Евро-2016 саралаш босқичи доирасидан ўрин олган Россия - Австрия баҳсидан сўнг (0:1) журналистлар австриялик собиқ футболчи, мамлакатнинг XX асрдаги энг яхши ўйинчиси, мураббийлик фаолиятида ҳам қатор ютуқларни қўлга киритган афсонавий Херберт Прохазкани суҳбатга чорлаб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
- Якшанба кунги баҳс ҳақида фикрингиз: Австрия кучлимиди ёки Россия кучсиз?
- Меҳмонларнинг тўп билан қандай муомала қилишганини барча кўрди ва тан олиш керак - Австрия кучли экан. Жамоа саралаш мусобақасидаги 6 ўйиннинг 5тасида бежиз ғалаба қозонмаганини исботлади. Руслар иккинчи бўлимни ёмон ўтказишди, деган фикрдан йироқман. Лекин барибир, баҳснинг 90 дақиқасига баҳо берадиган бўлсак, австрияликлар мазмунлироқ ўйнашди.
- Термангиз ўйини сўнгги пайтларда сезиларли даражада кучайтирилди...
- Сўнгги икки-уч йил мобайнида жамоа 20 нафар кучли ўйинчидан иборат барқарор таркибга эга бўлди. Уларнинг аксарияти мунтазам равишда терма жамоага жалб этилмоқда. Ҳар бир чизиқда икки нафардан яхши ижрочилар мавжуд. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, янги ўйинчиларни ахтаришга ҳожат қолмаган.
- Россиянинг биринчи тайм ва баҳс охирида кўрсатган пассив ўйини сизни ажаблантиргандир?
- Русларга осон эмас. Игнашевич бетоб эди, ўйин бошида Березуцкий жароҳат олди. Бир клубда доимо ҳамжиҳатликда ўйнашга кўниккан икки ҳимоячининг сафдан чиқиши мушкулотлар туғдириши табиий. Шу боис ҳимоя чизиғида асабийлик кузатилди.
- Шундай таассурот уйғондики, гўё майдонда фақат Австрия футбол ўйнади, Россия эса шунчаки меҳнат қилди. Бунга нима дейсиз?
- Россиялик чарм тўп усталари ижобий натижа қайд этиш учун кўп уринишди... Бироқ шу куни Австриянинг кучли ҳимоясини ёриб ўтиш осон эмасди. Ва умуман, ўйин борасида меҳмонлар яхшироқ эдилар.
- Россиянинг ҳужум чизиғида ижодкорлик етишмаяпти. Euro-2016 саралаши ўйинларининг сўнгги 7 соатида жамоа ўйиндан гол уролмади...
- Четдан туриб бирор фикр билдириш қийин. Аксарият австрияликлар Германия бундеслигаси, Англия премьер-лигаси ва бошқа чемпионатларда тўп суришади. Футболчиларингизни Россия чемпионатида олаётган маошлари қониқтиради чоғи, чегара ортига йўл олишга шошилмайдилар. Балки хориждаги кучли чемпионатларда қатнашишганида, бу миллий терма жамоани кучайтирган бўлармиди...
- Фабио Капелло ўйиндан кейинги фикрларини билдираркан, ҳужумчилар етиштирувчи фабрика эмаслигига тўхталди.
- Табиийки, унинг ҳозирги жамоаси куч ва маҳорат борасида аввалгиларидан кескин фарқ қилади. Шунга қарамай, Капелло шахсан мен учун дунёнинг энг яхши мураббийи бўлиб қолаверади. Ҳаммаси кундек равшан: қозонда бори чўмичга чиқади, ҳар қандай жамоа мураббий ихтиёридаги ўйинчилар даражасига қараб тузилади. Буюк мураббийнинг эзгу нияти амалга ошиши учун у буюк футболчиларга эҳтиёж сезади. Демак, айни дамда Капеллога осон тутмаслик керак.
