Kun.uz: “Зенит” бош мураббийи Андре Виллаш-Боаш жамоа ҳужумчиси Александр Кержаков ва яримҳимоячиси Андрей Аршавинга “Зенит” нинг ёшлар жамоаси – “Зенит-2” сафига ўтишларини таклиф қилди. Бу ҳақда “Спорт день за днем” нашри хабар бермоқда.
Нашрнинг маълумотларига кўра, футболчиларнинг тайёргарликлари португалиялик мутахассисни қондирмаяпти. Виллаш-Боаш Кержаков ва Аршавин билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашиб, уларга бирор вақт “Зенит”нинг асосий таркиби билан эмас, балки ёшлар таркиби билан шуғулланиб туришни таклиф қилди.
Мураббий ҳали ҳам бу ўйинчиларнинг мавсумнинг якунловчи қисми – апрель-май ойларида ўзларини кўрсатишларига ишонмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, “Зенит-2” билан машғулотлар футболчиларга фойдали бўлади, чунки улар Россия терма жамоасининг Черногория ва Қозоғистон терма жамоалари билан ўтказиладиган ўйинларда иштирок этиш учун таклиф қилинмаган. “Зенит”нинг асосий таркиби машғулотлари кўпчилик ўйинчиларнинг ўз терма жамоаларига иштирок этиш учун кетганлари сабабли ўтказилмайди.
Аввалроқ 32 ёшли Кержаков мураббийнинг қарори билан “Зенит”нинг Европа лигасида “ПСВ”га қарши учрашувига эълон қилинган таркибга киритилмаган эди. Бунинг сабаби айтилмаган. Майда 34 ёшга тўладиган Аршавин эса 2015 йилда ўз фаолиятини тугатиши мумкинлигини айтмоқда.
Жорий мавсумда Кержаков Россия чемпионатида умумий ҳисобда 10 та ўйинда майдонга тушиб, учта гол урган. Аршавин эса 8 та ўйинда иштирок этиб, битта тўп киритишга муваффақ бўлган. Ўтган мавсумда бу иккала ўйинчи “Зенит”нинг асосий ўйинчиларидан бўлган, Аршавин — Кержаков жуфтлиги эса кўпчилик томондан “олтин жуфтлик” деб ҳам аталган эди.