Бугун Жанубий Кореяда нуфузли «Sports Choson» интернет нашри «Сеонгнам»да тўп сураётган Ўзбекистон терма жамоаси сардори Сервер Жепаровни кескин танқид қилиб чиқди.
Нашр «Сеонгнам» клубидаги манбалари асосида сўнгги ўйинларда кетма-кет голлар киритган бўлса ҳам терма жамоамиз сардорини «иш бермай қолган футболчи»га чиқарган.
«Охирги пайтларда «Сеонгнам» клубида Жепаровга нисбатан норозилик кайфияти юқори нуқтага чиқиб бўлди. Ҳозирда Кей-лигада қолиш учун курашаётган клуб раҳбарияти ва футболчилари бу футболчи билан юксак натижага эришиб бўлмаслигини таъкидлашмоқда», деб ёзади «Sports Choson» нашри. Нашр танқидни давом эттираркан:
«У Сеонгнамга келган даврдаёқ ўйин даражаси анча пасайиб кетганди. Тезликнинг жуда пастлиги ва ҳимоявий ўйинга яроқсизлиги туфайли бошқа футболчилар ундан кўпроқ тер тўкишга мажбур бўлишмоқда. Унинг майдонга тушишини мураббий ҳал этиши туфайли бошқа норози футболчилар норози овозларини ичга ютишга мажбурдирлар. Жепаров мавсум аввалида захира ўриндиғига маҳкум қилинди, бир йиллик маоши миллион доллардан ошса ҳам биринчи даврадаги 11та ўйинда 2та гол ва 2тагина голли пас билан кифояланди».
Сентябрь ойида Ким Ҳак Бом янги бош мураббий этиб тайинлангач ҳам у майдонга тушишда давом этмоқда ва жамоадошларининг норозилиги ҳам кучайган-кучайиб боряпти. Жепаровда жамоавий ўйиндан кўра майдонда индивидуал ҳаракатларга берилиб кетиши доимий равишда танқидга учраб келади. Мақола сўнгида «Спортс Чосон» нашри Жепаров иштирокидаги ўйинлар статистикасини келтириб ўтган:
«Жепаров майдонга тушган ўйинларга назар ташласак, «Сеонгнам»нинг муваффақиятсизликларига гувоҳ бўляпмиз. У майдонга тушган 22 ўйинда 3 ғалаба, 8 дуранг ва 11 мағлубият қайд этилган. У 3 май куни «Поханг Стилерс» устидан қозонилган ғалабадагина юқори баҳога сазовор бўлган холос. «Сеонгнам» футболчилари орасида Жепаровни «Мағлубият рамзи», дея орқаваротдан гапиришлари ҳам маълум. Аслида жамоани ғалабалар сари етаклаши керак бўлган легионер аксинча майдонда жамоадошларини қийин ҳолатга солиб қўймоқда. Ҳар томонлама норозилик остида қолаётган ўзбекистонлик футболчининг Кей-лигадаги кейинги тақдири қоронғулик остига кириб боряпти».
Отабек Йўлдошев
Жанубий Корея, Сеул