Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Жаҳонгир Жиямуродов: "Вазифаси бор клубда ўйнашни истадим"

Баҳо:
+ | -
«Машъал» клуби янги мавсум аввалида таркибни кескин кучайтириш ишларини бошлаб юборди.   Хусусан клуб аввалида ҳафтада «Нефтчи»дан келган Иқбол Бобохонов билан битим имзолаганди. 17 январь куни эса муборакликлар иккинчи харидларини амалга оширишди. Аввалги мавсумда «Олмалиқ» сафида тўп сурган Жаҳонгир Жиямуродов «Машъал» билан бир йиллик шартнома тузди. Умуман олганда, Жиямуродов муборакликлар клуби академиясида таҳсил олган ва дастлаб шу жамоада тўп сурганди. Орадан йиллар ўтиб, у собиқ жамоасига қайтди. Жаҳонгир янги жамоага эга бўлгач, ундан дастлабки интервьюни олдик.

- Жаҳонгир ака, «Машъал»га ўтганингиз билан табриклаймиз. Янги жамоангиз сиз учун бегона эмас. муборакликлар билан шартнома тузганингиздан мамнунмисиз?

- Албатта! Мен ўз олдига юқори вазифаларни қўйган жамоаларнинг бирига ўтишни анчадан бери орзу қилиб келаётгандим. Ниҳоят, менга «Машъал»дан таклиф тушди. Клуб машғулотларида қатнаша бошладим. Барчаси ижобий кўриниш олди шекилли, раҳбарият билан келишган ҳолда бир йиллик битимга имзо чекдим. Хуллас, мен учун қадрдон жамоага қайтганимдан мамнунман. Негаки, «Машъал» клуби академиясида таҳсил олганман. Футболдаги дастлабки қадамларимни ҳам айнан шу жамоада бошлаганман. Шунинг учун ҳам «Машъал» мен учун ҳар доимо қадрли бўлиб келган.

- Эшитишимизга қараганда, «Машъал»дан ташқари, сизни олдингида яна иккита клубдан таклиф бўлган. Лекин сиз айнан «Машъал»ни танладингиз. Бу нима билан боғлиқ?

- Чиндан ҳам иккита жамоадан таклиф тушди. Лекин менинг «Машъал»га ўтишимни асосий сабаби ҳам, боя айтиб ўтганимдек, ўз олдига юқори вазифаларни қўйган жамоалардан бирида тўп суриш ҳисобланарди. «Машъал» ўтган мавсумда чемпионатни 5-ўринда тугатди. Янги мавсумда эса мақсадлар ундан ҳам юқоридир. Мана шундай клубда ўйнаш керак дея ўйладим. Бундан ташқари, жамоада асосан ёшлардир. Бу ўйинчилар билан биргаликда ўйнаб, аввалги ҳолатимга янада яхшироқ қайтиш фикри келиб қолди.

- «Олмалиқ»дан нега кетдингиз? Буни сабаби нимада?


- Бу жамоа билан ўртадаги битимим ўз ниҳоясига етганидан сўнг кетишга қарор қилдим. Клуб менга янги шартнома таклиф қилгани йўқ. Натижада, олдимда турган вариантларни кўриб чиқишга ҳаракат қилдим ва «Машъал»га келиб тўҳтадим.

- «Кончилар»да ўтган ярим мавсум сизда қандай таассурот қолдирди?


- Ёмон эмас. Ҳаммаси яхши кечди. Игорь Анатолевичь ажойиб мураббий экан. У билан ярим мавсум ишлаганимга қарамай, ўзимда катта таассурот қолдирди. Клубимиз ёшлар билан ташкил этилганига қарамай, анча тартибли футбол намойиш этиб келди. «Олмалиқ»даги  ишларим ёмон эмасди. Фақат, айрим учрашувларда омадсизликлар ўз таъсирини кўрсатиб қўйгани чакки бўлди.

- Янги жамоа билан бир йиллик шартнома имзоладингиз. Бу вақт мобайнида ўзингизни янада кўрсатишингиз учун етарли ҳисобланадими?


- Етарли  деган бўлардим. Мен «Машъал»га катта мақсадларни қўйган ҳолда ташриф буюрдим. Ўйлайманки, буни амалга ошириш учун боримни бериб бўлса-да, ўйнамоқчиман. Худо хоҳласа, ўзимда яхши таассурот қолдиришга тўғри келади. Агар ҳаракатларим ижобий бўлиб чиқса, кейинчалик битим янада узайтирилиши мумкин. Барчаси ўзимга боғлиқ.

- Фаолиятингиз мобайнида кўплаб мутахассислар билан биргаликда ишлаб кўрдингиз. Александр Хомяковни аввалги ишлаган инсонларингиз билан ўзаро солиштира оласизми?


