Ниҳоят, юртимизда футбол мавсуми якунланди. Узоқ давом этган олий лига ўйинлари якунлангач, табиийки ОАВ турли хил статистик маълумотлар билан таништиришни бошлаб юборади. Бугун биз ҳам қизиқарли рақамлардан воқиф қилмоқчимиз. Зеро, айнан шу фактларни тақдим қилиш учун юртимизда футбол мавсуми якунланишини кутиб тургандик. Боиси, қуйида тақдим қиладиган рақамларимиз орқали кўп саволларга жавоб олиш мумкин. Сўнгги вақтларда ОАВ чемпионатимиздаги келишилган ўйинлар ҳақида жуда кўп ёзди. Лекин ёзилган мақолаларнинг аксарида расмийлар бизни айблашди. Шунинг учун бугун биз рақамларга тўхталишни лозим деб топдик. Чунки биз муштарийларимизни, аниқроғи, халқимизни алдамаганимиз каби, рақамлар ҳам бизни алдамайди!
Келишувларнинг тури кўп
Одатда жамоалар турли хил усулларда келишувга эришишади. Келишувларнинг энг қулайи ва оммалашгани учга-уч дейиш мумкин. Зеро, бундай усулдаги келишувдан ҳеч ким хафа бўлмайди. Иккала тараф ҳам биттадан ўйинда мағлубиятга учрайди, голлар ҳам келишувга асосан ўтказиб юборилади. Одатда бундай келишувларни мақсади йўқ клублар амалга оширишади. Чунки таваккал қилиб, ютқазиб, ҳомийдан томонидан ажратиладиган мукофот пулларидан қуруқ қолгандан кўра, рақиб билан келишиб, ўз уйида ютган, меҳмонда ютқазгани маъқул. Ваҳоланки, барибир раҳбарият жамоадан ўз уйидаги беллашувлардагина ғалаба қозониб, мухлисларни хурсанд қилишларини талаб қилади. Ёки келишилган ҳолда дуранг ўйнаб қўя қолишади.
Айтганча, одатда келишилган ўйинлар дея гумон остига олинган учрашувларнинг иккинчисида ҳисоб бошқачароқ кўриниш олади. Сабаби, жамоалар иккала ўйинда ҳам бир хил ҳисоб қайд этилиб, ҳеч кимни шубҳа-ю-гумонларга солиб қўймаслик учун тўплар нисбатидаги фарқни ўзгартирмаган ҳолда голлар уришади. Айнан шу каби ўйинларни олий лигада жуда кўп учратиш мумкин. Тўғри, қуйида келтирилган фактлар туфайли мазкур ўйинларни юз фоиз келишилган дея олмаймиз. Балки айримлари ростакамига тасодиф бўлиш эҳтимоли бор. Айниқса, дуранг қайд этилган баҳслар бўйича шундай десак бўлади. Аммо футболда дуранг учун ҳам бир очко берилади. Агар биринчи даврадаги ўйинда меҳмон жамоага дуранг керак бўлса, албатта жавоб баҳсида “қарзни” қайтариш шарти билан дурангга келишув бўлади. Биз бугун дунё футболида оммалашган келишув усуллари бўйича биздаги ҳолатни тақдим қилмоқчимиз.
Келишувларнинг яна бир тури ҳақида гапириш ёддан кўтарилибди. Одатда биз юқорида санаб ўтган усулларга таъкидлаганимиздек, мақсади йўқ клублар амал қилишади. Медаллар учун курашаётган жамоалар ҳамма билан ҳам келишиб ўтирмайди. Шунинг учун бу каби ўйинлар авж олган чемпионатларда 3-4та бўлса-да, ҳақиқий футбол баҳслари учраб туради. Улар асосий рақибларига қарши ўйинларга қадар ўртаҳол ёки аутсайдерлар билан бўладиган беллашувни келишиб қўя қолишади. Аниқроғи, иккала ўйинда ҳам ютиш шарти билан ниманидир ваъда қилишади. Ё молиявий маблағ ёки аутсайдерларнинг рақобатчисини мағлубиятга учратиб бериш шарти. Бундай келишувларда дарвозалардан жой оладиган голлар сони унчалик катта аҳамият касб этмайди. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам борки, етакчилар ўртаҳол ёки аутсайдерларни ўз кучи билан ҳам мағлуб этиб қўя қолади. Бундай усулни ўз кучига ишонган жамоаларгина қўллаб туришади.
Қуйидаги статистик рақамларда биз олий лига клубларининг уч хил йўналишда қандай натижалар қайд этганига тўхталамиз. Зеро, тасодиф деганимиз билан ҳамма натижаларни тасодиф деб бўлмайди. Боиси, тасодиф бир ёки икки, ана олинг, ошиб кетса учта ўйинда рўй беради.
