Франциялик собиқ футболчи Мадриднинг «Реал» клубида иш бошлаганидан буён «қироллик клуби» бош мураббийлигига тайинланиши хусусидаги тахминлар тинмади. Зидан олий тоифали мураббий дипломини қўлга киритганига ҳеч қанча бўлмай, Карло Анчелотти истеъфога чиқди. Табиийки, аксарият ишқибозлар италиялик мутахассиснинг ўрнига Зайниддинни қўйиб кўришди. Шунга қарамай, бош мураббийликка Рафаэль Бенитес сайланди. Зидан эса «Кастилья»ни шуғуллантиришда давом этади. Франциялик футбол афсонаси билан Мадридда учрашиб, суҳбатлашишга вақт топган France Football нашри унинг Испания 3-дивизионида ҳам бахтиёр эканини аниқлади.
- Феъл-атворингиз ғалабага мойил. Шу нуқтаи назардан, «Кастилья»нинг ўтган мавсумдаги ўйинини муваффақиятсизликка йўймадингизми?
- Афсуски, шундай. Мураббиймисан ёки футболчими, олдингга қўйган мақсадга эришолмасанг, буни омадсизлик дея қабул қилишинг керак. Агар бош мураббий сифатида илк марта иш бошлаганимни эътиборга олсак, бу ўзига хос тажриба вазифасини ўташи мумкин. Жамоа юксалиш ва пасайишни бошдан кечирди... 2-дивизион йўлланмаси учун ўтказиладиган «плей-офф»да қатнашиш учун 4-ўринни эгаллашимиз лозим эди. Аммо бор-йўғи икки очко мақсадга эришишимизга тўсқинлик қилди.
- Ахир январь ойи сўнггида жамоа 1-ўринда бораётганди...
- Ҳа, бунга қадар эса, яъни октябрь ойида охирги поғонани эгаллаб тургандик. Пешқадамликни эса биргина мағлубиятдан сўнг аста-секин бой бера бошладик. Бу - футбол. Ёшлар ҳар қандай салбий ҳолатлар тажрибасини ҳам эгаллашлари лозим. Биз иштирок этаётган дивизионда ҳаммаси маълум: ҳар бир баҳс - алоҳида тарих, ҳар бир ўйинчи уни финал ўйинидек ҳис этиши шарт. Шуни тўғри англаб етмасликнинг оқибати яхшилик билан тугамайди.
- Мавсумни умумий ҳисобда қандай баҳолайсиз?
- Тўғриси, натижалар қандай бўлишидан қатъий назар, ўйинларимиздан қониқдим. Биз кўп нарса ўргандик. Ҳар биримиз қайсидир жиҳатдан ўсишга эришдик. Ўйлаган режаларимизнинг қайсидир қисми аста-секин амалга ошди. Вақт ўтгани сайин қийин вазиятлардан чиқиш йўлларини ўзлаштирдим. Асосийси, ёшлар билан ишлаш мароқли.
- Бунга қадар Карло Анчелоттига ёрдамчилик қилдингиз. Бош мураббийлик ва ёрдамчилик ўртасидаги тафовут ҳақида нима дейсиз?
- Умуман, икки хил иш. Бош мураббийлик - улкан масъулият. Бунда ҳар бир воқеадан хабардор бўлишинг, масалаларни ўз вақтида ҳал этишинг лозим. Тўғри, мураббийлар штаби бор, аммо қарор айнан сен томонингдан чиқарилади. Мураббий қайсидир маънода, ёлғиз одам. Ёрдамчи сифатида эса турли маслаҳатлар бериш, шахсий фикринг билан ўртоқлашишинг мумкин.
- «Кастилья»да босимни ҳис қилдингизми?
- Албатта. Бироқ, тўғрисини айтсам, «Реал» бош мураббийидаги босим олдида меники ҳеч нарса эмас.
- Фаолиятингизда шундай ўзгаришлар содир бўлишини тахмин қилганмидингиз?
- Тўғриси, кутмагандим. Фарқни аниқлаш учун бир марта бош мураббий бўлиб кўриш керак. Ҳар тарафдан муаммолар ёғилиб келади. Бугун кимдир жароҳат олса, эртага бошқа бир ўйинчи шахсий сабаблар туфайли машғулотда қатнашолмайди, индинига майдон билан боғлиқ муаммо... Ҳар куни 15-20га яқин масалани ҳал қилиб, ўз навбатида, жамоани ҳам шуғуллантириш керак. Қисқаси, зерикишга вақт йўқ. Карлога ёрдамчилик қилган пайтларим у ва бошқа ходимлар билан ғояларимни баҳам кўрардим. Машғулотлар ўтказиш чоғида зиммамга алоҳида вазифа юклатиларди ва тамом. Ҳозир эса теварак-атрофдаги ҳамма нарса учун жавобгардекман.
