“Барселона” ҳужумчиси Лионель Месси Чемпионлар Лигасининг биринчи ярим финалида “Бавария”га қарши учрашув олдидан Каталония ва Мюнхен клубларининг бош мураббийлари – Луис Энрике ва Хосеп Гвардиола ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Мен бу ўйинда футболдаги биринчи кунларимдан бошлаб ўрганган барча билимларимни ишга соламан. Мен Гвардиола қўли остида кўп муваффақиятларга эришдим, футболчи сифатида улғайдим ва кўп нарсани ўргандим. Гвардиола бизни аъло даражада билади, биз у билан кўп ютуқларга сазовор бўлиш бахтига эришгандик.
У барча деталларни синчковлик билан таҳлил қилади, шунинг учун у ҳамма нарсани, шу жумладан у бизга мураббийлик қилган кезларда жамоамизда бўлмаган ўйинчилар ҳақидаги нарсаларни ҳам билади. Биз шунингдек, у ўз жамоаси ва қўл остидагилардан нимани талаб қилишини ҳам яхши биламиз.
Ўйлайманки, “Барселона” мухлислари Пепни чин юракдан олқишлайдилар, чунки у “Барса” билан барча имкони бор ютуқларни қўлга киритган. Бироқ, ўйин бошланиши биланоқ мухлисларимиз ҳар доимгидек фақатгина бизни қўллаб-қувватлашади.
Мен мураббийларни солиштиришни ёқтирмайман. Бир-бирини айнан такрорлайдиган мураббийлар бўлмайди. Биз доимо ўзгаришларни кутамиз, бир мураббий кетиб, унинг ўрнига бошқаси келади. Бироқ Энрике ва Пеп ўйинчилар билан яқин алоқаларда бўлишга, мустаҳкам жамоа яратишга ҳаракат қилишади”, - деб айтди аргентиналик юлдуз.
“Барселона”-“Бавария” учрашуви “Барса”нинг уй майдони “Камп Ноу”да 6 майда Тошкент вақти билан соат 23:45 да бошланади.