Кеча Ўзбекистон футбол федерацияси футболчи Тоҳир Шамсиддинов ва олимпия терма жамоаси бош мураббийи Шуҳрат Мақсудовларга оид жазо чораларини эълон қилганлигидан хабарингиз бор. Бу янгиликдан футбол федерациямиз расмий сайти орқали бохабар бўлган барча корейс босма ва интернет нашрлари эрта тонгда бутун Жанубий Кореяга тарқатди.
Эътиборлиси шундаки, бу янгиликни нафақат футбол нашрлари, балки ижтимоий ва иқтисодий мавзудаги нашрлар ҳам босишди. «Спортс Кёнгҳянг», «Жунганг Илбо», «E-Тудей», «Даилй Спортс», «Спортс Сеул»ни кузатарканмиз, корейс ОАВларининг ЎФФнинг жазоларидан ўта мамнунлигига гувоҳ бўлиш мумкин.
Хусусан, нуфузли «Чосон Илбо» нашри шундай ёзади: «Қирол Кубогида бизнинг Шим Санг Минга қўл кўтариб нопрофессионал иш тутган Тоҳиржон Шамсиддиновни 1 йил муддатга футболдан четлатишга қарор қилишди. Бутун дунёдан танқидлар ёмғири остида қолган ЎФФ шунингдек бош мураббий Шуҳрат Мақсудовни ҳам ишдан бўшатди. 3 февраль куни Футбол ассоцияциямиз Ўзбекистон олимпия терма жамоаси устидан шикоят ёзгач, ЎФФ дарҳол узрнома юборган эди».
Бошқа бир нашр «Сеул Эcономикc» эса: «Корейс футболчисини урган ўзбек кўча жангчиси 1 йилга четлатилди», деган сарлавҳа остида ЎФФ қарори ҳақида хабар берган. «Спортс Кёнҳянг» эса кечаги хабарга «Зўравон ўзбек футболчиси ва унинг устозини ҳайдашди», дея сарлавҳа қўйган.
Корейс интернет нашрларидаги футбол мухлислари томонидан қолдирилаётган мулоҳазаларга эътибор қаратсак, корейслар Тоҳир Шамсиддиновнинг 1 йил муддатга футболдан четлатилганидан рози эмасликларини сезиш мумкин. Маҳаллий футбол мухлислари Шамсиддиновни бундан ҳам узоқроқ муддатга четлатиш тарафдори.
Отабек Йўлдошев
Жанубий Корея, Сеул