“Насаф”нинг ОЧЛдаги рақибларидан бири Дубайнинг “Ал-Аҳли” жамоасининг кейинги пайтларда омади юришмаяпти.
Жамоа БАА Про Лигасининг 14-турида сўнгги марта ғалаба қозонган эди. Улар 4 февраль куни ўз майдонларида “Шаржа” жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этишиб, шундан сўнг ғалаба нималигини унутиб қўйишди.
15-турда “Аш-Шабоб” жамоасидан 0:1 ҳисобида, 16-турда ўз майдонида “Ал-Васл”дан йирик 0:4 ҳисобида мағлубият аламини тортишган дубайликлар, 19 февраль куни БАА Пролигаси 17-турида “Ажман” жамоаси билан сафарда муроса йўлини танлашди, учрашувда голсиз дуранг қайд этилди.
Жамоага яқинда 9 миллион еврога харид қилинган “Милан” ва “Манчестер Сити” таклифларини рад этган бразилиялик легионер Эвертон Рибейро ҳам рақиблар дарвозасига йўл топа олмаяпти.
Бу натижалар албатта клуб раҳбариятини қониқтирмаслиги турган гап, энди руминиялик мутахасис Козмин истеъфога чиқарилса ҳам ажаб эмас. Зеро араб мамлакатларида мураббий алмаштириш ҳеч нарса турмайди.
Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Козминга журанлистлар ҳам унинг истеъфоси тўғрисида савол беришган: "Мен ҳозир истеъфо тўғрисида ўйлаётганим йўқ, балки Саудия Арабистонининг “Ал-Аҳли” жамоаси билан ОЧЛда бўладиган ўйинимиз ҳақида ўйлаяпман”,- деб жавоб қайтарган.
Эслатиб ўтамиз, “Ал-Аҳли” 25 февраль куни ОЧЛ-2015 доирасидаги илк учрашувни ўз майдонида Саудиянинг “Ал-Аҳли” жамоасига қарши ўтказади.