Бугун машғулотлар якунига етгач, Жанубий Кореянинг бир қатор журналистлари терма жамоамиз сардори Сервер Жепаровдан қисқача интервью олишга муваффақ бўлишди. Шунингдек, корейс нашрларининг аниқлашларича, бугунги машғулотларда Саудия Арабистонига қарши тўп сурган 11 нафар футболчидан 10 нафари кўринмаган. Сергак корейс журналистлари Сервернинг сал оқсоқланиб юрганлиги, лекин машғулотга киришганда бинойидек ҳаракатланганлигига ҳам аҳамият беришган.
— Салом, Сервер. Жанубий Корея иштирокидаги ўйинларни кўрдингми?
— Австралия-Жанубий Корея ўйинини телевизор орқали томоша қилдим. Аввало, ғалаба билан табриклайман. Корейслар жуда яхши ҳаракат қилишди. Менимча, турнирдаги энг яхши ўйинлардан бири бўлди.
— Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги Корея ва Осиё Кубогидаги Корея ўртасида қандай фарқни кўряпсан?
— Иккала жамоанинг услуби бутунлай бошқача. Ҳозирги жамоа қисқа паслар орқали ўйин ташкил қилишга уриняпти. ЖЧ саралаш босқичидаги жамоа узун паслар асосида ўйнар эди.
— Қайси футболчиларимизнинг ўйини ёқди?
— Жанубий Кореянинг легионерлари ажойиб ўйнашяпти. Шулар асосий ишни бажаришмоқда.
— Энг яхши футболчимиз деб кимни айта оласан?
— Буни ҳозир айта олмайман. Қийин савол (кулади).
— Ўзбекистон неча йилдирки Жанубий Кореяни енга олмаяпти...
— Бу футбол. Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлади. Ўйинда кўрасиз. Ҳамма футболчиларимиз бор кучлари билан ўйнашади. Бизнинг мақсадимиз ғалаба.
— Жамоадошларингга Жанубий Корея футболчилари ҳақида маълумотлар бердингми?
— Бунга жавоб бермайман (кулади).
— Кей-лигадаги сўнгги мавсумингдан қандай таассуротлар қолди?
— Мураббийлар тез-тез алмашган бўлса ҳам Кубокни қўлга киритганлигимиздан мамнун бўлдим.
Отабек Йўлдошев
Жанубий Корея, Сеул