"Барселона" ҳужумчиси Леонел Месси "Челси" ва "ПСЖ" клубларининг жиддий қизиқишига қарамай, фаолиятини Каталонияда давом эттиради, деб ёзади Mundo Deportivo.
Манба маълумотларига кўра, ўтган мавсумда Месси "ПСЖ"га ўтишга рози бўлмаган, ваҳоланки ўшанда парижликлар унга жуда фойдали таклиф билан чиққандилар. Шунингдек, аргентиналик юлдузга бефарқ эмаслигини "Челси" ҳам бир неча бор аён этган, бироқ Месси "Барселона"дан кетмасликка жиддий азм-у қарор қилган. Бунга сабаб сифатида футболчи бу клубни яхши кўриши ва бу ерда уни қўллаб-қувватлашларини ҳис қилиб туришини кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Мессининг "Барселона" билан шартномасида уни муддатидан аввал бекор қилиш суммаси 250 миллион евро экани белгилаб қўйилган.