- Нима деб ўйлайсиз, бир йил ичида профессионал жиҳатдан ўсишга эришдингизми?
- Албатта. Чунки хатоларимдан тўғри хулоса ясаган ҳолда, уларни такрорламасликка интилдим. Шу нуқтаи назардан, «Кастилья»да яна бир йил ишламоқчиман. Янги мавсум аввалгисиданда қийин ўтиши аниқ. Чунки жамоамизни кўплаб ўйинчилар тарк этишди. Таркибимизни тўлдирадиган ёшларнинг ўзларини кўрсатишлари учун эса вақт зарур.
- «Хатолар» деганда нимани назарда тутдингиз?
- Қарор қабул қилиш, қайсидир ўйинчига баҳо беришда камчиликлар кузатилди. Айтайлик, бирор-бир шогирдинг асосий жамоада шуғулланаётгани боис у билан бир ҳафта кўришмадинг. Дам олиш кунлари бўлиб ўтадиган ўйинга ўша футболчини туширишда қийинчиликлар вужудга келиши аниқ.
- Норвегиялик ёш иқтидор эгаси - Мартин Эдегорни назарда тутяпсизми?
- У ва бошқаларни... Ёки жароҳат олган ўйинчи баҳс арафасидагина тузалди, дейлик. Айни ҳолатда тушган футболчиларнинг баъзилари ўйнаб кетишса, бошқалари қийинчиликка дуч келишади. Шундай паллаларда қароринг тўғри эканига ўзинг ҳам шубҳаланиб қоласан. Бу каби таҳлиллар мураббий сифатида ўсишингда асқотади. Албатта, «Реал»нинг муаммоларини ёш ўринбосарларга муҳтожлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин...
- Табиатан хушфеълсиз. Мураббийдан эса одатда қаттиққўллик талаб этилади. Хўш, буни қандай уддалаяпсиз?
- Хушфеъллигим ҳақида бирор нима дея олмайману, лекин баджаҳл эмаслигим аниқ. Бошқа томондан, бунинг аҳамияти йўқ. Асосийси, ўйинчиларга нисбатан ҳақгўй муносабатда бўлиш лозим.
- Футболчини захира ўриндиғида узоқ вақт сақлаб қолиш унинг руҳиятига салбий таъсир ўтказиши аниқ...
- Бу тарбиявий ишларнинг бир қисми. Захирадагилар жамоадошлари ўйинини кузатиш орқали ўрганишда давом этишади. Фаолиятни ривожлантиришда майдон четидаги ўриндиқнинг ўзига яраша аҳамияти бор. Тўғри, бу тоифа футболчиларнинг хаёлидан «Ўйнамаяпман, вақтни бекор ўтказяпман...» қабилидаги фикрлар ўтиши шубҳасиз. Шундай паллаларда нега мураббий сени ўйинга туширмаётгани, таркибдан жой олиш учун нималар қилиш кераклиги хусусида бош қотириш лозим.
- Бундан кўринадики, «Кастилья»да нафақат мураббий, балки тарбиячи ва ўқитувчи ҳамсиз?
- Ҳар иккисини бирдан бажаришга тўғри келади. Жамоамиздаги ишнинг қийинлиги ҳам шу билан изоҳланади. Баъзан мураббийликдан кўра, тарбиячиликка кўпроқ эҳтиёж туғилади. Лекин мазкур масалада йўл-йўриқ кўрсатиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Ёшлар билан ишлашнинг ўзига хослиги ҳам шунда.
- Ўзингизда нималарни кашф қилдингиз?
- Биринчи навбатда, шуни тушуниб етдимки, умумманфаат учун ўйинчиларга нисбатан ёқимсиз гапларни ишлатишни ҳам ўрганиш лозим экан. Танаффус пайтида овозимни баландлатиш мумкинлигини англадим ва бу ўйинчиларга ижобий томондан таъсир этяпти. Тўғри, бунақаси ҳадеганда содир бўлавермайди. Обрў-эътиборим бақироқ мураббийга айланишимга тўсқинлик қилади. Қолаверса, мунтазам қичқиравериш феъл-атворимга мутлақо ёт жиҳат.
- Олий тоифали дипломга эга бўлдингиз. Буни ҳаётингиздаги муҳим воқеалардан бири сифатида қабул қилдингизми?
