Россия терма жамоасининг италиялик бош мураббийи Фабио Капелло 5 ойдан бери маош олмаётган ва у кўрсатаётган натижалар яхши бўлмаётганига қарамай, ўз лавозимидан кетмаслигини яна бир марта такрорлади.
Россия Евро-2016 саралаш босқичида гуруҳда 4та ўйиндан кейин 5 очко жамғарган ҳолда, пешқадамдан 5 очко ортда қолмоқда. Лекин россияликлар Францияда ўтадиган қитъа чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш имкониятидан маҳрум бўлишмаган.
"Мен матбуотнинг эркинлиги тарафдориман. Ҳар бир журналист, эксперт, сиёсатчилар ўз фикрларини эркин баён қилишлари менга ёқади. Аммо аста-секин тушуниб етишимга қараганда, Россияда бундай фикрлар кимнингдир манфаати остида айтилар экан. Жумладан, айрим ҳамкасбларим менинг ўрнимни эгаллашдан манфаатдор кўринади. Лекин бу нарса менинг ишимга асло таъсир кўрсатмайди. Мен ўз вазифамни бажаряпман. Бундай гапларга аҳамият қаратмайман.
Шунингдек, истеъфо барча мураббийлар каби менинг фаолиятимнинг бир қисми эканини тушунаман. Иш берувчи ва мураббийлар бор. Мураббийларни истеъфога чиқариш ҳолатлари учраб туради. Агар мени истеъфога чиқаришса, бундан ҳайрон бўлмайман. Лекин ўз хоҳишим билан истеъфога чиқмоқчи эмасман, мен Россия терма жамоаси билан ҳамкорликни давом эттираман", - дейди Капелло championat.com сайтига берган интервьюсида.