Кириш Регистрация

Жозе Моуринью: «Қани, яна кимга тарсаки керак?»

Баҳо:
+ | -

Кучли бешлик орасида энг шиддатли чемпионат дея тан олинган Англия премьер-лигаси ҳозирда анчагина кескин тус олиб улгурган. Тан олиш керак, ҳар қандай кучли клуб ҳам АПЛда чемпионликни осонликча қўлга кирита олмайди. Бу ерда «Реал» ёки «Барселона»нинг Испаниядаги яккаҳукмронлигига ўхшаш ҳолат юз бермайди.

САУТГЕМПТОН — ЧЕМПИОН?!
Ҳар ерда ўзидан нимадир қолдиришга интиладиган Моуриньо бу сафар ҳам нималарга қодир эканлигини исботлаяпти. Ўтган мавсумда очиқдан-очиқ чемпионлик учун курашмаслигини айтган Жозенинг нияти энди анча жиддийлашган кўринади. Чунки «Қани, яна кимга тарсаки керак?» дея тиш қайраб турган мутахассис ортга чекинишни истамаяпти. «Челси» ҳам 11 турда 29 очко эгаллаб улгурди. Лондон жамоасининг ишқибозлари учун қувонарлиси, жамоа шу пайтга қадар ҳали бирор марта ҳам мағлубият аламини тотиб кўргани йўқ. Жозе йўлидан чиққан ҳар қандай рақибнинг юзига тарсаки тортиб келмоқда. Яна бир жиҳат шуки, ашаддий рақиб — «Манчестер Сити» билан орадаги фарқ саккиз очкони ташкил этади. Хўш, «Сити» ёки бошқа бирор-бир клуб бу фарқни йўққа чиқариб, «Челси»ни чемпионликдан маҳрум қила оладими? Шу ўринда жамоанинг энг яқин таъқибчиси «Саутгемптон» эканлигини инобатга оладиган бўлсак, ажойиб ўйин кўрсатаётган ушбу жамоани чемпионликка асосий даъвогар дейиш мумкиндир. Лекин таъкидлаш жоиз, кейинги турларда ҳам «Саутгемптон»нинг худди шундай ўйин кўрсатишига ишониш бироз мушкул. Балки, жамоа биринчи ўринни эгаллай олмас, аммо иккинчи поғонани сақлаб қолса, бу ҳам клуб учун ажойиб натижа ва аксинча, «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Арсеналь» ва «Манчестер Юнайтед» каби грант жамоалар учун яхшигина сабоқ бўлиши табиий.

8 ОЧКОЛИК ФАРҚ ЙЎҚҚА ЧИҚАДИМИ?
Энди ҳақли савол туғилади, «Челси» кейинги турларда кўп очко йўқотиши мумкинми? Саккиз очколик фарқ йўққа чиқиши учун Лондон жамоаси камида икки бор мағлуб бўлиши ва яна шунча ўйинда дурангга имзо чекиши керак. Тўғри, эҳтимол кейинги матчларда «Манчестер Юнайтед», «Арсеналь» ва ҳатто «КПР» каби жамоалар ҳам Моуриньо шогирдларини мағлуб этиши мумкин. Шу билан бирга, дуранг натижалар ҳозирда «Челси»нинг «ажралмас дўсти»га айланиб бўлди. Демак, назарий жиҳатдан бунинг имкони бор, бироқ амалда-чи...

Ҳозирги «Челси» олдингиларидан таркиб жиҳатидан ҳам, руҳан ҳам анчагина кучли. Ҳужум чизиғида омадсиз тўп сурадиган Торрес эмас, гол уришга ўрганган Диего Коста тўп суряпти. Қолаверса, «Бавария»ни мағлуб этиб, УЕФА кубогини Лондонга олиб кетган Дидье Дрогба яна жамоага қайтди. Қувонарлиси, кекса ҳужумчи худди аввалгидек туп сурмоқда. Шу билан бирга, ҳар доим бир хил даражада ўйнамаса-да, керакли вазиятларда ўзини кўрсата оладиган Шюррле ҳам «Челси»нинг устун жиҳатларидан бири ҳисобланади. Демак, ҳужум чизиғи борасида ҳозирча муаммолар йўқ ҳисоб.

