Англия чемпионатининг 17-тури доирасида бўлиб ўтган "Ливерпуль" ва "Арсенал" жамоалари ўртасидаги ўйин жанговор дуранг билан тугади.
Майдон эгалари ҳужумкор тактика танлаши аниқ эди. Арсен Венгер эса ўз одатига терс тарзда қарши ҳужум тактикасини танлади ва бу услуб лондонликларга 3 очко келтириши ҳам мумкин эди...
Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида Филиппе Коутиньо 15 метрлардан зарба йўллаб, мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Мерсисайдликлар бўлимга қўшиб берилган бир дақиқа ичида устунликни сақлаб қола олишганида, иккинчи бўлимда руҳий устунлик улар томонида бўларди. Аммо Жерарднинг қоидабузарлиги учун белгиланган жарима зарбасидан "Арсенал" футболчилари фойдаланишди ва Дебюши ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимда ҳам ўйин суръати ўзгармади: мезбонлар ҳужум ташкил қилишди, меҳмонлар ҳимояланишди. "Канонирлар" ўйиннинг 64-дақиқасида уюштирилган қарши ҳужумдан сўнг олдинга олиб чиқишди. Касорла томонидан етказилган тўпни Жиру яқин масофадан дарвозага йўллади! Иккинчи бўлимга ҳакам 9 дақиқа қўшиб берди. Боиси, бўлим бошида Мартин Шкртелнинг боши ёрилгани боис тиббий ёрдамга 5 дақиқа сарфланганди. Қўшим берилган дақиқаларнинг еттинчисида айнан ўша Шкртел бурчакдан етказилган тўпни боғланган боши билан дарвозага жойлади!
Умуман олганда, "Ливерпуль" бугун мағлубиятга муносиб эмасди. Улар жуда кўплаб имкониятларни голга айлантира олишмади. Аммо қўшиб берилган дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолишди.
Дарвоқе, "Ливерпуль" майдонда ўн киши бўлиб ўйнаб, ҳисобни тенглаштиргани эътиборга молик. Фабио Борини қўшиб берилган вақт бошида майдондан четлатилганди.
Англия Премьер-лигаси, 17-тур
Ливерпуль – Арсенал 2:2 (1:1)
Голлар: 1:0 – 45 Коутиньо, 1:1 – 45 Дебюши, 1:2 – 64 Жиру, 2:2 – 90 Шкртел.
Ливерпуль – Жонс, Туре (Ламберт, 81), Шкртел, Сако, Коутиньо, Хендерсон, Лаллана, Стерлинг, Маркович (Борини, 74), Жеррард, Лейва.
Арсенал – Шченсни, Дебюши, Чемберс, Мертесакер, Гиббс, Фламини, Окслейд-Чемберлен (Кэмпбелл, 90), Касорла, Санчес (Монреаль, 90), Уэлбек, Жиру (Коклен, 82).
Огоҳлантиришлар: Фламини (14), Дебюши (47), Борини (90), Касорла (90).
Четлатиш: Борини (90).