Лондоннинг "Арсенал" клуби хўжайинларидан бири Алишер Усмонов жамоа бош мураббийи Арсен Венгерни жаҳондаги энг яхши мураббийлардан бири сифатида эътироф этиш билан биргаликда жамоани ўз хатоларидан етарлича сабоқ чиқармаётганини айтиб, танқид остига олди.
"Мен "Арсенал"нинг ҳақиқий фанатиман, бу - менинг жамоам, у менга баъзида қувонч, баъзан эса қайғу олиб келади. Ҳозирги таркибда етарлича потенциал бор, лекин йигитлар ўз хатоларидан етарлича хулоса чиқармаётгандек кўринмоқда. Бирон бир даҳо ўз хатоларидан сабоқ чиқармас экан, юқори савияни сақлаб қола олмайди. Агар хатоларингни ўргансанг, улардан халос бўласан. Мен ўз жамоамга шуни тилайман. Ахир биз ҳар йили деярли бир хил натижалар кўрсатяпмиз. Ҳар сафар ЕЧЛга чиқаётганимиз яхши, бироқ сафардаги ўйинларни бошидан бошлаб бой бераётганимиз клубнинг эгаси сифатида мени хурсанд қилмаяпти.
Арсен Венгерга келадиган бўлсак, унинг ишига алоқадар бирорта ҳам қарорни мен чиқармайман. Бу - мен қаттиқ ҳурмат қиладиган клуб президентининг алоҳида ҳуқуқи. Фақат айтишим мумкинки, Венгер - нафақат Европа, балки жаҳон футболидаги энг яхши мураббийлардан бири", - дейди Усмонов.