Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Ким кўпроқ машҳур: Роналдуми ёки Месси?

Баҳо:
+ | -

Спорт маркетинги таҳлили билан шуғулланувчи Repucom агентлиги 15та мамлакатда ўзига хос сўров ўтказиб, қайси футбол юлдузини кўпроқ танишлари ва ёқтиришларини аниқлашга уринди. Тўғрироғи, компания таҳлилчилари ижтимоий сўров ор­қали Криштиану Роналду ва Лионель Мессининг футбол майдонларидан таш­қаридаги ютуқларини ўзаро таққослаб кўришди.

Кимни кўпроқ танишади?

- Сўровда иштирок этган 92 фоиз киши Роналдуни билишини таъкидлаган бўлса, 87 фоизи Месси ҳақида эшитганини билдирди.

91 фоиз овоз берувчи эркаклар Мессини танишларини айтганлар, Роналдуни эса сўровда қатнашган шунча аёл билар экан.

- Месси ўз юрти Аргентина ва Испанияда машҳурроқ - у бу икки мамлакатда тегишлича 99 ва 98 фоиз овоз олди. Шунинг баробарида аргентиналик атиги 2та давлатда Криштиануга нисбатан машҳурроқ экан. Яъни ўз юрти ва Хитойда. Дунёнинг энг сераҳоли давлатида 89 фоиз овоз берувчи Мессини танишини айтди, Роналдуда эса бу кўрсаткич 84 фоизга тенг бўлди.

- Роналду машҳурлик бобидаги энг юқори кўрсаткични Испания (99 фоиз), Бразилия (98 фоиз) ва Мексика (96 фоиз)-да қайд этди. Айтганча, унинг юрти - Португалияда сўров ўтказилгани йўқ.

- Футбол юлдузлари АҚШда унчалик таниқли эмаслар. Бу мамлакатда Мессини 30 фоиз овоз берувчигина танир экан, Роналдуни эса 40 фоизи. Уларнинг Австралиядаги машҳурлик даражалари ҳам унчалик ваҳимали эмас. Сўровда иштирок этган 41 фоиз австралиялик Мессини билшини таъкидлаган бўлса, 61 фоизи Роналду ҳақида эшитганини маълум қилди.

- Россияда Криштиану машҳурроқ, албатта, асли шу ерлик қаллиғи Ирина Шейк билан бирга. Унинг рус диёридаги таниқлилик рейтинги 95 фоизга тенг. Лионелнинг кўрсаткичи эса 70 фоизга етди, холос.

- Ёш бўйича олганда, Роналду бу борада ўзига хос балансга эга. Яъни уни турли ёшдаги кишилар бирдек танишади. Месси эса нисбатан ёшлар орасида таниқлироқ. Яъни 18-24 ёшдаги овоз берувчиларнинг 93 фоизи Лео­ни билар экан. Унинг 55 ёшдан катта кишилар орасидаги машҳурлик рейтинги эса 81 фоизни ташкил этди. Ҳар­қалай, сўровда иштирок этганлар юзасидан айтганда шундай.

Кимга қандай муносабатда бўлишади?

Роналду машҳурлик бобида Мессидан маълум даражада устун бўлса, аргентиналик одамларнинг ижобий муносабатлари бобида олдинда. Хусусан, Мессини билувчи 78 фоиз киши унга ҳурмат билан қараши, чинакамига ҳавас қилишини билдирди. Криштиану эса ўзини танийдиган 68 фоиз кишидан ижобий баҳо олди, холос. Шунингдек, Мессининг ашаддий фанатлари ҳам кўпроқ - 26 фоиз. Роналдуни биладиганлардан эса атиги 18 фоизи ўзини «ашаддий», деб кўрсатди.

Таҳлилий сўров жараёнида унинг иштирокчиларидан футболчиларнинг даражалари ва таъсир характерлари ҳам сўралди. Бу борада Роналду битта йўналиш - имидж бўйича юқори балл олди. Ҳарқалай, 81 фоиз киши Криштиануни мода яратувчиси мисолида кўрсатди, Лионель эса бу йўналишда 80 фоиз овоз билан чекланди. Бошқа барча йўналишларда аргентиналикнинг устунлиги қайд этилди. 84 фоиз овоз берувчи уни илҳом уйғотувчи (Роналду - 80 фоиз), 88 фоиз киши эса таъсир этувчи (Роналду - 86 фоиз) шахс сифатида таъкидлади. Шунингдек, 76 фоиз овоз берувчи Мессига ишонишини (Роналду - 68 фоиз86 фоизи уни маъқуллашини (Роналду - 82 фоиз) билдирди. Энг қизиғи, Месси энг кўп маъқуллаш овозини ўзи учун «бегона» аудиторияда тўплади. Бошқача айтганда, Лео 55 ёшдан катта кишилар орасида унчалик таниқли эмас, лекин уни танийдиган «кекса» авлод вакилларининг 80 фоизи футболчини қўллаб-қувватлайди. Роналдуга эса унинг энг яқин аудиторияси нисбатан яхши муносабат билдирди. Оддий айтганда, 18-24 ёшли кишиларнинг 70 фоизи уни қўллаб-қувватлашга тайёр. Ҳар икки юлдузда энг паст маъқуллаш натижаси 17 ёшдан кичиклар, яъни мактаб ўқувчиларига дахлдор: Криштиану - 60 фоиз, Лионель - 63 фоиз.

Ким қандай пул топади?

Бугунги кун футболининг энг асосий икки «жавоҳори» реклама соҳасида қандай ишлаяпти? Уларга бизнес оламида талаб нечоғли кучли? Бу масалалар ҳам таҳлил давомида алоҳида кўриб чиқилди. Айтиш жоиз, асосан ўзаро рақобатлашадиган буюк брендлар Месси ва Роналдуга эҳтиёж сезишмоқда. Бошқача айтганда, савдо белгиларининг қарама-қаршилиги уларнинг асосий рекламачилари мисолида ҳам ўзгача тус олмоқда. Мисол учун, Месси Adidas «юзи» ҳисобланса, Роналду Nike манфаатларини ҳимоя қиляпти. Аргентиналик Turkish Airlines хизматларини тарғиб этса, португалиялик бу авиакомпаниянинг рақобатчиси - Emiratesга хайрихоҳ. Месси - бу FIFA ва Head&Shoolders, Роналду - PES ва Clear Shampoo. Тўғри, улар туташган реклама нуқталари ҳам бор, лекин фақат 2та. Булар - Samsung ва юлдузлар имзоси қўйилган маҳсулотларни савдога қўювчи Collectabillia компаниялари. Умуман олганда, икки мегеюлдузнинг реклама шартномаларидан оладиган даромади деярли тенг, аниқроғи, Роналду озгина кўп топади. Факт­лар асосида айтсак, аргентиналик майдондан ташқаридаги ишлар ортидан йилига 21,25 млн. доллар топади, португалияликнинг улуши эса 22,5 млн. долларга тенг.

Қисқача хулоса шуки, улар футболдаги муваффақиятлар нисбатида бўлгани каби одамлар муҳаббатини қозониш, таниқлилик бобида ҳам деярли тенг мавқега эгалар. Фақат бири нисбатан машҳурроқ, бошқаси эса суюклироқ..

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:54, 11.12.2014.
Ўқилди: 11512 марта.
Фикрлар: 18 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.