Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Футболимизда йирик юбилейлар йили

Баҳо:
+ | -

Vана, мамлакат чемпионатининг яна бир мавсуми ортда қолди. Биринчи навбатда, бундан 20 йил аввал, яъни 1994 йилнинг 17 октябрь куни Ўзбекистон миллий жамоаси узоқ Хиросима (Япония)да Осиё ўйинлари ғолибига айланганини эслатиб ўтишни жоиз билдим. Ўшанда вакилларимиз финал баҳсида Хитой термасини ишончли тарзда мағлуб этишганди - 4:2!

«Пахтакор» бу йилги мавсумда 10-марта мамлакат чемпиони бўлди! Асосийси, «шерлар» мураккаб масофани айтарли «нуқсонсиз» босиб ўтишди. Бу билан клубнинг барча футболчилари, шунингдек, жамоа раҳбариятини яна бир марта табрикласак арзийди. Тўғри, 23та ғалаба ва 3та дуранг - бу мутлақ кўрсаткич эмас. Рекорд натижа пойтахтнинг яна бир клуби - «Бунёдкор» ҳисобида: «қалдирғочлар» 2009 йилги мавсумни 28та ғалаба ва 2та дуранг билан тугатишганди. Бироқ «Пахтакор»нинг олтин медали бу билан хиралашиб қолмайди...

Яна бир «аҳамиятли» рақамга эса кўпчилик унча эътибор қаратмаган бўлса керак: Ўзбекистон чемпионатлари тарихида олий лига формати илк марта 5 йил давомида ўзгаргани йўқ. Яъни шунча вақт оралиғида элит дивизионда 14та жамоа иштирок этди. Бунгача 1993-1996 ва 2006-2009 йилларда кетма-кет 4 мавсум лигада 16та клуб қатнашганди. Шундай қилиб, 2004 йили бошланган давр ичида лигада 14та жамоа иштирок этган мавсумлар сони сезиларли даражада кўп бўлди. Бу орада чемпионат иштирокчиларининг ўртача сони 15тадан ҳам тушди. Айнан шунинг учун ҳам шубҳасиз таъкидлаш мумкин, Ўзбекистон чемпионатлари тарихидаги охирги 11та мавсум янги давр ҳисобланади.

Энди шу даврда асосий турнирда қатнашган барча клубларнинг умумий - ўртача кўрсаткичларига асосланган яхлит жадвал тузамиз. Бундай жадвал шакллантиришнинг қоидалари доимий ўқувчиларимизга яхши маълум: клуб ҳар сафарги иштироки учун «ўрин коэффициенти» олади. У турнир жадвалидаги ўрни муайян мавсумдаги лига иштирокчилари сонига бўлинган ҳолда чиқарилади. Бундай содда формула турли йилларда лига иштирокчиларининг беқарор сонини умумий критерия - БИРЛИКда келтириш имконини беради.

Ўртача кўрсаткичларнинг ўзаро таққоси барчага яхши маълум аниқ тенденцияни мутлақо тасдиқлаяпти. Бу йилларда фақат 1-ўринни эгаллаган, шунчаки, жойини алмаштириб турган 2та етакчи қолганлардан сезиларли даражада ўзиб кетган. Қаршининг «Насаф» клуби эса ҳозирча 3-поғонани мустаҳкам эгаллаб турибди. Бироқ бу даврнинг илк йиллари энди-энди шакллана бошлаган ва охирги мавсумларда етакчилар қаторига қўшилган пойтахтнинг «Локомотив» клуби ўртача кўрсаткич бўйича экватордан ўтди, холос...

Давомида эса барчаси аниқ-равшан тушунарли. «Нефтчи», «Машъал» ва «Олмалиқ» клублари навбати билан ўз жойларини алмаштириб, жадвалда ғалабаларнинг мағлубиятларга нисбати яхшироқ бўлиши талаб этиладиган поғоналарни эгаллаб туришибди... Бироқ бу сафар ҳаттоки, 5-поғона нолга тенг балансга эга муборакликларга насиб этди, яна биринчи марта эмас!?

