Якунланиб бораётган 2014 йил спорт оламида нуфузли мусобақаларга бой бўлди. Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинлари, Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳри мезбонлик қилган XVII Осиё ўйинлари, қатор спорт турлари бўйича жаҳон ва қитъа миқёсидаги мусобақаларда спортчиларимиз муносиб иштирок этиб, Ватанимиз обрўсининг юксалишига ўз ҳиссасини қўшди.
Айниқса, Олимпия ўйинлари дастурига киритилган енгил атлетика бўйича эришилган натижаларни алоҳида таъкидлаш лозим.
2014 йилги спорт мавсумида енгил атлетикачиларимиз қатор нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришди. Жумладан, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган енгил атлетика бўйича ёпиқ иншоотлардаги VI Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учта олтин, учта кумуш, иккита бронза – жами саккизта медални қўлга киритди. Спортчиларимиз катталар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари, халқаро турнирларда ҳам муносиб иштирок этди. Айниқса, Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳри мезбонлик қилган XVII Осиё ўйинлари атлетларимиз учун муваффақиятли бўлди. Улар мазкур нуфузли мусобақада 2 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза медалга сазовор бўлди.
"Юртимизда биз, спортчиларга барча шароит яратиб берилган. Нуфузли мусобақаларда иштирок этар эканмиз, Президентимиз ва халқимизнинг бизга билдирган юксак ишончини доимо ҳис этиб турамиз. Бу ишонч мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритишимизда куч бермоқда", - дейди XVII Осиё ўйинлари ғолиби Екатерина Воронина.
"2014 йилда ўз олдимга юқори мақсадларни қўйгандим. Улардан бири 2010 йилда ўтган ёзги Осиё ўйинларида эришган ғалабамни яна такрорлаш эди. Бизга яратиб берилган юқори имкониятлар натижасида ушбу мақсадимга эришдим. Биз спортчилар учун келгуси йил жуда масъулиятли. Зеро, 2015 йилги мусобақалар биз учун XXXI ёзги Олимпия ўйинларига муҳим тайёргарлик босқичи бўлиб хизмат қилади", - – дейди икки карра Осиё ўйинлари ғолиби С.Радзивил.