Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ёшлар таркибида кимлар бор?

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси навбатдаги йиғинни ўтказиш учун БААга йўл олди. Шуҳрат Мақсудов бошчилигидаги футболчилар  йиғин давомида БАА, Баҳрайн ва Албания терма жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказишлари лозим. Бу учрашувлар жамоамиз тайёргарлигида муҳим ўрин тутиши муқаррар. Зеро, ёшлар терма жамоамиз олдига қўйилган улкан вазифани бажаришда бу йиғин наф келтиришига кишининг ишонгиси келади.

Аммо нима учундир Шуҳрат Мақсудов бу сафарги йиғинга бир қатор футболчиларни чақирмади. Таркибга назар солсак, якунланган мавсумда «Пахтакор»нинг чемпион бўлишига катта ҳисса қўшган ва ҳозирданоқ етакчилар қаторига қўшилган бир қатор ўйинчилар йўқлигини кўрасиз. Ўтган вақт давомида Владимир Козак, Жамшид Искандеров ва Игорь Сергеевлар «Пахтакор»нинг асосий футболчилари қаторига қўшилдилар. Ҳозирда «шерлар» ўйинини уларсиз тасаввур қилиш қийин. Бироқ «Пахтакор» етакчиларининг бирортаси ҳам БААда ўтадиган йиғинга чақирилмагани ажабланарли.

Аслини олиб қарайдиган бўлсак, бундай ҳолат ёшларда биринчи марта такрорланмаяпти. U-22 терма жамоаси январда бўлиб ўтган Осиё чемпионатидаги муваффақиятсизликдан сўнг умумий ҳисобда 4 марта йиғин ташкил қилди. Уларнинг иккитаси Тошкентда ўтказилган бўлса, бири Хитойда ва яна бири Иорданияда бўлиб ўтди. Қизиқ томони, Шуҳрат Мақсудов бу йиғинларнинг деярли ҳеч бирида оптимал таркибни йиғмаган. Биз номларини юқорида келтириб ўтган футболчилар фақат бир марта безовта қилинган. Шунда ҳам Сергеев, Козак ва Искандеровлар триоси ҳали бирор марта ҳам жам бўлганича йўқ. Уларнинг ҳар бири турли-турли йиғинларга чақирилганлар.

Албатта бу ҳолат мураббийнинг ишлаётганидан далолат бериши мумкин. Шуҳрат Мақсудов «Пахтакор» ўйинчиларининг имкониятларидан яхши бохабарлиги аниқ. Балки шу сабабга кўра, бошқа футболчиларни синовдан ўтказиб, янги номлар кашф этишни истаётгандир. Бу ёғи бизга қоронғу. Фақат шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатида яхши иштирок эта олмаганидан буён катта ҳажмдаги иш бажарилди. Ёшлар термаси назорат учрашувида хитойлик тенгқурлари устидан ғалабага эришган бўлса, Иорданиядан мағлубиятга учради. Энг муҳими, тайёргарлик жараёни изчил равишда олиб борилмоқда.

Ўтказилган йиғинларнинг яна бир қизиқарли томони шундаки, Шуҳрат Мақсудов бир вақтлар анча умидли ҳисобланган футболчилар - Аббос Махсталиев ва Темур Ҳакимовларни ҳар сафар таркибга чақирган. Бу ўйинчилар ҳар бир ўртоқлик ўйинида майдонга тушганлар. Яхши биламиз, Аббос Махсталиев ва Темур Ҳакимов гарчи ёшлар футболида яхши натижага эришган ва мутахассислар эътиборига тушган бўлишса ҳамки, катталар футболига ўтишда анча қийинчиликка дуч келдилар. Бундан икки йил муқаддам уларга «Пахтакор» келажаги сифатида қаралганди. Аммо бу йилги чемпионатда бири «Андижон» билан қуйи лигага равона бўлган бўлса, иккинчиси «Олмалиқ» захирасига муқим жойлашишга мажбур бўлди.

Афтидан Шуҳрат Мақсудов бу футболчиларнинг ҳар иккисини ҳам қайтадан «жонлантириш»га қарор қилган кўринади. Махсталиев ва Ҳакимовнинг терма жамоа йиғинларида фаоллиги улар учун фойдали бўлиши турган гап. Чунки, ҳар иккиси ҳам анча иқтидорли ҳисобланади. Бундай иқтидор эгалари футболда ўз ўринларини топа олишмаса, алам қилиши турган гап. Агар Махсталиев ва Ҳакимов Шуҳрат Мақсудов туфайли аввалги ўйинларини такрорлай олишса, мураббийга ҳар қанча миннатдорчилик билдирса арзийди.

Аммо, шу билан бирга, Шуҳрат Мақсудовда турли тажрибалар ўтказиш учун вақт кам қолаётганини ҳам эътироф этиш лозим. Ёшлар ўртасида ўтказиладиган Осиё чемпионатининг аҳамияти қандай бўлишини айтиб ўтириш шарт эмас. Икки йилдан сўнг бўладиган мусобақа довига Бразилия Олимпиадаси йўлланмаси тикилади. Бу эса яхши биламизки, жуда катта масала. ОФК Осиё чемпионати саралаши учун қуръани 4 декабрда ташлашни режалаштирган. Унга кўра жами 44та терма жамоа икки ҳудудга бўлинган ҳолда саралаш баҳсларида иштирок этади. Ўзбекистон терма жамоаси «Ғарб» ҳудудидан жой олган ва ундаги саралаш баҳслари 2015 йилнинг 23-31 март кунлари ўтказилади ҳамда Эрон, Қатар, Фаластин, Бангладеш, Покистон мамлакатларининг мезбонлик қилиши кўзда тутилган. Демак, яна тўрт ойдан сўнг ёшлар терма жамоамиз Осиё чемпионати саралашидаги иштирокини бошлаши лозим. Саралашнинг барча ўйинлари сафарда ўтказилиши эса термамиз учун баъзи қийинчиликларни туғдириши турган гап. Шуҳрат Мақсудов юзага келадиган бундай муаммоларни ҳозирданоқ бартараф этишга ҳаракат қилиши керак.

Бунинг учун эса, энг аввало, барқарор таркиб танлаб олиниши лозим. Истардикки, Шуҳрат Мақсудов БААдаги йиғиндан сўнг ўзи учун якуний хулосани чиқарса ва бундан буёғига турли экспериментларни тўхтатиб, оптимал таркиб билан ишлашни бошласа. Агар мураббий ўзи истаган таркибда Сергеев, Искандеров ва Козак сингари ўйинчиларни кўришни истамаса, у ҳолда унга ҳеч қандай савол йўқ. Мабодо бу футболчиларнинг хизматидан фойдаланиш режаси бўлса, уларни ҳам йиғинларга жалб қилиш вақти келмадимикан?

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 19:20, 19.11.2014.
Ўқилди: 5080 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.