Испан футболи деганда, биринчи навбатда ҳар қандай ишқибоз кўз ўнгида «Реал» ва «Барселона» клублари гавдаланади. Фақат улардан кейин бошқа жамоалар номи тилга олинади. «Валенсия» ўз даврида примера грандларига ҳақиқий рақобат кўрсатиб келган. Аммо охирги йилларда «Кўршапалаклар» молиявий томондан жиддий муаммоларга йўлиққанлари боис ҳатто Еврокубоклардан четда қолиб кетмоқдалар. Табиийки, ўзига яраша шонли тарихга эга бўлган клубнинг мухлисларини бундай ҳолат қониқтирмайди. Ўз навбатида раҳбарият мураккаб вазиятдан чиқиб кетиш учун жамоа учун қайғурадиган кишини қидиришга тушди. Мутасаддилар сингапурлик миллиардер Питер Лим тимсолида шундай халоскорни кўрдилар. Осиёлик машҳур ишбилармонлардан бири «Валенсия»ни худди олдингидек Испанияда «Қироллик клуби» ва «Барса»дан кейин учинчи зарбдор кучга айлантира олармикин? Бу саволга эса фақат яқин йилларда жавоб олиш мумкин. «Еврофутбол.ру» сайти ходимлари қуйидаги мақолани тақдим этишди.
ОСИЁЛИК ХАЛОСКОР
2008 йили жаҳон иқтисодиётида инқироз бошлангани клубларга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қўймади. «Валенсия»да ҳам бу ўз аксини топиб, Еврокубокларда мунтазам иштирок этиб келган жамоа молиявий муаммолар гирдобида қолди. Одатда бундай ҳолат юзага келган пайтда раҳбарият клуб таркибидаги етакчи ўйинчиларни четга сотиш орқали вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга ҳаракат қилади. Бунга қадар асосан ЧЛда иштирок этиб келган «Кўршапалаклар» жамоаси шундай сиёсатнинг қурбони бўлди. Тўғри-да, етакчилар сотиб юборилганидан кейин уларнинг ўрнига муносиб ижрочилар олиб келинмаган тақдирда манаман деган клуб ҳам «синиб» қолиши ҳеч гап эмас. Левантияликлар жамоаси мутасаддилари эса эртани ўйламасдан ҳаракат қилдилар. Натижада «Валенсия»да олдинги ўйин кўзга ташланмай қолди. Боз устига мураббийлар худди қўлқоп сингари алмаштирила бошланди. Хуллас, бир муаммо иккинчисини юзага келтиришга тушди.
Агар футбол оламидаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб келаётган бўлсангиз, «Валенсия»нинг охирги йилларда жарангдор харидларни амалга ошира олмаганига гувоҳ бўлишингиз турган гап. Тўғри, бир қанча номи чиққан ўйинчилар «Месталья»га олиб келинди. Лекин улар клубга кутилган даражада фойда келтира олмадилар. Табиийки, бундай ҳолат жонкуяр ишқибозларга ёқмайди. Мухлислар ҳар мавсумлар оралиғида раҳбариятдан у ёки бу ўйинчини «Валенсия»га олиб келишни талаб қилдилар. Мутасаддилар эса молиявий муаммолар туфайли бунинг иложи йўқлигини айтиб, ўзларини оқлашга тушдилар. Охир-оқибат жамоа гарданидаги қарзларнинг ортиб бориши янги хўжайин қидириш ишлари бошлаб юборилишига туртки берди. Бу йўлда «Валенсия» вакиллари анча сарсон бўлдилар. Ниҳоят, ўтган мавсумда улар сингапурлик миллиардер Питер Лим билан келишишга муваффақ бўлдилар.
Таъкидлаш жоизки, левантияликлар жамоасининг мутасаддилари расмий музокара бошламасдан олдин Лимни обдон ўргандилар. Осиёлик ишбилармоннинг Сингапур олимпия қўмитасига 10 миллион доллар хайрия қилгани «Валенсия» раҳбариятини сергак торттирди. Қолаверса, бунга қадар ОАВ орқали футболнинг ашаддий ишқибози бўлган Питер Лимга «Ливерпуль», «Рейнжерс», «Милан» ва «Миддлсбро» клублари томонидан қизиқиш билдирилгани кенг ёритилишга тушганди. Сингапурлик миллиардер «Валенсия»нинг таклифига розилик берганидан сўнг клубни сотиб олиш истагидаги бошқа номзодлар четга ўтдилар. Питер Лим билан музокарани яқингача «Валенсия» президенти лавозимини эгаллаб келган Амадео Сальво олиб борганини айтиб ўтиш керак. У Сингапурга учиб бориб, бўлажак халоскор билан юзма-юз учрашишга қарор қилган. Уларнинг ўртасидаги музокарага «Bankia» банки раҳбарияти ҳалақит берганини айтиб ўтиш жоиз. Негаки, айнан шу банк клубга катта миқдорда қарз берган.
