Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

"Бухоро"нинг муваффақиятсизлиги сабаблари ҳақида мулоҳазалар

Баҳо:
+ | -

Кўплаб  мутахассислар 2014 йил мавсуми  «Бухоро» учун омадли бўлишини башорат қилишганди. 2013 йил Ўзбекистон чемпионати жадвалидаги еттинчи ўрин янги  муваффақиятлар сари трамплин ўлароқ талқин этилганди. Бироқ барчаси бунинг акси бўлиб чиқди. Қуйида нега бундай бўлганини изоҳлашга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Биринчи сабаб: Жамоа таркибини шакллантириш билан боғлиқ муаммолар
Бош мураббий Эдгар  Гесс мавсум аввалида клубга беш-олти нафар ёш футболчиларни жалб қилди.Унингча, биринчи жамоага таклиф қилинган  ёш ўйинчилар бундан руҳланиб, катта қадамлар билан жадаллашиб бориши керак эди. Афсуски, ёшлар мураббийнинг ишончини мутлақо оқлашолмади: жамоада гол уриш камайиб, гол ўтказиб юбориш  кўпайди. Умуман , бундай аянчли ҳолат учун барча айбдор, десак ўринли бўлади. Масалан, аввалги мавсумда мухлислар олқишига сазовор бўлган легионерлар бу сафарги чемпионатнинг асосий қисмини тушкун кайфият ва «мудроқликда» ўтказишди. Голкипер Корнейчук ҳам ўтган йиллардагидек ўзидаги ишончни намойиш қилолгани йўқ. Ҳимоячилар эса ғайриодатий нуқсонлар оғушида қолишди.  Савол туғилади: Нега? Аслида, трансферлар ишида ва жамоани  мукаммал шакллантиришда бир қатор хатоликларга йўл қўйилгани шубҳасиз. Эдгар Яковлевич ва унинг мураббийлар штаби ҳолатни ўнглашга уриниб кўришди, лекин ҳаракатлар натижа бермади, беҳуда кетди.

Иккинчи сабаб: Кескин ўзгаришлар
Ёз ойида мураббийлар штабида ўзгаришлар бўлди. Туркманистонлик мутахассис Сеид Сеидов ва унинг ёрдамчилари «Бухоро» билан ишга киришди. Янги  раҳбарият жамоа олдига мамлакат олий лигасида қолиш вазифасини қўйди. Сеидов, (дарвоқе у мураббийлик фаолияти билан  шуғулланиш учун  бериладиган «Рро» лицензиясига эга бўлмагани ҳолда), мажозан айтиш мумкинки, чўкаётган кемани қутқариб қолишга жазм этганди. Бунга қўшимча тарзда, Улуғбек Бақоевнинг  жамоага қайтиши бухоролик мухлисларни руҳлантириб юборди.  Узоқ кутилган ўзгаришлар даври келганди. Ижобий томонга силжишга мойиллик сезила бошлади. Аммо вазият кенгроқ фикрлаб, узоқ муддатли, истиқболли режалар ишлаб чиқишни талаб этарди . Бунинг учун эса анча вақт керак. Ҳолбуки, айнан вақт масаласи жуда тиғизлашиб, имконият қолмаганди.

Учинчи сабаб: Руҳият билан боғлиқ муаммолар
Минг афсуски, аксарият жамоалар ўйинни ечиниш хонасидаёқ ютқазиб, бой бериб қўйишади. «Бухоро» футболчиларида аввал ҳам, ҳозир ҳам бевосита руҳиятга дохил муаммолар бўлган ва бўлмоқда. Мутахассисларнинг гувоҳлик беришича,  грандлар билан ўтказиладиган учрашувларда майдонга тушишдан аввал,  жамоа ўйинчиларининг қўрқувдан, ҳатто, тиззалари қалтирагани кузатилган. Бундай салбий омилни ҳисобга оладиган бўлсак, мазкур клуб билан кўзланган юқори марраларга эришиш жуда мушкул. Руҳиятдаги ана шундай оғир «юк» ҳар қандай шароитда ҳам жамоани фақатгина қуйига йўналтириши аниқ.

Тўртинчи сабаб: Жамоада қатъий ўйин интизомининг йўқлиги
Ҳар бир мураббий машғулотларда қўл остидагилари унинг кўрсатмаларини рисоладагидек бажаришларини, майдонда машқларни тўлақонли, чин юракдан адо этишларини жуда-жуда хоҳлайди. Агарда талаб этилаётган шартлар бажарилмаса - бари чиппакка чиқади. «Бухоро» футболчиларида ўйин интизоми умуман йўқлигини алоҳида эътироф этиш ўринли. Айниқса, жорий мавсумда бу иллат яққол намоён бўлди. Айтилганлардан хулоса қиладиган бўлсам, йўл қўйилган  камчиликлар ва  нуқсонлар  жамланиб, каттагина йўқотишларга олиб келди. Якуний натижа эса ачинарли, албатта, (12-ўрин). Ишончимиз комилки, масъул мутасаддилар ва мураббийлар штаби  қисқа фурсатда жамоани муносиб ўринларга олиб чиқишга эришади.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 17:45, 15.12.2014.
Ўқилди: 4030 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.