Англия чемпионати ҳамда Чемпионлар лигасида мағлубиятсиз одимлаётган "Челси" бугун Премьер-лиганинг 15-турида "Ньюкасл" меҳмони бўлиб, имкониятни бой берди.
Ньюкаслдаги ўйиннинг биринчи таймида иккала жамоа ҳам у қадар фаолликни намойиш этмади. Дастлабки 30 дақиқалик давомида "Челси" рақибига босим ўтказиб турган бўлса-да, гол уришнинг уддасидан чиқа олмади. "Ньюкасл"да ҳам имкониятлар бўлди, бироқ улардан фойдаланишда ҳужумчилар оқсадилар. Жамоаларга тезлик етишмаганини таъкидлаш жоиз.
Ўйинида қандайдир ўзгариш бўлиши кутилган "Челси" иккинчи таймнинг бошиданоқ ҳужумга интилди, бироқ голдан дарак йўқ эди. Захирадан майдонга тушган Папис Сиссе орадан 4 дақиқа ўтар-ўтмас учрашувда бурилиш ясади. 57-дақиқада майдон марказидан Сиссоко бошлаб берган ҳужумни Сиссе 3 метр масофадан дарвозани ишғол этиш билан якунлади.
Сен урмасанг, сенга уришади қоидаси яна бир бор ўз исботини топди. 78-дақиқада "Ньюкасл" дарвозасининг тўсинини нишонга олган "Челси" шу дақиқанинг ўзидаёқ гол ўтказиб юборди. Ушбу голда ҳам Сиссоконинг ҳиссаси борлигини таъкидлаш жоиз. У Куртуа билан бирга бир вазиятга чиқиб бориб, тўпни бўш турган Сиссега узатишга улгурди, Папис эса 8 метрлар масофадан бўш дарвозани ишғол этишда хато йўл қўймади.
Учрашув якунланишига ўн дақиқа қолганида мезбонлар 10 киши кам бўлиб қолдилар. Бу эса "Челси"да очко олиш учун умид учқунларини алангалатди. АПЛга хос бўлган қизғинлик тез орада яна гол кўришимиздан дарак берарди. Шундай бўлди ҳам. Сеск Фабрегас стандартдан тўпни дарвозабон чизиғига оширди. Куртуага тўпга югуриб чиқиш ноқулай эди, ҳимоячилардан ўзиб кетган Дрогба посбоннинг қўл остидан тўпни дарвозага жойлаб қўйди.
Голдан сўнг ўйин охирига қадар интрига сақланиб қолди, бироқ жамоаларга бошқа гол уриш насиб этмади. Жозе Моуриньонинг мавсумдаги илк мағлубияти эди бу.
Ньюкасл – Челси 2:1 (0:0, 2:1)
Голлар: 1:0 – 57 Сиссе, 2:0 – 78 Сиссе, 2:1 – 83 Дрогба.
Ньюкасл – Эллиот (Олнвик, 46), Дамметт, Янмат, Колоччини, Тэйлор, Тиоте, Колбэк, Кабелла (Сиссе, 53), Сиссоко, Амеоби (Уильямсон, 83), Перес.
Челси – Куртуа, Иванович, Терри, Кэйхилл, Аспиликуэта (Луис, 67), Оскар (Шюррле, 61), Виллиан (Дрогба, 67), Оби Микел, Фабрегас, Азар, Коста.
Огоҳлантиришлар: Сиссоко (48), Тэйлор (56), Шюррле (64), Тиоте (74), Фабрегас (79), Коста (80).
Четлатиш: Тэйлор (81).