Яқинда “Насаф” клуби янги мавсум учун дастлабки харидни амалга оширди. Унга кўра, украиналик ҳужумчи Александр Каблаш қаршиликлар билан расман шартнома тузди. Ўтган мавсумнинг иккинчи даврасидан “Сўғдиёна” таркибида тўп сурган ҳужумчи у ерда ўзидан илиқ таассурот қолдирди. Унинг ўйинлари эса “Насаф” мураббийларининг ҳаёлини “ўғирлади”. Каблаш янги клубига эга бўлгач, ундан дастлабки интервьюни олдик.
- “Насаф”га ўтганингиз билан табриклаймиз. Бу дейман, Ўзбекистонда тўп суриш сизга ёқиб қолдими?
– Ўзбекистонда тўп суриш чиндан ҳам менга ёқиб қолди. Юртингиз, бу ердаги одамларнинг очиқкўнгил ва меҳмондўстлиги, бир-биридан чиройли шаҳарлари ҳар қандай кишини ўзига ром этади. Бу ерга келганимга кўп бўлмаса-да, Ўзбекистонда ўзимни жуда қулай ҳис қиляпман.
- Эшитишимга қараганда, “Насаф”да тўп суриш ташаббуси ўзингидан чиққан экан…
– “Насаф”да тўп суриш ташаббуси ўзимдан чиққани хусусидаги узунқулоқ гапларга қўшилмаган бўлардим. Бундай маҳалда ҳаммаси қандай кечиши мумкин бўлса, шу руҳда ўтди. Агентим “Насаф”нинг хизматимга қизиқиш билдираётганини айтди. Шундан кейин ҳаммасини бафуржа ҳал қилдик. Айтишим керакки, бу клубга қарши ўйинлардаёқ уни ёқтириб қолгандим.
- Умуман айтганда, нисбатан кучсиз бўлган клубда тўп суриб, кейинчалик ундан кучлироқ жамоага ўтиш ҳақида ўйлаганмидингиз?
– “Сўғдиёна”ни кучсиз жамоа деб ҳисобламайман. Чунки чемпионат давомида кучли клубларга, жумладан “Насаф”га қарши жуда яхши ўйин кўрсатдик. “Бунёдкор” ва “Локомотив” сингари кечган беллашувларда ҳам таркибида юқори савияли ўйинчилари кўп бўлган бу жамоаларга етарлича муаммо туғдирдик. Эҳтимол, бу клуб таркиб ва молиявий жиҳатдан номлари юқорида зикр этилган рақиблар билан беллаша олмас. Аммо шунга қарамай, “Сўғдиёна” ўзига яраша кучли жамоа эканлигини кўрсата олди. Жамоа мураббийи Даврон Файзиев шогирдларини ўйинларга жуда яхши ҳозирлай олди. Албатта, ҳар қандай ўйинчи кучлироқ бўлган клубда тўп суришни истайди. Бу футбол. Ҳар қандай жамоада парвозлар ва пастга шўнғишлар кузатилади. Лекин ич-ичимдан бир кун албатта кучлироқ клубда тўп суришни истардим.
- Янги клубга ўтаётган пайтингизда нималарга эътибор қаратасиз: ўзингиз клубга мос тушасизми ёки аксинча?
– Шартномага имзо чекаётган пайтингизда бундай нарсалар ҳақида ўйламайсиз. Нега деганда, жамоа ичида қандай муҳит ҳукм сураётганидан хабарингиз бўлмайди. Сиз учун ҳамма нарса мутлақо нотаниш бўлади: мураббий, ўйинчилар, шарт-шароит ваҳоказо. Клубга келиб қўшилганингиздан кейингина ҳаммасига ўзингиз амин бўласиз.
- Нима деб ўйлайсиз, “Сўғдиёна” фаолиятингизда ўзига хос трамплин вазифасини ўтаб бердими?
– Албатта. Бу клубда тўп суриб кам бўлмадим. Куб раҳбарияти, мураббийлар штаби, ўйинчилар ва мухлислардан миннатдорман. Уларнинг барчасига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.
- Жиззахда тўп сурар экансиз, молиявий муаммоларга йўлиқдингизми?
Келинг, бу саволингизга жавоб бермай қўя қолай. Фақат шуни айтишим мумкинки, жамоада ҳамма менга яхши муносабатда бўлди. Шахсан менда бундай муаммолар бўлмади.
- “Насаф” “Сўғдиёна”дан кучли бўлган клубдир. Айтингчи, бу ерда янада кўпроқ ишлаётганингиз ўзингизга ҳам билиняптими? Яъни, ўзига хос фарқни сезяпсизми?
