Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Мурод Исмоилов: «Қуруқ гап билан футболчини жамоага таклиф этиб бўлмайди»

Баҳо:
+ | -

"Нефтчи" бош мураббийи Мурод Исмоилов ушбу ҳафтада "ФЭ" газетасига интервью бериб, тайёргарлик жараёни ва таркибдаги ўзгаришлар хусусида тўхталиб ўтди.

— Йиғинларга 10 декабрдан киришдик, — дея фикрларини ифода эта бошлади бош мураббий. — Бироз кечроқ ҳам тўплансак бўлаверарди. Эртароқ йигитларни йиғишдан мақсад ўзимиздаги борларини сафимизда ушлаб қолишдан иборат эди. Чунки чемпионат якунига етиши биланоқ бу ҳақда мураббийлар билан бош қотира бошлагандик. Ўзимизга керакли бўлган футболчилар билан гаплашиб олишимиз талаб этиларди. Мавсум тугаб, қарабсизки, кўз очиб юмгунча таътил ҳам поёнига етди. Эҳтиёж сезмаган бир қатор ўйинчиларга жавоб бердик. Айримларининг шартнома муддатлари якунланаётганлиги ҳавотирга солаётганди. Мана, хавфсирашимиз ўз исботини топиб, куни кеча Дилёрбек Эрматов «Бунёдкор»га кетиб қолди. Қолганлари билан ҳам оғзаки тарзда музокара олиб боришимизга тўғри келмоқда.

— Эрматовнинг шартнома муддати якунланганмиди?
— Ҳа, тугагани учун кетишга ҳақли эди. Биз эса унга ҳеч нима ваъда қила олмадик.

— Мавсум якунида ўйинчиларнинг шартномаларини узайтириш борасида гаплар бўлмаганмиди?
— Шу ҳақда бир неча бор гаплашдик. Мавсум якунига етсин деб айтилди. Кейин эса ҳеч қандай садо чиқмади. Худога шукр, иқтидорли ёшларимиздан Достон Турсунов, Жавоҳир Расулов ва Мурод Бобожоновлар билан шартнома тузишга эришдик. Катталарга эса оғзаки ваъдалар бериш билан чекланяпмиз холос. Янги мавсумдаги йиғинларда қандай тартибда ишлашимиз борасида алоҳида режа тузиб чиқиб, таътилга чиқишдан аввал раҳбаримизга тақдим этгандик. Унга кўра ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш учун иккита хориж сафарига чиқишимиз белгилаб қўйилганди. Ҳозирги кундаги имкониятларимиздан келиб чиқиб, биттасидан воз кечишимизга тўғри келди. Олдимизда футболчилар билан шартнома тузиш каби жиддий масала турибди. Ҳеч ким қуруқ гапларингизга учиб, жамоага ўтавермайди. Маблағ иқтисод қилиш мақсадида шундай йўл тутишга мажбур бўлдик. Четдан футболчи таклиф этиш борасида олдинга силжиш йўқ. Яна бир карра таъкидлайман, оғзаки ваъдалар орқали бугунги кунда ҳеч қандай ишни битира олмайсиз.

— Айрим молиявий муаммоларни ҳал этмай туриб четдан малакали ўйинчини сафларингга жалб қилиш ҳам осон эмас.
— Футболчилар аниқ тарздаги таклифга таянишади. Ватанпарварлик туйғусини биринчи ўринга қўядиганлар камайиб кетишган. Шу сабабли 17-18 нафар бола билан шуғулланиб туришга мажбурмиз. Шулардан 3-4 таси ёшлар жамоасидан ўтишган.

— Жамоани расман қайси футболчилар тарк этишди?
— Вячеслав Пономарёв ва Андрей Акопянцга ўзимиз жавоб бердик. Иқбол Бобохонов яхши савиядаги футболчи, аммо бир қатор масалаларда келиша олмаганлигимиз туфайли бошқа жамоага кетишни маъқул топди. Ониканинг намоён этган ўйини эса биз қўядиган талабларга сира мос тушмайди. Яхши натижаларга эришишни ният қиладиган бўлсак, футболчиларга шароитларни яхшилаб беришимиз талаб этилади. Майдонда меҳнат қилиб, натижа келтирадиган шулар. Муносиб имкониятлар қилиб берилса, талаб қилиб олиш ҳам осонроқ кечади. Шубҳасиз биздан катта натижалар кутишяпти. Ўтган мавсумда босим остида ишлашимизга тўғри келди. Савияли ўйинчиларни жалб қилиб, таркибни кучайтирмасак, ижобий натижани қўлга киритишимиз янада қийинлашаверади. Футболчилар интилишяпти, малакали ижрочилар уларнинг ёнига жамланиб, ортидан эргаштирсалар, мақсадга эришишимиз осонроқ кечади. Биз таркибимизда кўришни истаган футболчиларни ололмасак, мураббий сифатида мен ҳам натижага жавоб беришим қийин бўлади.

— Нуфузли клубларда декабрь ойи охирларига бориб кимнинг қолиш ёки кетиш масаласи узил-кесил ҳал бўлади. Кейинчалик мавсумга хотиржам ҳозирлик кўрилади. Бугунги ҳолатда эса «Нефтчи»га ҳали бирорта янги футболчи таклиф этилмаган. Бу ҳам ўзига яраша мураккабликларни келтириб чиқаради.
— Янги футболчилар борасида керакли тавсияларимизни берганмиз. Сафимизда қолганлар билан ҳам шартномани узайтириб олишимиз талаб этилади. Оғзаки гапларга эса ишонмасликлари аниқ. Белгиланган миқдорни айтиб, олди-қочди гапларга ўралашиб қолмаслигимиз даркор. Анча жиддий масала. Эртага майдонга чиққанимизда раҳбарлар, айниқса мухлисларимиз талабни жиддий қўйиб туришади. Уларни ҳеч қандай муаммо қизиқтирмайди. Натижа берасан, тамом-вассалом. Бу ўринда мураббийларнинг амалга оширган меҳнатлари чиппакка чиқиши ҳеч гап эмас. Вилоят раҳбарлари ва ҳомий ташкилот мутасаддилари клуб эҳтиёжи учун пул ажратиб бериб туришибди. «Нефтчи» ҳамма вақт ўз олдига юксак вазифаларни қўйиб келган. 6-8-ўринлар бизнинг жойимиз эмас. Умуман ярашмайди. Жиддий равишда курашмоқни ният қилсак, ишга ҳам муносабатни ўзгартиришимиз талаб этилади. Шароитлар етарли бўла туриб, натижа қилишни эплай олмасак, бу жой бизники эмас экан дея бўшатиб қўяйлик. Даража юқори бўлсин ва шунга яраша иш талаб қилсалар розимиз. Катта раҳбарлар клубимизга бефарқ эмаслар. Фақат ҳозирги кундаги мавҳумлик бироз ўйга толдирмоқда. Бир марта қўл ташлашдик, лафзимда туриб жамоага келдим. Ваҳоланки, «Пахтакор»да уч хонали квартира беришмоқчи эди, анча пулларим қолиб кетди. «Нефтчи»га ишлаш учун келганман. Аввалги нуфузини тиклашни мақсад қилганман. Вилоятимиз ҳокими Фарғона футболининг довруғини тиклаш учун астойдил ҳаракат қилиб, амалий ёрдамини аямаётган бир пайтда биз четда томошабин бўлиб тура олмаймиз.

Манба: www.fcneftchi.uz
Киритилди: 14:48, 21.12.2014.
Ўқилди: 3585 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.