Англия Премьер-лигасида пешқадамлик қилаётган "Челси" ва "Манчестер Сити" жамоалари ўртасидаги ўйин кутилганидек ўта қизиқ ўтмади.
Ҳар иккала жамоа ўз олдига энг аввало ютишни эмас, ютқазмасликни қўйди. Масалан, "Челси" ғалаба қозонса, орадаги фарқни 8тага етказиб, амалдаги чемпионликни ҳал қилиб қўйиши мумкин эди, аммо Моуриньо "Сити" билан ўйинда таваккал қилгандан кўра кейинги турларда бошқа жамоалардан очко олишда давом этишни маъқул кўрди.
Пеллегрини имкон қадар ғалаба қозониб, орадаги фарқни 2 очкогача қисқартиришни истади, аммо у ҳам фарқ 8 очкога ошиб кетишдан қўрқди.
Жамоалар биринчи бўлим охирида 4-5 дақиқа давомида ҳужумкор футбол намойиш қилиб беришди. Дастлаб Азарнинг узатмасини Лоик Реми голга айлантирган бўлса, Силва Агуэронинг зарбасини дарвозага тўғирлаб қўйди.
Ўйин давомида тўп назорати, хавфли вазиятлар яратиш бўйича устунлик "шаҳарликлар" томонида бўлди. Айниқса, Агуэро бирга бир вазиятда Куртуани доғда қолдира олмади.
Ушбу дуранг ҳар иккала жамоани қаноатлантирди. Орадаги 5 очколик фарқ сақланиб қолди. Пастдаги жамоалар "Челси"ни безовта қилишаётгани йўқ. Шундай экан, чемпионлик кураши мавсум охирига қадар ушбу жамоалар ўртасида билвосита давом этади.
АПЛ, 23-тур
Челси – Манчестер Сити 1:1 (1:1, 0:0)
Голлар: 1:0 – 41 Реми, 1:1 – 45 Сильва.
Челси – Куртуа, Иванович, Зума, Терри, Аспиликуэта, Рамирес, Матич, Оскар (Лофтус-Чик, 90), Виллиан (Дрогба, 80), Азар, Реми (Кэйхилл, 87).
Манчестер Сити – Харт, Санья, Демичелис, Компани, Клиши, Фернандиньо, Сильва (Йоветич, 90), Навас, Фернандо (Лэмпард, 77), Милнер, Агуэро (Жеко, 84).
Огоҳлантиришлар: Сильва (52), Фернандо (74).