Англия чемпионатида 11-тур ўйинлари ўз поёнига етди. Биз ортда қолган тур ўйинлари ҳақида ўз фикр мулоҳазаларимизни билдириб ўтмоқчимиз.
Иродасиз "Арсенал"
Лондоннинг "Арсенал" клуби иродасиз ўйинлари билан ҳаммани ажаблантирмоқда. Чемпионлар лигасида 3:0 ҳисобида ғалаба қозона туриб, ғалабани сақлаб қола билмаган Венгер шогирдлари, чемпионатда "Суонси"ни 1:0 ҳисобида таслим қила тутиб, охир оқибат мағлубиятни тан олишга мажбур бўлишди. "Канонирлар" футбол 90 дақиқадан иборат эканлигини унутиб қўйишган шекилли.
"Челси"ни ким тўхтатади?
Жозе Моурино бошқарувидаги "Челси" ушбу мавсумни шунақанги кўтаринки кайфиятда бошладики, бошқа жамоалар "Аристократлар"га етарлича қаршилик кўрсата олишмаяпти. Лондонликлар ушбу турда сафарда "Ливерпул" устидан ғалаба қозониб, мағлубиятсиз серияларини давом эттиришди. Ушбу мавсумда "Челси" чемпионликни қўлга киритиш учун унга рақобат кўрсатиши лозим бўлган жамоалар кетма-кет қоқилишмоқда.
"Манчестер Сити" яна қоқилди.
Чемпионлар лигасида "ЦСКА"дан кутилмаган "тарсаки" еган Пелегринни шогирдлари чемпионат баҳсларида КПР билан аранг дуранг ўйнашди. "Сити" бу йил чемпионликни муносиб ҳимоя қила олиши қийин кўринади. "Шаҳарликлар" бундай ўйинларда қоқилаверишса "Челси"дан анча орқада қолиб кетишлари ҳеч гап эмас. Шундоқ ҳам орадаги фарқ ҳозирча 8 очкони ташкил қилмоқда.
"Саутгемптон" - тинчликми?
Қаторасига 4 ўйиндан буён ғалаба қозонаётган "Саутгемптон" чемпионатда 2-ўринга мустаҳкам жойлашиб олди. Клуб "Сити"дан 4 очко илгарилаб кетган бўлса, "Челси"дан шунча очко орқада қолмоқда. Хўш "Саутгемптон" ушбу темпни нечанчи тургача сақлаб қола оларкан? Буни вақт кўрсатади.
Ғалати жадвал
Турнир жадвалига эътибор берсангиз, бироз ғалати бўлишингиз мумкин? "Саутгемптон" иккинчи, "Вест Хем" тўртинчи, "Суонси" бешинчи ўринда. "Арсенал", "МЮ", "Ливерпул" каби грандлар қайерда? 6-7-10 ўринларда. Бунақасини ҳеч ким кутмаган бўлса не ажаб. Буни АПЛ дейдилар.
Агуеро, Коста, Санчес – ким тўпурар бўлади?
Балки бу саволни беришга ҳали эртадир. Аммо мавсумнинг 11 та туридан сўнг ушбу учта футболчи тўпурарлик учун кураш олиб бориши аён бўлмоқда. Ҳозирча "Сити" ҳужумчиси Агуеро 12 та гол билан пешқадамлик қилмоқда. "Челси"нинг янги ҳариди Коста ҳисобида эса 10 та гол мавжуд. "Арсенал"нинг "омадли трансфери" Санчес ҳозирча ўз ҳисобига 8 та гол ёздириб қўйди. Демак ушбу учлик ҳар бир турда ким ўзарга гол уришда давом этишларини кутсак бўлади.
"Юнайтед" триоси ўзига ўхшамаяпти?
Кўпчилик "МЮ"нинг ҳужумдаги триоси Руни-Ван Перси-Фалкаодан кўп нарса кутаётганди. Бироқ мазкур учлик ҳозирча кутилганидек самара бермаяпти. Уэйн ва Ван Перси 3 мартадан, Радамел эса атиги 1 бора рақиблар дарвозасини ишғол қилди. Уларнинг киритган голлари ҳаттоки Санчесникига ҳам етмаяпти. Хўш фантастик учлик энди ўзига келадими ёки шундай нурсиз натижалар қайд этишда давом этадими? Кузатишда давом этамиз.
"Барселона" сотган футболчилар АПЛда етакчи!
Ҳа худди шундай. Санчес тўпурарлар рўйҳатида учинчи ўринда бораётган бўлса, Фабрегас аниқ голли узатма амалга оширишда яққол устунлик қилмоқда. "Челси" ярим ҳимоячиси 11 та учрашувда 9 та голга асисстентлик вазифасини бажариб берди. Сеск ҳозирча Моуринонинг энг ишонган шогирди вазифасини бажариб бермоқда.
Нотон – "энг ёвуз футболчи"
"Тоттенхем" ҳимоячиси Кайл Нотон Премер лиганинг ортда қолган 11 турида энг ёвуз футболчи сифатида эътироф этилмоқда. Англиялик ҳимоячи 5 та учрашувда майдонга тушди ва 2 марта тўғридан-тўғри қизил карточка билан сийланиб, майдонни эрта тарк этди. Ҳа бунақа натижани Матерацци-ю, Пепелардан ҳам кутиш қийин.
Энг ишончли посбон – Фостер
Премер лигада Чех, Куртуа, Жо Харт, Де Хеа каби маҳшур дарвозабонлар ҳаракат қилишмоқда. Бироқ улар ўз дарвозалари даҳлсизлигини сақлаш борасида ҳозирча мақтана олишмаяпти. "Саутгемптон" посбони Фреезер Фостер 11 ўйинда ўз дарвозасидан атиги 5 та тўп олиб чиқди ва бу борада ҳозирча етакчилик қилмоқда. Таққослаш учун Жо Харт – 10, Куртуа - 11, Де Хеа – 14 та тўп ўтказиб юборган. Ана шунақа!
Фурқат Юсупов