Милан дербиларининг сўнгги 5тасида дарвозаларга 2тадан ортиқ тўп киритилмаётган эди. Бу сафар ҳам шундай бўлди.
"Милан" бугунги ўйинда расмий мезбон бўлса-да, Индзаги анча эҳтиёткор ва ҳимоявий ўйин услубини танлади. Яна "Интер"га қайтган Роберто Манчини эса илк ўйиндаё ютқазишни истамаслиги аниқ эди.
Ўйиннинг 8-дақиқасидаёқ "нерадзурри" ҳисобни очиши мумкин эди. Мунтарийнинг қўпол хатосидан кейин Мауро Икарди дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқиб борди, аммо Диего Лопес оёғи билан тўпни қайтариб қолди. Шундан кейин устунлик "Интер" томонига ўтиб кетди, бироқ ҳисобни "Милан" очди. Аш-Шаъровий ўнг қанотдан тўпни жарима майдончасига етказиб берди. Жереми Менез тўпга шундоққина оёқ қўйди ва тўп дарвозанинг олис бурчагини нишонга олди.
Иккинчи бўлимда "Милан"нинг ҳимоядаги хатосини Жоел Оби кечирмади ва 17 метрдан зарба бериб, Лопесни доғда қолдирди - 1:1.
Ҳар иккала жамоа ғалабани ўз томонига оғдириб олиш учун имкониятларга эга бўлишди. Масалан, Боневентуранинг чиройли пасидан кейин Аш-Шаъровий дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориб, йўллаган зарбаси дарвоза тўсинига тегиб, майдонни тарк этди. Андреа Поли қўшимча вақтларда йўллаган зарбаси эса ҳимоячига тегиб, майдонни тарк этди. "Интер" ҳужумчиси Мауро Икардининг зарбаси ҳам дарвоза тўсинига тегиб, майдондан ташқарига чиқиб кетди.
Ушбу дурангдан кейин жамоалар турнир жадвалида ўз ўринларини деяли сақлаб қолишди. Улар орасидаги 1 очколик фарқ ҳам сақланиб қолди.
Италия А серияси, 12-тур
Милан – Интер 1:1 (1:0)
Голлар: 1:0 – 23 Менез, 1:1 – 61 Оби.
"Милан": Лопес, Мексес, Сапата, Рами, Де Шильо, Эссьен, Мунтарий (Поли, 76), Бонавентура, Менез, Аш-Шаъровий, Торрес (Хонда, 73).
"Интер": Ханданович, Жезус, Нагатомо, Раноккия, Додо, Ковачич (Мвила, 90), Оби (Эрнанес, 72), Гуарин, Кузманович, Паласио, Икарди (Освальдо, 89).
Огоҳлантиришлар: Мексес (28), Оби (32), Бонавентура (66), Жезус (68).