«Кўршапалаклар» жамоаси ишқибозларининг бахтига музокаралар чоғидаги бундай аралашув зиён келтирмади. Аксинча, Питер Лим ҳаммасини ҳал этишга қарор қилди. Ўзингиз яхши биласиз, ўтган мавсум якунига кўра «Валенсия» Еврокубоклардан четда қолди. Шундай бўлса ҳам сингапурлик миллиардер ортиқча ўйланиб ўтирмади. Жорий йилнинг майида томонлар якуний тўхтамга келдилар ва Питер Лим левантияликлар жамоасини сотиб олишга аҳд қилди.
ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР
Одатда клуб бошқарувида ўзгариш юз берганидан кейин янги лойиҳалар ишлаб чиқарилади. Банклардан катта қарзи бўлган «Валенсия»ни сотиб олган Лим ҳам ихтиёрига ўтган жамоани муаммолар гирдобидан олиб чиқиш учун режалар тузишга киришди. Узоқни кўра оладиган осиёлик халоскор ишни муносиб ҳамкорни қидиришдан бошлади. Охири бу ролга футбол агентларининг «қироли» ҳисобланадиган Жорже Мендеш лойиқ кўрилди. Маълумки, биринчи рақамли агент жаҳон футболидаги кўзга кўринган юлдузлар билан ишлайди. Уларни номма-ном санаб ўтиш шарт бўлмаса керак. Фақат биргина мижоз - Криштиану Роналдунинг номини тилга олиш кифоя қилади. Албатта, Питер Лимнинг бундай танлови «Валенсия» ишқибозларини жуда қувонтириб юборди. Лекин улар кутганидек, янги хўжайин дарҳол мегахаридларни амалга оширишга киришиб кетмади. У Мендешнинг маслаҳати билан Хуан Антонио Пиццини ишдан бўшатиб, бош мураббийлик вазифасини португалиялик Нуну Эспириту Сантуга топширди. Табиийки, ўртадаги битим муддатидан олдин бекор қилингани учун Пиццига товон пули тўланди.
«Кўршапалаклар»нинг янги устози ўз вақтида футболни профессионал даражада ўйнаган. Айтишларича, Санту Мендешнинг биринчи мижозларидан бири ҳисобланади. Бутсаларини михга илганидан сўнг у ҳам ўзини мураббийликда синаб, «Риу Аве» устози сифатида бошқаларда яхши таассурот қолдира олди. Жорий мавсум Лим билан Мендешнинг мураббий танлашда хато қилмаганларини ҳозирча исботлаб турибди. Чунки ўтказилган 14 турдан сўнг «Валенсия» мусобақа жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди. Ҳолбуки, клуб ёзги трансфер бозорида қатор харидларни амалга оширмади. Мавзудан узоқлашиб кетмайлик. Питер Лим ихтиёрига ўтган клубни босқичма-босқич олдинги даражага олиб чиқишга қарор қилган. У дастлаб молиявий муаммоларга барҳам беришни, қурилиши тўхтатиб қўйилган янги стадионни тўла битказишни ва жамоанинг истиқболи учун яна бир қанча режаларни ўйлаб қўйган. Шу боис ҳозирдан хулоса чиқариш ярамайди. Асосийси, ишқибозларнинг раҳбариятга бўлган эътирозлари кескин камайган. Лимнинг ҳамкорига айланган Мендеш туфайли Жоау Конселу, Рубен Везу, Филипе Аугусту, Андре Гомеш ҳамда Родриго Морено каби футболчилар янги мавсумни «Валенсия»да қарши олдилар. Дарвоқе, осиёлик ишбилармон клуб акцияларининг 70,4 фоиз акциясини тўла сотиб олганидан кейин унинг хўжайинига айланган. Ўшанда у акциялар учун 100 миллион евро сарфлаганди. Бундан ташқари Лим «Валенсия»нинг банклардан бўлган 360 миллион еврога тенг қарзини тўлашни зиммасига олган. Фақат шундан сўнг жамоа ишқибозлари енгил тин олганларини айтиб ўтиш ўринли бўларди.