«ЧЕЛСИ»ДА ҲАМ МЕССИ БОР!
Ярим ҳимоя борасида эса Фабрегас ва Азарни алоҳида таъкидлаш жоиз. «Барселона»да ёмон ўйнамаган Сеск «Челси»да қайта порлади. Бу муваффақиятнинг асосий калити эса Моуриньога бориб тақалади. Португалиялик мутахассис Фабрегасни керакли жойда ўйнатмоқда. Азарнинг ўйини борасида ҳам гап бўлиши мумкин эмас. Бельгиялик ярим ҳимоячининг ҳаракатлари аргентиналик ҳужумчи Мессининг олдинги ўйинларини эслатиб юбормоқда. «Челси»нинг ҳар бир ўйинида Эден алоҳида ажралиб турадиган қандайдир ҳаракат қилишга интилади, рақибларини алдайди, зарба беради, гол уради. Ярим ҳимояда яна бир футболчи — Оскарни алоҳида таъкидлаш жоиз. Бразилиялик ёш ўйинчи жамоа ҳужумларини ташкил қилишда муҳим рол ўйнайди. Шу билан бирга, баъзида фантастик голлари билан ғалабаларга муносиб ҳисса қўшади.

Ҳимоя чизиғини ҳам унчалик ёмон деб бўлмайди. Иванович ўз чизиғида аллақачон ҳукмронлоик ўрнатиб бўлган, Жон Терри эса «Челси»да ҳимоя қироли ҳисобланади. Кейхилл ва Аспиликуэта ҳам рақиб ҳужумларини бартараф этишда ишончли ўйин кўрсатиб келмоқда.

ЎЗИГА ХОС РЕКОРД ЎРНАТИЛАДИМИ?
«Челси» шу кетишда мавсум давомида 100 очко жамғариб қўйиши ҳеч гапмас. Агарда жамоа мана шундай ўйнашда давом этса, ишончим комилки, Лондон клубини ҳеч ким қувиб ета олмaйди. Ҳозир ҳеч ким чемпионатда ғолиблик учун курашда «Челси»"га бас кела олмайди». Бу фикрлар АПЛнинг кўпни кўрган мураббийларидан бири — Арсен Венгерга тегишли. Дарҳақиқат, ҳали чемпионат якунланишига 27 тур бор. «Челси» ана шуларнинг 24 тасида ғолиб бўлса, нақ 101 очко тўплайди. Натижада ҳам чемпион бўлади, ҳам ўзига хос рекорд ўрнатади. Лекин бу осон эмас. Айниқса, Англияда. Исталган клуб Моуриньо шогирдларининг бурнини ерга ишқаб қўйиши мумкин. 101 очко тўплаш учун эса клуб жуда юқори формада ўйнаши талаб этилади.

Жозе Моуриньонинг омад қуши айнан «Челси» жамоаси қароргоҳида ин қурган кўринади. Чунки айнан ана шу жамоада мутахассис имкониятларини тўлиқ намоён эта олади, юқори марралар сари интилади ва мақташга арзигулик натижалар қайд этади. Ҳатто «Реал»да ҳам Моуриньонинг иши юришмаган. Ваҳоланки, Мадрид жамоасида тўп сурадиган футболчилар «Челси» ўйинчиларидан асло кучсиз эмас. Демак, бу ерда асосий омил муҳит, руҳият. Жозега нисбатан Мадридда шунчаки бош мураббий, юксак иқтидор соҳиби сифатида муомалада бўлишди. Лондонда эса уни халоскор, керак бўлса авлиё даражасигача чиқаришади. «Челси»ни фақат Жозе билан тирик деб ҳисоблашади. Аслида ҳам шундай. Ҳозирда клуб учун энг маъқул ва мос мураббий — фақат ва фақат Жозе Моуриньо.

«Челси» Англияда ўзига хос ўйин услуби ва характерга эга жамоа ҳисобланади. Чунки Жозе Моуриньонинг ўзи шундай инсон. У айни дамда дунёдаги энг кучли мураббийлардан бири. Мухлислар нуқтаи-назаридан қараганда эса АПЛнинг шиддатли ўтишида Жозенинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Умид қиламизки, ушбу мураббий ва «Челси» мухлисларига янада шиддатли ўйин ва қувончли лаҳзаларни ҳадя этишади.

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 20:16, 10.11.2014.
Ўқилди: 7694 марта.
Фикрлар: 33 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.