- Албатта! Уч ярим йил ўқидим, бутун дунё бўйлаб кездим... Якунда ушбу дипломни қўлга киритганимдан беҳад шодман. Худди мактабдан олий баҳо олиб келган болакайдек бахтиёрман.
- Ота-онангиз сиздан мамнунми?
- Нафақат улар, балки фарзандларим ҳам жуда хурсанд. Шу тариқа уларга ибрат кўрсатмоқчиман, диплом ва аттестат олиш учун қандай меҳнат қилиш лозимлигини англашлари керак. Катта ўғлим Энцо мактабни муваффақиятли тамомлади, кенжам Лукас эса шу кунларда битирув имтиҳонларини топширмоқда.
- Испания федерациясига сизнинг устингиздан шикоят келиб тушгани матбуотда шов-шувга айланди. Лицензиянгиз билан боғлиқ гап-сўзлар ҳақоратдек туюлмадими?
- Албатта, ушбу воқеа дилни хира қилди, чунки ноҳақлик юз берди. Ахир қонунбузарлик қилганим йўқ-ку. Ўша паллада ўқиётгандим, бу эса мураббийлик қилишимга йўл очиб берарди. Майли, машҳур эканингни ҳисобга олиб, бундай хуружларга тайёр туриш мақсадга мувофиқ.
- Кўпроқ нимадан ранжидингиз: мураббий сифатида тан олишмаганиданми ёки қонунбузарликда айблашганидан?
- Мураббий сифатида ишлашга ҳаққим йўқлиги борасидаги гап-сўзлар ёқмади, аммо бунга тайёр эдим. «Бу Зидан, унга қонунни бузиш чикора» қабилидаги фикрлар эса ҳаммасидан ошиб тушди. Ахир бу сафсата-ку!
- Ўқув амалиётини Филипп Монтанье, Марсело Бьелса, Хосеп Гвардиола каби мураббийлар ҳамроҳлигида ўтадингиз. Бу ҳақда нима дейсиз?
- Номи санаб ўтилган мутахассисларнинг ҳар бири ўзига яраша ғояга эга. Улар мени ҳам қандай бўлсам шундайлигимча қолишга даъват этдилар. Қайсидир мураббийга тақлид қилишдан қочиб, ўз фаразларимга содиқ қолиш, шахсий қарашларимдан воз кечмасликка чақиришди.
- Гвардиола ҳақида нима дея оласиз?
- «Бавария»га хос жиҳатлардан энг асосийси - тўпни назорат қилиш. Машғулотлар шунга асосланган ҳолда ўтказилади. Ҳафта давомида кутиб турган ўйинлар қандай аҳамиятга эга бўлишидан қатъий назар, уч кун шуғулланиб, тўртинчи куни дам берилади. Бу билан Хосепнинг услубларини амалда қўллайман, демоқчимасман. Шунчаки, унинг ишлашини кузатиш ёқимли.
- Бир йил мобайнида Карло Анчелотти билан елкама-елка ишладингиз. Ундан кўп нарса ўргангандирсиз?
- Анчелотти - доимо Анчелотти бўлиб қолаверади. Унинг мисолида англадимки, бизнинг ишда ўйинчилар билан муносабат алоҳида аҳамият касб этади. Бу борада Карло ўз қарашларига содиқ. Албатта, баъзан столга мушт уриши мумкин, бироқ футболчилар учун қулай шарт-шароит яратишга муҳим жиҳат сифатида қарайди. Шу тариқа натижага эришиш мумкин.
- Анчелоттининг истеъфога чиқарилишига муносабатингиз?..
- Тўғриси, ачиндим. Чунки у Мадридда жуда яхши ишлади. Хусусан, Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди. Аммо буюк клубларда бу одатий ҳол: бир йил ичида нимадир ютмасанг... Карлонинг ўзи ҳам бу борада ўз фикрини ошкор этганди: «Арзигулик бирор ютуққа эришмасак, мени ишдан бўшатишади...»
- Унинг ўрнига тайинланмаганингиз сизни ажаблантиргандир?
- Йўқ, асло. Шунга лойиқ кўришмадими, демак ҳали эрта. Ҳаммасининг ўз вақти бор, шошилиш керакмас.
- Флорентина Перес мазкур масала юзасидан гап очмадими?
- Бунга ҳожат йўқ. У бошқа мураббийни таклиф этишга қарор қилди, масала ўз ечимини топди.
- Анчелоттининг ўрнини эгаллаш таклифи тушганда, рози бўлармидингиз?
- Шубҳасиз, ҳа. Мен мураббийман, профессионалман, бу каби чақириққа «лаббай» деб жавоб қайтаришим шарт.