КАМТАР ХЎЖАЙИН
Футбол оламида бирор-бир клуб раҳбариятида ўзгариш юз берадиган бўлса, хўжайин ёки президентга айланган шахс ишни баландпарвоз ваъдалар бериш билан бошлайди. Лекин Питер Лим улардан фарқли равишда «Валенсия» хўжайини сифатида жамоа мухлисларига «олтин тоғ»ларни ваъда қилмади. У ўзининг испан клуби эгаси сифатида берган илк баёнотида қисқача шундай деганди: - Жамоа раҳбарияти билан келишувга эришганимиздан хурсандман. Мени қўллаб-қувватлаётган клуб ишқибозларига миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Юқорида айтиб ўтилганидек, «Bankia» музокаралар чоғида ишнинг «белига» тепишга уриниб кўрди. Яъни, банк раҳбарияти «Валенсия» мутасаддиларига қарзлардан тезроқ қутулишни ва шундан кейин янги хўжайин қидиришни талаб қилишга тушганди. Шу боис ўша кезларда испан матбуоти клубнинг осиёлик миллиардер билан келиша олмаслиги мумкинлиги хусусида жуда кўп ёзганди. Лекин Питер Лим таклифни қабул қилиб, банк мутасаддиларига қарзни тўлаш ҳақида кафолат берганидан кейин ишқибозларнинг юзига қон югурди. - Жаноб Питер Лим қарзларни тўлаш учун кафолат берди, - деганди Амадео Сальво шу хусусда маҳаллий матбуот вакилларига берган баёнотида. - Энди қарзлар масаласида ортиқча қайғуриш шарт эмас. Энг асосийси, жаноб Лим «Валенсия»ни боши берк кўчадан олиб чиқиш учун астойдил ҳаракат қилиш истагида.
КЛУБ ТАРИХИДАГИ ДАСТЛАБКИ АЁЛ ПРЕЗИДЕНТ
Банклар билан боғлиқ муаммолар ҳал этилганидан сўнг «Валенсия»да янги президент иш бошлади. Чен Лэй Хун клуб тарихидаги биринчи аёл президентга айланди. Буни қарангки, унинг жамоа бошқарув кенгаши аъзолари билан танишуви жуда қисқа муддатда амалга оширилди. Чен Лэй Хун ўша учрашувда шундай баёнот берди: - УЕФА томонидан қўйилган молиявий чекловлар туфайли бирор-бир ишга қўл уришдан олдин ҳаммасини обдон ўйлаб кўришимизга тўғри келади. Қолаверса, муваффақиятга бир зумда эришишнинг иложи йўқ. «Валенсия»нинг олдинги мавқеини тиклашимиз учун ҳаммамиз астойдил ишлашимиз керак. Бунинг учун бизда ўйлаб қўйилган аниқ режа ва мақсадлар бор. Жамоадаги ҳар бир ходим «Валенсия»нинг равнақи йўлида ўзини фидо қилиши даркор. Акс ҳолда ўсишга эриша олмаймиз. Ўз тарихига эга бўлган клубда иш бошлаш имкониятини қўлга киритганим учун аввало жаноб Питер Лимга миннатдорчилик билдиришим керак. Ишонаманки, унинг раҳнамолиги остида «Валенсия»ни ёрқин келажак кутиб турибди.
Кўриб турганингиздек, Чен Лэй Хун ҳам худди Питер Лим каби дарҳол катта ғалабаларга эришиш осон бўлмаслигини яширмаяпти. Бунинг учун биринчи навбатда банклар олдидаги қарздорликни буткул ёпиш керак бўлади. Албатта, сингапурлик миллиардерга 360 миллион еврога тенг бўлган қарзни бир уринишдаёқ тўлаб қўйиш қийинчилик туғдирмайди. Лекин у ҳамма ишни режа асосида олиб боришга одатланган.