- Мен ҳеч бирини ўзаро солиштирмасдим. Лекин Александр Хомяковни аввалдан яхши танийман ва унинг қандай мутахассис эканлигини жуда яхши биламан. Шунинг учун ҳам у ҳақида ортиқча фикр билдира олмайман. Билганим, ажойиб мураббий ва инсонийлик тарафдан ҳам яхши. «Олмалиқ» билан шартномам тугаганидан сўнг, менга ишонди ва ёнига чақирди. Дастлабки йиғинларда кўпроқ куч билан ишлашимни талаб қилди ҳамда талабларини бажарганимдан кейин, шартнома тузишга муваффақ бўлдим.

- «Насаф»да фаолиятингизни энг яхши дамларини ўтказаётгандингиз. Бирдан олинган жароҳат барчасини ўзгартириб юборди. Бу кутилмаганда рўй бердими ёки сизга кўз текдими?

- Буни кўз тегиши биланми ёки бошқа жиҳат билан изоҳлаш мумкин. Дарҳақиқат, «Насаф»да барчаси яхши кечаётганди. Фаолиятим мобайнидаги энг яхши дамларни ўтаётганди десам ҳам бўлади. Ўзбек футболига Жаҳонгир Жиямуродов бўлиб кириб келишимда ҳам айнан шу жамоанинг ҳиссаси катта бўлди дея оламан. «Насаф»да беш мавсум ўйнадим. Умуман олганда, ажойиб мавсумлар ўтди.

- Сиз билан аввалги сухбатлашганимизда, жиддий жароҳатдан кейин спорт формага киришда қийналаётганингизни таъкидлаб ўтгандингиз. Бу ҳолат ҳали ҳам давом этяптими?

- Ўтган йили «Нефтчи»да эканлигимда анча қийналдим. Жароҳатдан кейин энди-энди ўзимга келаётгандим. Бироз қўрқув бўлди. Жисмоний томондан анча қийналиб қолдим. Лекин «Олмалиқ»га ташриф буюриш орқали анча спорт формага кириб олгандим. Ўйинларда ҳам аввалгидек тўп суришга имконият бўлди. Хуллас, яхши кечди. Биласизми, «Машъал»га келганим кунимда асосан кросс югуришни бошладик. Ўтган йили вазн томондан анча тўлишиб қолганим менга панд бераётганди. Кейинчалик машғулотларда астойдил меҳнат қилишим натижасида, барчаси жойига тушиб кетди. Аввало спорт формага киришимда Миржалол ака Қосимовга миннатдорчилик билдириб қолардим.

- Нега айнан Қосимовни назарда тутмоқдасиз? Буни қандай тарафи бор?


- Ёдингизда бўлса, 2013 йилни декабридан мен «Бунёдкор» йиғинларига чақирилдим. Бир ярим йил футбол ўйнаганим йўқ. Машғулотларда қатнашмаганимга қарамай, Миржлол ака Қўшоқович мени жамоага чақирди. Қолаверса, клуб билан январь ойида Бирлашган Араб Амирликларида бўлган ўқув-йиғин машғулотларида қатнашиб ҳам келдим. Ўшанда Қосимов мендан қўрқмасдан футбол ўйнаш кераклигини, секин-аста ҳаммасини унутиб ўйнаши кераклигини тушунтириб, руҳий ва жисмоний томонлама қўллаб-қувватлади. Шуларни натижасида, анча ўзимни тикладим.

- Ўтган мавсумда икки маротаба жамоангизни алмаштиришингизга тўғри келди. Бунга муносабатингиз қандай?

- Футбол шунақа ўйин экан, тез-тез жамоа алмаштиришга ҳам тўғри келади. Лекин мен ҳар доим ҳам жамоа алмаштириб юришни ёқтирмайман. Имкон қадар битта жамоада узоқ вақт ўйин кўрсатишга одатланганман. «Машъал»да ҳаммаси яхши кечишига ишонаман. Бу клубда ўйнаган ҳолда «Насаф»га йўл олгандим. Энди янада ўзимни яхшироқ томондан кўрсатиб, миллий терма жамоадан яна чақирув олишга уриниб кўрмоқчиман. 2015 йилги мавсумдан умидларим катта ҳисобланади.

- Бу ердаги рақобатга қандай қарайсиз?


- Рақобат бор. Ёшлар билан биргаликда битта позиция учун курашимиз яхши бўлади. Чунки улар асосий таркибда ўйнаш учун тинимсиз ҳаракат қилади. Мен ҳам ўшалардан қолишмаслик учун боримни беришга уриниб кўраман. Умуман, бу ерда ҳаммаси қизиқарли кечади деб ҳисоблайман.

- Янги жамоадаги ишларингизга улкан омадлар тилаб қоламиз.

  "Футбол Эхпресс" газетаси
 
Манба: www.fcmashal.uz
Киритилди: 19:17, 06.02.2015.
Ўқилди: 4364 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.