Эртага Осиё кубогида ярим финал ўйинлари бошланади. Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи Ули Штилике Ироққа қарши кечадиган ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Эртага бошқача ўйин бўлади. Биз мусобақага ФИФА рейтингида Осиёнинг учинчи жамоасида сифатида ташриф буюрганмиз, Ироқ эса рейтингда қитъанинг 13-рақамли жамоаси. Демак, эртанги ўйинда биз фаворитмиз. Лекин биз 2007 йилги Осиё чемпионига қарши ўйнашимизни биламиз", - дейди Корея бош мураббийи.
Ярим финал олдидан кореяликлар рақибга нисбатан бир кун кўпроқ дам олишди. Аммо ҳар иккала терма жамоа чорак финалда 120 дақиқалик ўйинда иштирок этишди.
"Биз бу ҳақда ўйлаётганимиз йўқ. Бор эътиборимизни ўйинга қаратганмиз. Агар машғулотларда жон куйдириб ишласаккина бир кун ортиқча кун самарасини кўра олишимиз мумкин. Ўйлаб ўтирсак, ҳеч нарсага эришмаймиз. Биз ўйнашимиз, рақибга тезкор гол уришимиз керак. Ана шунда Ироқ очилишга мажбур бўлади. Шунда у кўпроқ куч сарфлашга мажбур бўлиб, жисмоний жиҳатдан чарчаши мумкин. Бошқа ҳолатда бундан фойда йўқ", - дейди германиялик мутахассис.