Шунинг учун биринчиликлардаги барча кўрсаткичлар характеристикасини алоҳида жадвалда келтириш ўзига хос маъно касб этади. Бунда ҳаммаси мутлақо тушунарли: лигада 14та жамоа қатнашса, чемпионатда ишончли, барқарор ва истиқболли ўзига хос «ўртамиёна» клублар пайдо бўладиган вақтни кутиш ножоиз! Айтайлик, 11та мавсум давомида атиги бир марта лигадаги жамоаларнинг тенг ярмида нолга тенг баланс кузатилди... 4та мавсумда эса умуман ноёб ҳолат вужудга келди (** кўринишида ажратилган) - айрим жамоалар ҳар икки ўйиндан бири ёки кўпроғида ғалаба қозонишни уддалашди, мағлубиятга нисбатан фарқ эса ҳаттоки, 5та учрашувга ҳам етмади...

Энди эса бошқа чемпионатлар тарихи бўйлаб қисқа саёҳат уюштиришга уриниб кўрамиз. Аниқроғи, айрим  мамлакат чемпионатларида 14та жамоа иштирок этган мавсумларни яхлит ҳолда келтирамиз.

Баъзан 9та жамоа «0» кўрсаткичи билан чиққанидан сира ҳайрон қолманг! Англияда 123 йил олдин дастлабки 9та клубдан нақ 4таси «0» кўрсаткичини қайд этган, Испанияда эса 1947 йили 3та жамоада шундай натижа кузатилган. Бошқаларини тасаввур қилиш қийин эмас: муайян чемпионатларда 5-6-ўринни эгаллаган клубларнинг барқарорлик ҳолати чакки бўлмаган. У бизнинг чемпионатдаги ҳолатга анча ўхшаш!!!

Умуман, бу ерда гап мураббийлар ва футболчиларнинг шахсий хусусиятлари ва қобилиятларида ҳам эмас, балки умумий шароитда. Чунончи, бақувват жамоа шакллантириш учун камида 3 йил вақт талаб этилади. Юқорида кўрсатилган ҳолатларда эса бундай вақт шунчаки, бўлмаган...

Шу жойда «Интерфутбол»нинг доимий муаллифи ва таниқли мутахассис Д.Поповга тегишли «Бизга Қандай чемпионат керак?» мақоласидан парча келтириш ўринли: «Қаерга қарама, лицензияга эга мураббийга дуч келасан. Бу яхши эканлиги хусусида баҳслашмайман, бироқ яхшилик паст ва ўртача даражада, холос. PRO лицензиясига эга 20 нафардан кўп мутахассисга эга ҳолда, шундай чемпионат...» Эҳтимол, кимдир собиқ иттифоқ ТВсида такрорланмас Николай Озеров порлаган вақтлар ҳам охирги ўринларда бўлмаган машҳур шарҳловчи Геннадий Орловнинг яқинда айтган қуйидаги гапларини эшитмагандир: «Фабио Капелло бошқарувидаги Россия термасидаги академия нима ўзи? Мураббийлар штабидаги мутахассислар футбол дипломини гўёки, метрода сотиб олишгандек. Улар нега олий футбол таълимига эгаликларини ўйинларда тасдиқлолмаяптилар?» (1:1 ҳисобида якунланган Россия-Молдова ўйинидан сўнг).

Ғалати ўхшашлик, шундай эмасми? Хўш, бизда ҳам, у ерда ҳам ўзини кўрсатиш имконияти етарли бўлган вақтда дипломга эга кўпсонли мутахассислар нега унчалик самара бера олишмаяпти?? Шу муносабат билан сизларга битта эски воқеани айтиб бермоқчиман. Бир сафар ўша вақт «Ташкентскўй Правда» ёки «Правда Востока» газетасида бош муҳаррир сифатида ишлаган (аниғини эслолмайман) Александр Тимофеевич Пукемов мендан Хаген Бейхауэр ва Эрнст Шмакке қаламига мансуб «ЖАҲОН 2000 ЙИЛДА. Халқаро башоратлар рўйхати» (1973 йили чиққан) китобига муносабат билдиришимни сўраганди. Шуниси борки, ўша китобда келтирилган айрим башоратлар ҳозирги кунга қадар амалга ошгани йўқ:

- Ҳаётнинг ўртача давомийлиги 85 йилни ташкил қилади (бунда бутун сайёрада яшовчилар умумий ҳолатда олинган);