БИРИНЧИ ГАЛДАГИ ВАЗИФА
Клубга яқин манбалар Питер Лим олдидаги биринчи галдаги вазифа молиявий масалаларни ҳал этиш эканлигини ёритмоқдалар. Айнан молиявий ишлар ҳар қандай клубнинг келажагини белгилаб беришини ҳамма яхши билса керак. Жаҳон иқтисодиётида инқироз бошланмасдан туриб «Валенсия» уй ўйинларини ўтказиш учун янги стадион қуришга киришганди. Лекин инқироз ҳамма ишни барбод қилди. Осиёлик миллиардер клубда иш бошлаганидан бери ишқибозлар «Янги Месталья»нинг яқин йиллар ичида битказилиб, тўлиқ ишга туширилишидан умидвор бўлмоқдалар. Табиийки, бу қўшимча муаммоларни юзага келтиради. Чунки стадионни барпо этиб, уни фойдаланишга топшириш осон иш эмас. Бунинг учун катта маблағ керак бўлади. Тўғри, жорий мавсум арафасида «Месталья»да таъмирталаб жойлар тўғриланди. Лекин янги стадион ҳақида ҳали тайинли баёнот берилмаяпти. Негаки, шундоқ ҳам «Валенсия»да ҳал қилиниши керак бўлган бир қанча муаммолар турибди. Боз устига клубнинг бугунги бюджети қурилиш ишларини давом эттириш имконини берадиган даражада эмас.
Одатда ўзига қимматбаҳо «ўйинчоқ» сифатида футбол клубини сотиб олган ҳар қандай миллиардер унинг ғалабаларини кўришни истайди. Питер Лим «Валенсия»нинг тўлақонли хўжайинига айланганидан сўнг маҳаллий нашрлар тез орада примерада чемпионлик йўлидаги рақобат янада кучайиб кетишини тахмин қилмоқдалар. Чунки сингапурлик ишбилармон футболнинг ашаддий мухлиси ҳисобланади ва клуб акцияларини сотиб олганидан сўнг вазиятни ўнглаш учун бор кучини ишга солишини айтган. Албатта, ёзги трансфер бозорида кўпчилик ундан катта харидларни кутганди. Бироқ «Кўршапалаклар» ўзларини сипо тутиб, эътиборли трансферларга қўл урганлари йўқ. Бу хусусда юқорида тўхталиб ўтилди. Муҳими, Жорже Мендешдек агент Питер Лим билан ҳамкорлик қилишга келишиб олган. Номлари юқорида зикр этилган ўйинчилар ҳам айнан унинг ёрдамида «Месталья»га олиб келинди.
Дарвоқе, куни кеча испан ОАВ орқали «Валенсия»нинг Родригони «Бенфика»дан бутунлай сотиб олгани ҳақида хабарлар тарқатилди. Маълумки, жамоа мавсум арафасида бу ўйинчини ижара асосида таркибга жалб этганди. Шунингдек, трансфер ҳуқуқи айнан «Бургутлар» жамоасига тегишли бўлган Андре Гомеш ҳам тез орада «Валенсия»нинг тўлақонли ўйинчисига айланади. Тўғри, ушбу ижрочилар Мендешнинг мижозлари эмас. Бироқ жаҳоннинг биринчи рақамли футбол агенти Португалияда ўзига яраша «империя» туза олган. Яъни, юртида барча клубларнинг раҳбарлари, футболчилар ва бошқа ҳамкасблари уни жуда ҳурмат қиладилар. Номи чиқмаган португалиялик бошқа агентлар учун Жорже Мендеш билан ҳамкорлик қилиш ҳақиқий омад ҳисобланади.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Кўриб турганингиздек, «Валенсия»да кенг қамровли лойиҳа асосида иш бошлаб юборилган. Питер Лим билан Жорже Мендеш аниқ режа асосида иш олиб бораётганларига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Бироқ «Кўршапалаклар»дан яқинда очиладиган қишки трансфер бозорида эътиборли харидларни кутиш амримаҳол. Лекин маҳаллий матбуот олдинги мавқеини тиклашга ҳаракат қилаётган «Валенсия»нинг Вильям Карвалью («Спортинг»), Карлос Вела («Реал Сосьедад») ёки Жованни Дос Сантос («Вильярреал») каби умидли ўйинчиларни бемалол сотиб олиши мумкинлигига ишонмоқда. Қисқаси, клуб мухлисларининг Лимдан умиди катта.
Ж.ҒУЛОМОВ тайёрлади.