Спортчилар, айниқса, футболчиларнинг оилалари ҳамиша мухлисларни қизиқтириб келган. Энди бу табиий ҳолат. Хориж матбуоти ҳам ҳамиша машҳур оилаларни «нишон»га олади ва ўз саҳифаларида мунтазам бу мавзуга катта эътибор қаратади. Газеталар ададининг ошиши, сайт саҳифаларига ташриф буюрувчилар сонининг ортиши, кўрсатув томошабинларининг кўпайишига оила мавзунинг кенг ёритилиши сезиларли таъсир ўтказади. Бугун биз сизларни ўзимизнинг Шацкихлар оиласи билан яқиндан таништирамиз. Максимга ортиқча таъриф беришнинг ҳожати йўқ. Унинг рафиқаси Олеся эса касбий йўналиши бўйича молиячи. Камина Олеся билан бир маҳаллада катта бўлганим учун уларнинг оиласини яхши биламан. Демак, бугун Олеся билан суҳбат асосида Шацкихлар оиласига яна бир бор назар ташлаймиз.
- Олеся, келинг, суҳбатимиз аввалида Максим билан илк учрашувингиз ва қандай танишганингиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Бажонидил. Биз илк бор 1995 йилнинг 30 август куни кўришгандик. Ўша куни Максим 17 ёшга тўлган ва дўстлари даврасида туғилган кунини нишонлаганди. Дугонам Макснинг дўсти билан яқин таниш эди. Қисқаси, оқшомга у билан бирга боришимга тўғри келган. Мени даврадагиларга яқиндан таништиришди ва кечанинг ўрталарига бориб, Максим рақс тушишга таклиф қилди. Айтишим мумкин, у жуда уятчан йигит эди. Орадан бир неча кун ўтиб, Макс мени учрашувга чақирди. Шахсан ўзи эмас, дугонам орқали. Унинг уятчанлигини шундан ҳам билса бўлади.
- Максим илк учрашувда сизга қандайдир совға берганмиди?
- Ҳа, эсимда, у оқ рангли шоколад ва гул олиб келганди. Биз ўша пайт ёш бўлганимиз учун ота-оналаримиз қарамоғида эдик. Пулни ҳам улардан олардик. Ҳозиргидек, тилла узук, машина ёки бошқа қандайдир қимматбаҳо совғалар ҳақида гап ҳам йўқ эди. Максимнинг машинаси бўлмагани учун сайрга кўпинча яёв чиқардик. Шу-шу анча пайт кўришиб юрдик. Орада уни Россияга таклиф этишди. Ўзи 14 ёшидаёқ Россия клубларида имкониятини синаб кўриш мақсадида уйидан кетганди. Хуллас, илк учрашувимиздан 5 йил ўтиб, 2000 йили турмуш қурдик. Унгача тўй қилолмасдик. Биринчи навбатда, молиявий ҳолатимиз унча яхши эмасди. «Динамо»га кўчиб ўтгани учун биринчи галда, Киевдан ўзимизга квартира харид қилишимиз керак эди. Тўйимиз ҳам Киев шаҳрида бўлиб ўтди. Мавсум якунлангач, аниқроғи, 19 ноябрь куни дўстлар, қариндошлар даврасида никоҳ тўйимизни ўтказдик. Чамаси 140 киши висол оқшомида иштирок этганди. «Динамо» раҳбарияти Украинада машҳур «Стрельки» гуруҳини тўйга тўёна сифатида таклиф қилганди. Хуллас, ҳамма яйраган. Тўйнинг эртаси куни асал ойини ўтказиш учун Таиландга жўнаб кетдик. Бизга Максимнинг «Динамо»даги дўстлари ҳам ўз оила аъзолари билан ҳамроҳлик қилишди. Максим 1999 йили «Динамо» билан шартнома имзолагач, қисқа фурсат ичида ОАВ ходимларининг нигоҳини ўзига қаратганди. Мухлислар орттирди. Табиийки, улар орасида мухлисалар ҳам бор эди (кулади). Албатта, рашк қилардим. Чунки кунда, кунора севги сатрлари битилган мактублар келарди. Лекин турмуш ўртоғимга ишонардим. Бу кучли ишонч ҳалигача сақланиб қолган.