- Ўйинчи сифатида собиқ иттифоқ термасига қарши икки бор майдонда саф тортгансиз. 1976 йили Венада ўтказилган баҳсда Австрия 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраган бўлса, 1985 йили Тбилисида ҳам ютқазганди (0:2). 1994 йилда сизнинг бош мураббийлигингиз остида австрияликлар Россияга 0:3 ҳисобида ўйинни бой беришганди. Айтинг-чи, авваллари Россия термасини ҳозиргидек кучсизланган ҳолда ҳеч кўрганмидингиз?
- У пайтлари Австрия жамоалари ғалаба қозона оладиган даражада кучга эга эмасдилар. Ҳозир эса акси... Лекин барибир, ўша ўйинлар билан ҳозиргиларини таққослашга шошилмаслик керак. Собиқ иттифоқ даврида мураббийларингизда танлаш имконияти юқори бўлган. Қолаверса, замонавий футбол эскисидан кескин фарқланади.
- Россия Euro-2016да қатнаша оладими?
- Ўйлашимча, ҳа. Гуруҳнинг учинчи аъзоси сифатида «плей-офф»да иштирок этади. Мабодо кейинги турда Австрия Молдовани енгса-ю, Россия Швециядан очко ололмаса, жамоамиз Францияда ўтадиган мусобақа йўлланмасини расмийлаштиради. Лекин яна қайтараман, руслар учун гуруҳнинг камида учинчи ўрини нақд.
- Австрия Euro-2016да қандай ўйнаркин?
- Ҳозирча бу ҳақда бирор фикр билдиришга ожизман. Шу таҳлит барқарор ўйин кўрсатишда давом этса, қуръа пайтида иккинчи саватчадан ўрин олиш имкони туғилади. Бу албатта, яхши. Лекин кўп нарса, барибир, рақибларга боғлиқ.
- Австрия ва Швейцарияда ўтказилган Euro-2008 мусобақасида Россия ярим финалга қадар етиб борганди. Сизнингча, русларнинг ўша кезлардаги терма жамоаси билан ҳозиргиси ўртасида қандай тафовут бор?
- Буни солиштириб бўлмайди. Орадан етти йил ўтди, футбол эса шиддат билан ривожланишда давом этмоқда.
- Ўшанда Россия ихтиёрида Аршавин, Павлюченко сингари кўплаб маҳоратли футболчилар бор эди. Бугун эса яққол етакчини топиш амримаҳол...
- Сиз номини санаб ўтган ўйинчилар маълум муддат Англияда тўп суришган. Ҳар қайси футболчи хорижнинг кучли клубларидаги ўйин эвазига маҳоратини ошириш имконига эга бўлади.
- Капелло билан танишмисизлар?
- Албатта. Танишувимиз Фабио «Рома»ни бошқараётган пайтларга тўғри келади. Машғулотлар базасида суҳбатлашгандик.
- Капелло - ҳақиқий италиялик мураббий. Унинг қўл остидаги жамоа ҳимояга кўпроқ урғу беради. Москва, Санкт-Петербург, умуман, Россиянинг кўплаб шаҳарларидаги ишқибозларнинг фикрича, бундай ўйин услуби маҳаллий менталитетга мутлақо мос эмас.
- Яна бир бор айтаман, биринчи навбатда футболчилар даражасига эътибор қаратиш лозим. Албатта, у италиялик мураббий... Лекин бу билан уни эҳтиёткорликда айблаш ноўрин. Капелло мураббийлиги даврида Мадриднинг «Реал»и чемпионликни тантана қилди. Ҳужумкор ўйин кўрсатадиган «Милан» билан юксак натижаларга эришди. Фабионинг «Рома»си «скудетто»ни қўлга киритган кезлари жамоа майдонда уч ҳужумчи билан ҳаракатланган... Тўғри, натижа учун мураббий жавобгар, шунга қарамай, Капеллони супермураббий деб биламан. Австрияга қарши баҳсда ҳам унинг эҳтиёткорлик қилганини сезмадим. Шунчаки ўша ўйинда Австрия кучлироқ кўринди.