УЕФА президенти Мишел Платини Арманистонга бир кунлик сафари давомида матбуот анжумани ўтказди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
"Умид қиламанки, финалда ҳакам "Ювентус" фойдасига хато қилмайди. Йўқса барча бунда мени айблашни бошлаши мумкин (кулиб). Италия жамоалари ўз шонларини тиклай бошлашлари яхши иш бўлмоқда. Финалда қайси жамоа кучли бўлса, ўша жамоа ғалаба қозонади", дейди Платини.
У ўз нутқи давомида кейинги мавсумда ЕЧЛ мусобақаси қандай форматда ўтказилиши ҳақида ҳам гапирган. Унинг айтишича, кейинги мавсумда Европадаги энг кучли чемпионат ғолиблари алоҳида гуруҳларда бўлади.
"Бу қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини аниқ айта олмайман. Бироқ қуръа вақтида ўз саватчаларида етакчи сифатида қайд этилиш учун бу жамоалар мавсум давомида ўз лигасида ҳаммадан кучли эканлигини исботлайди. Шуни ҳисобга олсак, бу ҳолатда адолатсизлик кўрмаяпман", дейди Платини.
Эслатиб ўтамиз, жорий мавсумнинг ЕЧЛ финали 6 июнь куни Берлиндаги "Олимпиаштадион" ўйингоҳида ўтказилади ва унда "Барселона" "Ювентус" билан тўқнашади. Баъзилар Платинининг футболчилик фаолияти "Ювентус"да ўтганига ишора қилган ҳолда, унинг шарофати билан бу жамоа финалгача етиб келгани ҳақида гапирган.