- Сизда футболга меҳр Максим сабаб ниш урдими ёки унгача ҳам миллионлар ўйинини томоша қилардингиз?
- Очиғини айтсам, футболга қизиқмасдим. Максим билан танишганимиздан сўнг аста-секин бу спорт турига эътибор қарата бошладим. Икл бор кўришганимизда, у менга футболчи эканлигини айтганди. Ўшанда сўзларига унчалик парво қилмагандим. Шунчаки, ҳаваскор сифатида шуғулланаётган бўлса керак, деб ўйлагандим. Рости, келажакда футбол орқали рўзғор тебратиши, оилани таъминлашини тасаввур ҳам қилмаганман. Бугунга келиб, нафақат Максим иштирокидаги ўйинлар, балки Европанинг кўзга кўринган клублари ўртасидаги қизиқарли учрашувларни ҳам телевизор орқали мунтазам томоша қиламан.
- Ҳаётда футболчининг рафиқасига осонми?
- Ўзига яраша ижобий ва салбий томонлари бор. Қийин тарафи - турмуш ўртоғингиз уйда жуда кам вақт бўлади. Узоқ муддатли сафарлар сабаб кўп вақтини оила даврасидан ташқарида ўтказади. Айниқса, олдинлари кўп бўлмасди. «Динамо» таркибида Чемпионлар Лигасида мунтазам сафар ўйинларига борарди. Бир неча ҳафтага чўзиладиган ўқув-машғулот йиғинлари, миллий терма жамоага чақирилган вақтлари... Яқинда Ўзбекистон миллий жамоаси билан хайрлашганидан сўнг сафарлари бирмунча камайди. Фурсатдан фойдаланиб, Тошкентда Максим учун хайрлашув ўйини ташкил этиб берганлар, хусусан, терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов, федерация раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Максим ҳам бу учрашувнинг ташкил этилишидан ғоят хурсанд бўлди. У фаолияти давомида терма жамоа таркибида кўплаб рекордларни янгилади. Ўйлайманки, ўзбекистонлик футбол ишқибозлари Максимдан кўп йиллик фаолияти учун миннатдорлар.
- Оилада ўзаро келишмовчиликлар ҳам бўлиб турадими?
- Бусиз иложи йўқ. Лекин жуда тез келишиб оламиз. Биз узоғи билан 2 кун гаплашмаймиз, кейин ҳаммаси ўз изига тушиб кетади. Аммо бундай ҳолатлар кўп кузатилмайди. Аввал бошдан келишиб олганмиз, агар уришиб қолсак, араз онлари узоқ давом этмайди. Мана, қарийб 20 йилдан бери биргамиз. Ўзаро характеримизни жуда яхши биламиз.
- Фарзандлар тарбияси билан ким кўпроқ шуғулланади?
- Уйда кўпроқ мен бўлганим учун бу вазифа асосан менинг бўйнимда. Макс билан икки қизни вояга етказяпмиз. Катта қизим Рената 19, кичиги Кристина 12 ёшда. Анча эрта турмушга чиққаним учунми, Рената билан худди опа-сингиллардек муносабатда бўламиз. Лекин иккала қизим ҳам футболга қизиқмади. Ҳарқалай, ота касбини давом эттириш ҳақида бирор марта ҳам айтишмаган. Кристинадан яхшигина енгил атлетикачи чиқиши мумкин. Чунки унинг тезлиги юқори. Кристинага айнан енгил атлетика билан шуғулланишни тавсия қилишяпти. Биз Максим билан бу ҳақда гаплашиб кўрганмиз. Иккала қизим ҳам гимнастика ва рақс тўгарагига боришган.
- Максим қаттиққўл отами?
- Ундай деёлмайман. У жуда меҳрибон ота. Қаттиққўллик кўпроқ менга хос (кулади). Ёшликларида уришиб турардим. Лекин ҳозир улғайиб қолишди. Кези келганида овозимни баландлатиб гапирсам, ҳаммаёқ сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолади. Максим уйда бўлган вақт, агар зарурат туғилса, салгина баландроқ оҳангда гапирса, шунинг ўзи кифоя қилади. Болаларнинг қандай тарбия остида ўсишлари атроф-муҳитга ҳам боғлиқ. Дўстлари, таҳсил олаётган билим юртлари - буларнинг ҳаммаси фарзандларнинг тарбиясида акс этади. Қизларимга қандай муҳитда туғилиб-ўсганим, болалик йилларим ҳақида гапириб бераман. Кўз тегмасин, сўзларимни қулоқларига олишади. Рената илм олишга қизиқади. Кўп вақтини китоб мутолаасига сарфлайди. Албатта, бундан бирдек хурсандмиз.