– Албатта, сезяпман. Бу ерда бутунлай бошқача савия бор. “Насаф”нинг ўзи иштирок этадиган мусобақаларда муваффақиятга эришиши учун бу ерда пойдевор бор. Чунки футболда юқори натижага эришиш учун кўп нарса муҳим аҳамият касб этади. Бу билан ўзим тўп сурган “Сўғдиёна”ни менсимаслик фикрида эмасман. Жиззахликлар энди шаклланиб бораётган жамоадир.
- Аксарият легионерлар чемпионатимизда у қадар ёрқин тўп сура олмайдилар. Сизнингча, муаммо нимада?
– Мен бундай деб ўйламаган бўлардим. Ҳар қандай легионер янги клубга кўчиб ўтганидан сўнг имкон қадар ўзини кўрсатишга интилади. Аммо кейинчалик уларнинг ўйинлари кўнгилдагидек чиқмай қолиши учун қандай омиллар салбий таъсир ўтказиши мумкинлиги хусусида аниқ бир гап айта олмайман. Шу сабаб бу саволингизга тўлақонли жавоб бера олмасам керак, деб қўрқаман.
- Айни пайтга келиб легионерларга ҳам ўзларига мос жамоа топиш қийинлашиб бормоқда. Сиз ҳам бу фикрга қўшиласизми?
– Албатта, бу жараённинг ўзига хос қийинчиликлари бўлади. Чунки футболчи ўзи учун мутлақо нотаниш бўлган юртга кўчиб ўтган маҳалда унинг маданияти, тили, урф-одати ва ўзига хос хусусиятларидан бутунлай бехабар бўлади. Қолаверса, иқлим, маҳаллий таомларга кўникма ҳосил қилиш учун маълум вақт керак бўлади. Шунинг учун омадини четда синаб кўришга қарор қилган ҳар қандай легионерга осон бўлмайди. Албатта, жамоадаги муҳит, унинг мавқеи ҳам бундай паллада ўзига хос аҳамиятга эга бўлади. Агар легионер ҳақиқий профессионал клуб сафига келиб қўшиладиган бўлса, мослашиш жараёни у қадар қийин кечмайди.
- Куни-кеча Осиё Кубоги баҳсларига старт берилди. Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинини кузатиб борасизми?
– Албатта, кузатиб бораман. Ахир шу ерда яшаяпман. Боз устига терма жамоангизда “Насаф”даги бир қанча шерикларим тўп суришади. Осиё Кубоги баҳсларини катта қизиқиш билан кузатаман.
- Украинада ўзбекистонлик легионерларга қарши ўйнашингизга тўғри келганми?
– Ҳа. Симферополнинг “Таврия” клубида ўйнаётган пайтимда Максим Шацких “Арсенал”да эди ва майдонда унга қарши тўп сургандим. У Украинада жуда таниқли ўйинчидир. Макс “Динамо”, “Арсенал” шарафини ҳимоя қилган, энди эса “Говерла”да ўйнамоқда. Унинг маҳаллий ишқибозлар орасидаги ҳурмати анча баланд.
- “Насаф” билан бир йиллик шартномага имзо чеккансиз, тўғрими? Агар ҳаммаси кўнгилдагидек кечса, ўртадаги келишув узайтириладими?
– Аввало биринчи навбатда амалдаги шартнома давомида ўзимдан яхшироқ таассурот қолдиришимга тўғри келади. Қолаверса, ўртадаги келишувни узайтириш фақат ўзимга боғлиқ бўлмайди. Ҳаммасини раҳбарият ҳал қилади. Агар ўзимнинг яхши томонларимни кўрсата оладиган бўлсам, келишув узайтирилишига шубҳа қилмасам ҳам бўлаверади. “Насаф”да жон деб қолган бўлардим.
- Суҳбатимиз охирида ўзингиз ҳақингизда бироз тўхталиб ўтсангиз?
– Мен “Черноморец” футбол клуби мактабининг тарбияланувчиси ҳисобланаман. Одессада туғилганман, маҳаллий “Черноморец” футбол мактабини тамомлаганман. Кейинчалик жамоанинг ёшлар, ўринбосарлар ва асосий таркибида тўп сурдим. 17 ёшимда бош жамоада дебютимни ўтказганман. Шунингдек, Украина ўсмирлар терма жамоасида ўйнаганман. Менинг биринчи мураббийим Семён Альтман ҳисобланади. Кейинчалик ўз омадимни бошқа клубларда синаб кўрдим. Ўзбекистонга келгунимга қадар биринчи ва олий лигаларда ўйнашимга тўғри келди.
ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.