OЛМАЛИҚ
Аҳамиятлиси, мамлакатимизнинг ҳар қандай етакчи клубига жиддий бош-оғриқ бўла оладиган Игорь Шквирин бошчилигидаги “Олмалиқ” биз тузиб чиққан критерия бўйича пешқадамликни қўлга киритди. Шквирин шогирдлари 3та рақибига қарши ўтказилган олти учрашувда бир хил ҳисобдаги ғалаба ва мағлубиятга эришган бўлса, тўрт ўйинда тўплар нисбатидаги бир хиллик кўзга кўринди. Яна нақд олти баҳсда рақиблар билан турли хил ҳисобдаги дуранглар қайд этилди.
БИР ХИЛ ҲИСОБДАГИ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Металлург – Олмалиқ 3:2 (2:0)
2. Олмалиқ – Металлург 3:2 (1:1)
3. Бухоро – Олмалиқ 2:1 (1:0)
4. Олмалиқ – Бухоро 2:1 (1:0)
5. Олмалиқ – Навбаҳор 3:1 (1:1)
6. Навбаҳор – Олмалиқ 3:1 (2:1)
ТЎПЛАР НИСБАТИ БИР ХИЛ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Қизилқум – Олмалиқ 3:2 (0:1)
2. Олмалиқ – Қизилқум 1:0 (1:0)
3. Олмалиқ – Нефтчи 1:0 (1:0)
4. Нефтчи – Олмалиқ 2:1 (1:0)
ДУРАНГЛАР
1. Андижон – Олмалиқ 1:1 (1:1)
2. Олмалиқ – Андижон 0:0
3. Олмалиқ – Машъал 1:1 (1:0)
4. Машъал – Олмалиқ 0:0
5. Насаф – Олмалиқ 2:2 (2:1)
6. Олмалиқ – Насаф 1:1 (0:1)
АНДИЖОН
Олий лига билан хайрлашган “Андижон” ушбу мавсумда барча рақиблари билан очиқчасига ҳисоб-китоб қилган кўринади. Акс ҳолда жамоа бугунги ҳолатга тушиб ўтирмаган бўлармиди? Яна ким билади дейсиз? Хуллас, “бургутлар”нинг фақатгина “Олмалиқ”қа қарши ўтказган икки ўйинигина бизнинг критериямизга мос келди.
БИР ХИЛ ҲИСОБДАГИ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
Йўқ
ТЎПЛАР НИСБАТИ БИР ХИЛ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
Йўқ
ДУРАНГЛАР
1. Андижон – Олмалиқ 1:1 (1:1)
2. Олмалиқ – Андижон 0:0
БУНЁДКОР
Рости, “Бунёдкор” ҳисобида бизнинг критериямизга мос келадиган учрашувлар топилмаса керак деб ўйлагандим, аммо чучварани хом санаган эканман. Маълум бўлишича, “қалдирғочлар” “Нефтчи”га қарши иккала ўйинда ҳам дуранг қайд этишибди. Албатта бу билан “Бунёдкор” келишувчилар компанияси аъзоси бўлиб қолмайди. Чунки юқорида таъкидлаганимиздек, дуранглар одатда тасодифий натижа ҳам бўлиши мумкин, лекин бўлмаслик эҳтимоли ҳам бор.
БИР ХИЛ ҲИСОБДАГИ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
Йўқ
ТЎПЛАР НИСБАТИ БИР ХИЛ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
Йўқ
ДУРАНГЛАР
1. Нефтчи – Бунёдкор 0:0
2. Бунёдкор – Нефтчи 1:1 (0:0)
ДИНАМО
“Динамо”да ҳам битта ўйин бизнинг критериямизга мос тушди. Сўнгги турларга қадар олий лигада қолиш учун ҳаракат қилиб, якунда ўз ниятига етган “Бухоро” самарқандликлар билан ҳар иккала учрашувда ҳам дуранг ўйнаган. Фарқи шундаки, битта ўйин голли, битта учрашувда голсиз дуранг қайд этилган.
БИР ХИЛ ҲИСОБДАГИ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
Йўқ
ТЎПЛАР НИСБАТИ БИР ХИЛ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
Йўқ
ДУРАНГЛАР
1. Динамо – Бухоро 0:0
2. Бухоро – Динамо 1:1 (1:1)
БУХОРО
Бир амаллаб олий лигадаги ўрнини сақлаб қолган “Бухоро” бу йўлда катта меҳнат қилишга мажбур бўлди. Юқорида таъкидлаганимиздек, “Динамо” билан дуранглар қайд этилди. “Металлург” билан тўплар нисбати бир хил бўлган ғалаба ва мағлубиятга эришилди. “Олмалиқ”, “Нефтчи”га қарши беллашувларда эса, кишини шубҳага солувчи натижаларга эришишди.
