ФИФА ирқчилик руҳидаги мулоҳазаларини билдиргани учун Италия футбол федерацияси президенти Карло Тавеккиога нисбатан УЕФА қўллаган жазо чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Унга кўра, Тавеккио ярим йил давомида ФИФАда бирор мансабда ишлай олмайдиган бўлди.
Аввалроқ УЕФА Тавеккиони қарор қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқидан олти ойга маҳрум этганди.
Ушбу мансабдор Италия футбол федерациясига ўз номзодининг сайланиши юзасидан ўтказган кампаниясида Африкадан келган ўйинчиларни "бананхўрлар" деб атаганди. Унинг ушбу сўзидан сўнг маҳаллий ОАВ ёппасига уни обрўсизлантиришни мақсад қилиб олгандек эди. Жумладан ФИФА ҳам итальян футболи раҳбарларига Тавеккионинг президентликка сайланиши юзасидан текширув ўтказишни сўраган.
Тавеккио ўзининг сайловолди кампаниясида Италия лигасида АПЛ тажрибасини қўллаш керак, деган ғояни илгари сурди. Унинг фикрича, серия баҳсларида қатнашишни истаган ва Евроиттиффоқ таркибига кирмайдиган мамлакат фуқароси бўлган футболчиларга қўйиладиган талабларни ошириш керак.