- Минглаб йўловчиларга хизмат кўрсатувчи дирижабллардан кенг миқёсда фойдаланилади (дирижабллар оммавий бўлгани йўқ, ҳозирда энг йирик самолёт ҳисобланган А-380 ҳам 1000 нафардан анча кам йўловчи олади, боз устига, унинг кенг фойдаланишига ҳали анча борга ўхшайди);

- 2000 йилгача олимлар барча бактерияларга қарши антибиотик ва вакциналар кашф этишади (қани эди, ўша башорат тўғри чиққанида, эбола вирусининг навбатдаги хуружи  кузатилаётган ҳозирги пайт қандай қувонардик...). Ҳозир амалга ошган ва ОШМАГАН башоратларнинг аниқлик билан ўзаро таққослашдан маъно йўқ. Фақат бир нарсани таъкидлашим мумкин, фоиз бўйича олганда, натижа лол қолдирадиган даражада ўта паст.

...Хўш, мураббийлардан, майли, улар PRO лицензиясига эга бўлишсин, НИМАНИ ТАЛАБ ҚИЛИШ КЕРАК? Ахир илм-фаннинг энг илғор кишилари ҳам (уларнинг унвонлари ва мақомлари дейлик, PROдан анча юксак!) оддий айтганда, СОДДА ОРЗУ ҚИЛУВЧИ бўлиб чиқишяпти-ку. Моҳиятан олганда, мутахассисларнинг самарадорлиги ҳеч қачон ва ҳеч қаерда оддий фуқаро кутганчалик даражага етмайди. Айниқса, футболда самарадорлик ҳаттоки, 50 фоизга ҳам яқинлашмайди...

А.Поповнинг мақоласига қайтамиз: «Агар ўша Европа билан таққослайдиган бўлсак, у ерда ҳам кучли мураббийларга эга клублар лигадан тушиб кетишади. Бироқ бизнинг турнирда 4 ва 14-жамоа орасидаги масофа - чексиз жарлик. Шундай экан, бу борада қандайдир таққослашга уриниш ҳам кулгули». Келинг, энди ўртага қуйидаги саволни ташлаймиз: «Бизда бир неча етакчилар ва қолган барча жамоалар ўртасида шундай жарлик юзага келишига «қолганлар» учун мукаммалликка интилиш шароити шунчаки, йўқлиги сабаб эмасми?» Бугун сен ўша етакчилар қаторига қўшилсанг, эртага яна фақат «олий»дан тушиб кетмасликни орзу қилувчиларга тўқнаш келасан... Англия ва Испанияда жамоалар сонини ритмик тарзда ошириб борган бўлсалар, бизда бунинг акси кузатилган. Ахир 2004 йилгача миллий биринчилигимиз олий лигасида камида 16та жамоа кураш олиб борган.

Яқинда «Оқ-тепа» клуби раҳбарияти олий дивизионда 16та жамоали форматга қайтиш таклифини билдирганди. Умуман, кўплаб мутахассислар шундай маънода фикр билдиришганди. ЎФФ раҳбарияти ниҳоят, элита сафини кенгайтирди. Агар шу йўналишда давом этиб, камида 18 нафар бош мутахассисга ўз салоҳиятини амалда кўрсатиш имкониятини тақдим қилсак нима бўларкин? Чунончи, бундай тизим Европадаги 5та энг яхши лига ва Ж.Америкадаги 2та энг кучли биринчиликда аллақачон жорий қилинган... Тўғри, бунда аввало, сабр ва бардош талаб этилади - эртагаёқ ҳаммаси яхшиланиб қолмайди. Илк меваларни фақат 5 йилдан сўнг кутиш мақсадга мувофиқ. Ҳа, бунга дарҳол эътирозлар туғилиши мумкин: «Шунча яхши футболчини қаердан топиш мумкин?», «Шунча ўйинга қандай вақт ажратилади?» Эсласак, бизда кубок финали 13 декабрь куни ҳам бўлган. Қолаверса, юқорида таъкидланган лигалардаги ажойиб жамоалар яхши савиядаги футболчиларни қаердан топишган? Ахир қачонлардир ҳеч қаерда супержамоалар ҳам, супер-футболчилар ҳам умуман бўлган эмас-ку!!!

Александр ХОРИН.

Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ таржимаси, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 17:07, 12.12.2014.
Ўқилди: 7566 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.