БИР ХИЛ ҲИСОБДАГИ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Бухоро – Олмалиқ 2:1 (1:0)
2. Олмалиқ – Бухоро 2:1 (1:0)
3. Нефтчи – Бухоро 1:0 (0:0)
4. Бухоро – Нефтчи 1:0 (1:0)
ТЎПЛАР НИСБАТИ БИР ХИЛ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Металлург – Бухоро 4:3 (2:0)
2. Бухоро – Металлург 2:1 (0:0)
ДУРАНГЛАР
1. Динамо – Бухоро 0:0
2. Бухоро – Динамо 1:1 (1:1)
ҚИЗИЛҚУМ
Мамлакатимизнинг ўртаҳол клублари қаторига кирувчи “Қизилқум” ҳам биз тузиб чиққан рўйхатдан жой олди. “Олтин изловчилар”нинг ҳисобида 8та учрашув бор. “Сўғдиёна”га қарши баҳсларда бир хил ҳисоблар қайд этилган бўлса, “Олмалиқ” ва “Навбаҳор” билан бўлган беллашувларда мезбонлар тўплар нисбатидаги фарқ бир хил бўлган ҳисобларда ғалаба қозонишди. “Металлург” “Қизилқум” билан дуранг ўйнаб қўя қолди.
БИР ХИЛ ҲИСОБДАГИ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Сўғдиёна – Қизилқум 1:0 (0:0)
2. Қизилқум – Сўғдиёна 1:0 (1:0)
ТЎПЛАР НИСБАТИ БИР ХИЛ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Қизилқум – Олмалиқ 3:2 (0:1)
2. Олмалиқ – Қизилқум 1:0 (1:0)
3. Навбаҳор – Қизилқум 2:0 (0:0)
4. Қизилқум – Навбаҳор 3:1 (1:0)
ДУРАНГЛАР
1. Қизилқум – Металлург 0:0
2. Металлург – Қизилқум 1:1 (0:0)
МАШЪАЛ
Александр Хомяков мураббийлигидаги “Машъал”да бизнинг критериямизга тўғри келадиган тўртта беллашув бор. Аҳамиятлиси, яна пойтахт вилояти клублари рақиб. “Металлург” билан бўлган учрашувларда мезбонлар ғалаба қозонган бўлса, “Олмалиқ” билан дуранг ўйналган.
БИР ХИЛ ҲИСОБДАГИ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
Йўқ
ТЎПЛАР НИСБАТИ БИР ХИЛ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Металлург – Машъал 4:2 (2:2)
2. Машъал – Металлург 3:1 (1:0)
ДУРАНГЛАР
1. Олмалиқ – Машъал 1:1 (1:0)
2. Машъал – Олмалиқ 0:0
МЕТАЛЛУРГ
Энди энг кўп шубҳа-ю – гумонлар остида қоладиган “Металлург”нинг статистикаси ҳақида. Пойтахт вилоятининг икки клуби ҳам ўз уйидаги беллашувларда мухлисларини хафа қилишмаган. “Нефтчи”га қарши баҳсларда ҳам майдон эгалари ишқибозлари жамоаларининг ғалабасидан мамнун бўлишган. Бундан ташқари, “Машъал”, “Бухоро” ҳамда “Навбаҳор” билан бўлган ўйинларда ҳам мезбон жамоа уч очко соҳибига айланган. “Металлург” фақатгина “Қизилқум” билан муроса кўчасини танлаган. Эътиборлиси, “металсозлар” бизнинг жадвалда 12та учрашув билан “Олмалиқ”дан кейин жой олишмоқда. Бундан кўриниб турибдики, пойтахт вилояти жамоалари анчагина ўзгаришибди.
БИР ХИЛ ҲИСОБДАГИ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Металлург – Олмалиқ 3:2 (2:0)
2. Олмалиқ – Металлург 3:2 (1:1)
3. Нефтчи – Металлург 2:1 (1:1)
4. Металлург – Нефтчи 2:1 (1:1)
ТЎПЛАР НИСБАТИ БИР ХИЛ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Металлург – Бухоро 4:3 (2:0)
2. Бухоро – Металлург 2:1 (0:0)
3. Металлург – Машъал 4:2 (2:2)
4. Машъал – Металлург 3:1 (1:0)
5. Навбаҳор – Металлург 4:2 (2:1)
6. Металлург – Навбаҳор 2:0 (1:0)
ДУРАНГЛАР
1. Қизилқум – Металлург 0:0
2. Металлург – Қизилқум 1:1 (0:0)
НАВБАҲОР
Бахтиёр Ашурматов мураббийлигидаги “Навбаҳор” бир жамоа билан икки марта дуранг ўйнамаган, лекин “Насаф”, “Олмалиқ”қа қарши ўйинларда ҳисоби ўзгармаган натижалар қайд этилган. “Қизилқум” ва “Металлург” билан эса, тўплар нисбатидаги фарқ ўзгармаган.