- Максим футболдан ташқари, яна нимага қизиқади?
- Балиқ ови унинг жону дили. Қаерга борсак ҳам, биринчи галда қиладиган иши - қаерда балиқ овлаш мумкинлигини суриштириш. Эсимда, энг катта ови 35 кг. вазнга эга бўлганди. Бу балиқни Тошкентда тутганди. Шунингдек, Максим бильярд, боулинг каби спорт турларига ҳам қизиқади. Ўзимга келсак, уй ҳайвонларини боқишни яхши кўраман. Бир пайтлар Бакс лақабли овчарка зотли итим бўларди. Яна Кноп лақабли мушугим ҳам.
- Яна қандай қизиқишлари бор?
- Футболкаларни коллекция қилади. Ўйинларда алмашган футболкалари орасида анча машҳур юлдузларники ҳам бор. Бирга сафарларга борганда ўзимиз билан олиб келган буюмларни ҳам йиғиб борамиз.
- Қайси байрамларни оилавий тарзда нишонлайсизлар?
- Биринчи галда, туғилган кунларни. Лекин ҳар доим ҳам Максим уйда бўлмайди. Клуб ва терма жамоа ихтиёрига кетган чоғлари таваллуд кунларни ўзимиз қизлар билан тантана қилимизга тўғри келарди. Асосан Янги йил байрамида оиламиз тўлиқ ҳолга келади. 8 март куни эса ҳамиша ҳам совға олавермаймиз (кулади). Чунки ҳозир айтганимдек, Максим ҳар доим ҳам уйда бўлавермайди. Лекин бундан хафа эмасмиз.
- Қайси футболчилар билан оилавий борди-келдилар йўлга қўйилган?
- Максим қайси жамоада тўп сурган бўлса, албатта, ўша клубдаги яқин дўстлари билан оилавий ришталар боғланган, борди-келдиларимиз бўлган. Кейинчалик тақдир тақозоси билан бошқа шаҳарга кўчиб ўтганида ҳам, бир-биримиз билан қўнғироқлашиб турамиз. Масалан, «Арсенал» клубидаги футболчилардан Старгородский, Матюхин ва Даниловнинг оиласи билан жуда яқинмиз. Киевнинг «Динамо» клубида ҳам кўп дўстлар орттирган. Улардан Гусин, Хацкевич, Белькевич, Кардаш, Головкони айтишим мумкин. Афсуски, улардан айримлари ҳозир орамизда йўқ.
- Сизнингча, Максимдан қандай мураббий чиқиши мумкин?
- Билмадим. Ҳозирча у футбол ўйнашда давом этяпти. Ҳали мураббийлик ҳақида ўйламаяпти. Мураббийлик соҳасини танлаган тақдирда, ундан яхши мутахассис чиқишига ишонаман. Чунки мураббийлик учун ҳамма нарсаси бор: тажриба, характер, режим асосида ишни ташкил этиш ва ҳоказо...
- Яқинда у томонидан ўрнатилган рекордни қандай қабул қилдинглар?
- Албатта, бундан хурсанд бўлдик. Ребровнинг 123та голлик рекордини янгилаб, тарихга кириш - бу катта иш. Максим Украина футболи тарихидан жой олганидан роса қувондик. Ўша куни тинимсиз қўнғироқлар бўлди. Дўстлари, қариндошларимиз рекорд билан табриклашди. Бундан буён урадиган ҳар бир голи билан ўз рекордини янгилаб бораверади. Лекин шуни айтишим мумкин, Максим айнан рекордни янгилаш учунгина футбол ўйнамаётганди. «Ҳали кучим бор, ёшлардан жисмоний жиҳатдан қолишмаётган эканман, ўйнашда давом этаман», деб ўзи кўп бор такрорлайди.