилдан бери қўшни мамлакат чемпионатида ўйнаб келмоқда. Қозоғистонда ундан бошқа ўзбекистонлик футзалчилар қолмади. Абдумавлонов Sports.kz сайтига интервью берди.
— Фарҳод, Қозоғистон чемпионати сизга нимаси билан қизиқарли?
— Аввало Қозоғистон чемпионатида кучли жамоалар ўйнамоқда. Клублар эса легионерлар ҳисобига кучли. "Қайрат", "Тулпар", "Аят" каби жамоаларга қарши майдонга чиқиш қизиқарли.
— Молиявий жиҳатдан Қозоғистонда ўйнаш манфаатлироқми ёки Ўзбекистонда?
— Ушбу йилдан ўзбек клублари молиявий жиҳатдан ўсишга эришишди. Бу томонлама вазият тахминан тенг. Балки Қозоғистон бироз устунроқ бўлиши мумкин.
— Қайси чемпионат савияси юқори?
— Албатта Қозоғистон чемпионати савияси юқори. УЕФА кубоги соҳиби "Қайрат"нинг иштироки чемпионатга алоҳида савия бағишлайди.
— Ўтган йилларда Қозоғистон чемпионатида бир неча нафар ўзбекистонлик легионерлар ўйнашганди. Ҳозир эса бир ўзингиз қолдингиз.
— Қозоғистон клубларидан бошқа йигитларга ҳам таклифлар бўлганди. Кимгадир жароҳат халал берди, кимдир ўзимизда қолишга қарор қилди. Баъзилар бошқа мамлакатларга йўл олишди. Масалан, Шуҳрат Тожибоев ҳозирда Хитойнинг "Гуанжоу" клубида ўйнамоқда. Футзалчиларда Қозоғистон чемпионатида ўйнаш хоҳиши бор, ўйлайманки, иккинчи давра олдидан ўзбекистонлик футзалчиларни кўришингиз мумкин бўлади.
— Сиз Қозоғистон чемпионатида 2 йил давомида 68та гол уришга муваффақ бўлдингиз. Ушбу мавсумда ҳам биринчи турдан кейин тўпурарлар баҳсида пешқадамлик қиляпсиз (4та гол). Ушбу мавсумда нечта гол уришни режалаштиряпсиз?
— Ҳар бир ўйинчи ўз олдига турли мақсадларни қўяди. Кимдир гол уришни яхши кўради. Ҳар бир ўйиндан аввал Оллоҳдан гол уришимни ва жамоага ёрдам беришимни сўрайман. Бунинг учун омад ҳам керак. Аниқ режа йўқ, рекордни янгилаш ниятим йўқ. Энг асосийси ўзимга, шерикларимга ва омадга умид қилишим керак.
— Нима учун айнан ЦСКАни танладингиз?
— Ўтган йиллар давомида бу жамоани кузатиб бордим, унинг таркибида асосан ёш йигитлар ўйнашади. Менга қўнғироқ қилиб, кучли жамоа шакллантирилаётганини ва жамоага ёрдам беришимни сўрашди. Ушбу мавсумда бўлмаса ҳам, жамоа кейинги йилларда медаллар учун курашади. Билишимча, ушбу жамоани шахсан Мудофаа вазирининг ўзи назорат қилмоқда. Менга ишонч билдирган клуб раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Ўз олдига жиддий мақсадлар қўйган жамоада ўйнаш ёқимли. Жамоадаги муҳит аъло даражада. Аввал "БТА Футзал"да Асхат Альжаксин ва Гриша Шамро билан бирга ўйнагандик. Қолганларни ҳам Қозоғистон чемпионати ўйинлари орқали танирдим.
— Тошкентда терма жамоалар иштирокида халқаро мусобақа ўтказилади. Унда Қозоғистон терма жамоаси ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
— Ҳа, терма жамоалар иштирокидаги мусобақа қизиқарли ўтиши кутилмоқда. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбойжон ва Беларусь терма жамоалари иштирок этиши режалаштирилган. Мен терма жамоадан таклифнома олдим ва 25 ноябрь куни Тошкентга учаман. Ушбу баҳсларни интизорлик билан кутаман.