БИР ХИЛ ҲИСОБДАГИ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Олмалиқ – Навбаҳор 3:1 (1:1)
2. Навбаҳор – Олмалиқ 3:1 (2:1)
3. Насаф – Навбаҳор 1:0 (0:0)
4. Навбаҳор – Насаф 1:0 (1:0)
ТЎПЛАР НИСБАТИ БИР ХИЛ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Навбаҳор – Қизилқум 2:0 (0:0)
2. Қизилқум – Навбаҳор 3:1 (1:0)
3. Навбаҳор – Металлург 4:2 (2:1)
4. Металлург – Навбаҳор 2:0 (1:0)
ДУРАНГЛАР
Йўқ
НАСАФ
Очиғи, бу рўйхатга “Насаф” тушгани ажабланарли бўлди. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг энг барқарор клубига айланган Рўзиқул Бердиев шогирдлари “Навбаҳор”га қарши баҳсларга бир хил ҳисоблардаги натижаларни қайд этишган бўлса, “Олмалиқ” била муроса кўчасини танлашди.
БИР ХИЛ ҲИСОБДАГИ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Насаф – Навбаҳор 1:0 (0:0)
2. Навбаҳор – Насаф 1:0 (1:0)
ТЎПЛАР НИСБАТИ БИР ХИЛ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
Йўқ
ДУРАНГЛАР
1. Насаф – Олмалиқ 2:2 (2:1)
2. Олмалиқ – Насаф 1:1 (0:1)
НЕФТЧИ
“Нефтчи” “Бунёдкор” билан “Жар” стадионида дуранг ўйнагани кўпчиликни ажаблантирганди. Ўшанда Мурод Исмоиловнинг ёш болаларча хурсандчилигини кўргандик. Гарчи “қалдирғочлар”дан Тошкентда очко олинган бўлса-да, Фарғонада очко тақдим қилинди. “Олмалиқ” билан кўриниши бир-биридан фарқ қиладиган, лекин тўплар нисбати фарқи бир хил бўлган кичик ҳисоблар қайд этилди. “Металлург” ва “Бухоро” билан эса, йил бошида унча-бунча мутахассис тахмин қилмайдиган бир хил натижаларга эришилди.
БИР ХИЛ ҲИСОБДАГИ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Нефтчи – Бухоро 1:0 (0:0)
2. Бухоро – Нефтчи 1:0 (1:0)
3. Нефтчи – Металлург 2:1 (1:1)
4. Металлург – Нефтчи 2:1 (1:1)
ТЎПЛАР НИСБАТИ БИР ХИЛ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Олмалиқ – Нефтчи 1:0 (1:0)
2. Нефтчи – Олмалиқ 2:1 (1:0)
ДУРАНГЛАР
1. Нефтчи – Бунёдкор 0:0
2. Бунёдкор – Нефтчи 1:1 (0:0)
СЎҒДИЁНА
Олий лига билан хайрлашган “Сўғдиёна” фақат битта ўйини билан бизнинг рўйхатдан жой олди. Даврон Файзиев жамоаси “Қизилқум” билан бўлган ҳар иккала беллашувда ҳам 1:0; 0:1 ҳисобларини қайд этишди.
БИР ХИЛ ҲИСОБДАГИ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
1. Сўғдиёна – Қизилқум 1:0 (0:0)
2. Қизилқум – Сўғдиёна 1:0 (1:0)
ТЎПЛАР НИСБАТИ БИР ХИЛ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
Йўқ
ДУРАНГЛАР
Йўқ
ЛОКОМОТИВ ва ПАХТАКОР
Ўзаро ўйинга қадар чемпионлик учун курашган мазкур икки жамоанинг йил давомида қайд этган натижалари бизнинг критерияларимизга тўғри келгани йўқ. Мақоламиз аввалида таъкидлаганимиздек, одатда ўртаҳол ва мақсадсиз клублар келишувларни амалга оширади. Пойтахтнинг мазкур икки жамоаси сўнгги паллага қадар чемпионлик учун курашди, якунда омад “шерлар”га кулиб боққанидан хабарингиз бор.
БИР ХИЛ ҲИСОБДАГИ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
Йўқ
ТЎПЛАР НИСБАТИ БИР ХИЛ ҒАЛАБА ВА МАҒЛУБИЯТЛАР
Йўқ
ДУРАНГЛАР
Йўқ
Фурқатбек НИШОНОВ