Формула-1 тиббий штаби собиқ раҳбари Гари Хартстейн Михаэль Шумахернинг бир неча йил ичида вафот этишини айтди. Бу ҳақда Daryo.uz хабар бермоқда.
«Шумахер каби беморларнинг умри бир неча ойдан бир неча йилгача давом этиши мумкин. Ҳозирда дунё Михаэль билан видолашиш босқичида турибди», — деди шифокор.
Етти карра Формула-1 чемпиони ўзининг Швейцариядаги уйидаги яшаб, реабилитация курсини ўтамоқда, бироқ унинг соғлиғи ҳақида хабар берилмаяпти. Собиқ пойгачини парваришлаш бўйича тиббий процедуралар ҳафтасига 100 минг фунт стерлингга баҳоланмоқда.
«Вақт кетмоқда ва унинг аҳволи яхшиланиши эҳтимоли ҳам камайиб бормоқда», — деди Хартстейн.
Шумахер 2013 йил 29 декабрда Франциядаги Алп тоғларида чанғи учаётганида бошидан оғир жароҳат олган ва узоқ вақт сунъий кома ҳолатида бўлган. Июнь ойининг сўнгида унинг комадан чиққани ва Лозаннадаги реабилитация шифохонасига олиб келингани ҳақида хабар тарқалган. Шундан сўнг, сентябрь ойи ўрталарида Шумахернинг касалхонадан чиқарилгани маълум қилинди.