Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ривожланишнинг японча услуби

Баҳо:
+ | -

Терма жамоамиз Токиода Япония терма жамоасидан қақшатқич зарба қабул қилиб олганидан хабарингиз бор. Япон футболи бугунги кунда қитъамиздаги энг кучлиларидан бири, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, сўнгги 25 йил ичида “кунчиқар юрт”да футбол анча ривожланди. Бунинг учун у ерда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилганини таъкидлаш лозим. Биз ҳам япон футболининг ривожланиш услубидан фойдаланишимиз керакка, ўхшайди.

Телетрансляциялар самараси
Баъзан Япония терма жамоасининг аксарият футболчилари Европада тўп сураётганини ҳавас қиламиз. Дарҳақиқат, японлар шарафини ҳимоя қиладиган кўплаб футболчилар бугунги кунда Европада фаолият юритишмоқда. Хўш, бунга қандай қилиб эришилган?

Биринчи навбатда улар футболнинг телетрансляциясига жиддий эътибор қаратишди. Имкон борича Япония чемпионати ва терма жамоа ўйинларини жонли эфирда бутун дунёга узатишни йўлга қўйишди. Бунинг натижасида япониялик иқтидорли футболчилар европалик скаутларнинг назарига тушишди ва уларни ўз жамоаларига таклиф эта бошлашди. 

Бизда эса Олий лига тугул терма жамоамиз ўйинларини жонли тарзда олиб кўрсатилиши муаммога айланган. Техника замонида яшаётган бир пайтда мухлисларимизнинг бош жамоамиз ўйинларини жонли эфирда кўра оламизми, деган савол билан мурожаат этиши одатга айланиб бормоқда. 
Бу билан “Спорт” телеканали ходимларини танқид қилиш фикридан йироқмиз. Лекин футболчиларимизнинг хориж жамоаларига “реклама” қилишнинг энг яхши услуби жонли эфирдаги трансляциялар эканлигини унутмаслик лозим.

Авлодлар алмашинуви
Бир неча йилдирки, Япония ва Жанубий Корея каби терма жамоалар Осиёда етакчи саналади. Ҳозир улар қаторига Австралия ҳам қўшилди. Хоҳ, Жаҳон чемпионати саралаш баҳслари бўлсин, хоҳ Осиё миқёсидаги мусобақалар бўлсин бу терма жамоалар энг кучли таркибни шакллантира олишади. Бу терма жамоаларда қачон авлодлар алмашинуви бўлиб ўтганини деярли сезмайсиз. Гарчи уларнинг ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари Жаҳон чемпионатида иштирок этмаса-да, иқтидорли футболчиларни бош жамоада учратиш одатга айланган. Улардаги барча мураббийлар бош жамоага футболчи етказиб беришни мақсад қилади. 

Бизда эса ёшлар ёки ўсмирларимиз кичик мундиалда ўзларини кўрсатишади-да, кейин негадир йўқолиб қолишади. 

Ушбу терма жамоалар мураббийлари фақат натижани ўйлашади. Улар учун Жаҳон чемпионатига чиқиш биринчи галдаги вазифа ҳисобланади. Мураббийлар қандай қилиб бўлмасин Жаҳон чемпионатига йўлланма олишни режалаштиришади. 
Бош жамоага ўйинчи етказиб бериш эса...

Терма жамоага бўлган муносабат
Юқорида тилга олган терма жамоаларда етакчи футболчиларнинг ўрни мунтазам ёшлар билан тўлдириб борилади. Япония терма жамоасига келсак, у ерда бош жамоага бўлган эътибор ўзгача. Журналистлар ҳатто терма жамоа машғулотларини жонли эфирда намойиш этишади ва ўз устида ишламай қўйганларни танқид остига олишади. 

Японлар Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасидаги ўйинни ўтказиш учун Тошкентга ташриф буюрганида терма жамоа делегацияси билан юздан ортиқ журналистларнинг келгани бунга исбот бўла олади. 

Терма жамоага таклиф олган футболчилар қайси жамоада тўп суришидан қатъий назар мухлисларни қувонтириш учун қўлидан келган барча ишни бажаради. Масалан, Италиянинг “Милан” жамоасидан тўп сураётган Хондани олайлик. Бу футболчи терма жамоага келганида ҳар доим бор кучини ишга солишга ҳаракат қилади. Бундай муносабат натижасида “кунчиқар юрт” вакиллари Осиёнинг етакчиига айлана олишди. Япония билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш учун дунёнинг кучли терма жамоалари таклиф юборишмоқда. Токио эса Жаҳон футболи марказларидан бирига айланди. 

Боз устига, Япония футбол федерацияси ҳар қандай ўртоқлик учрашуви учун маблағни аямайди. Боиси, улар ҳар қандай ўртоқлик учрашувини кўр-кўрона ўтказишмайди. Ҳар бир рақибга қарши ўйинда аниқ мақсад ва вазифа бўлади. Ўша вазифалар жамоани аниқ бир мусобақа пайтида юқори формага олиб чиқиш учун хизмат қилади.
Бизда эса рақиб топилдими, бўлди, шунга хурсанд бўлиб юраверамиз.

Аброр Деҳқонов 
“Футбол инфо” газетасидан олинди.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 08:22, 16.04.2015.
Ўқилди: 8087 марта.
Фикрлар: 32 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.