- Ўтган йилги омадсизликдан сўнг обрў-эътиборингизни қайтаришга уринасизми?
- Ҳар бир ишга бор куч-шижоатимни сафарбар этишга ўрганганман, лекин мақсадга эришиш осон эмас. Шогирдларим ҳали ёш, уларга қарши 30 ёшли тажрибали футболчилар ўйнашади. Шунга қарамай, ўтиш баҳсларига эришиш учун ҳаракат қиламиз.
- Футболчи Зиданнинг ўйин услуби барчага таниш. Мураббий Зиданнинг услуби ҳақида нима дея оласиз?
- Деярли бир хил. Футболчи сифатида мазмунли ўйинга урғу берганим боис, мураббийлик давримда жамоамдан худди шундай ҳаракатни кутаман. Клубимиз қисқа паслар эвазига тўпни ўз назоратига олишини хоҳлайман. Мабодо копток олдириб қўйилса, дарҳол рақиб майдонида кучли прессинг ташкил этиш лозим.
- Тўп билан қилинадиган энг қийин усулларни бемалол бажара олардингиз. Шогирдларингиздан бирортаси бўлса, шу каби ҳаракатларни амалга оширолмади. Мураббий сифатида бунга муносабатингиз?
- Дастлаб футболчиларим ўйинини мураббийлик ўриндиғида кузата туриб ўйлаб қолардим: «Нега бунақа қилолмайди? Наҳотки бир ҳаракатнинг ўзида тўпни узатиш қийин бўлса?» Лекин ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиқиб ўйин намойиш этади. Одатда йигитларга мана бундай маслаҳат бераман: «Бошингизни кўтариб ўйнанг, атрофингизда нималар содир бўлаётганини кўришингиз шарт. Шу тариқа, зарур қарорни тўпни қабул қилишдан аввал чиқариш имкони туғилади. Акс ҳолда, кеч қоласиз».
- Шогирдларингиз сизни футболчи сифатида қабул қилмасликлари қанча вақт талаб этди?
- Бир неча ҳафта етарли бўлди. Чемпионат бошлангач, ҳамма ўзини профессионалларча тута бошлади. Умуман, ўйин пайтида бериладиган кўрсатмалар чоғида футболчилик тажрибам асқотади.
- Ҳозир ҳам бир-иккита «финт» кўрсата оларсиз?
- Албатта, бу ҳар қандай гапдан яхшироқ таъсир ўтказади.
- Жамоангиз 3-дивизионда қатнашаётганини инобатга олсак, матбуот клубга эътибор қаратишни оширвормаяптимикан?
- Тўғри айтдингиз. Лекин мен бунга тайёр эдим. Дастлаб «Кастилья» ҳар бир ўйинда мағлубиятга учрайвергач, йирик танқидий мақолалар кўпайди. /алаба қозонишни бошлагач эса мақолалар ҳажми қисқараверди.
- Мана, 14 йилдирки, Мадридда яшайсиз. Бироқ мураббийнинг ҳаёти қандай кечишини олдиндан айтиб бўлмайди. Оилангиз бундай ҳолатга тайёрми?
- Оила аъзоларим яшаш жойимизни тўстатдан алмаштиришимиз мумкинлигини мураббийликка тайинланишим ҳамоноқ англашган. Бу борада муаммо йўқ.
- Ўғилларингизнинг тўрталови ҳам «Реал»да ўйнайди...
- Ҳа, бу ажойиб факт. Тўрт ўғил - ҳаммаси «Реал»да.
- Зидан фамилияси ҳалақит бермайдими?
- Йўқ, асло! Бинобарин, жамоатчилик уларни оталари билан солиштириши мумкин ва ўғилларим бунга тайёр. Фарзандларим билан мазкур мавзуда тез-тез суҳбат қурамиз.
- Ўтган мавсум тўнғич ўғлингиз - Энцо жамоада дебютини нишонлади. Ўша пайтда кўнглингиздан қандай ҳислар кечди?
- Унинг учун жуда қувондим. Айтиш жоизки, Энцо бунга лойиқ эди, зеро машғулотларда тинмай ишлади.
- Иккинчи ўғлингиз - Лукас дарвозабон. Посбонликни яхши ўзлаштирган кўринади. Ахир отаси бошқа чизиқ ўйинчиси эди-ку!
- Шунга қарамай, уни мен билан солиштиришмоқда. Бунга Лукаснинг ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионатида пенальтини Паненко услубида тепгани сабаб бўлган. Албатта, майдондаги амплуа бошқа, аммо фамилия бир.
Ўткирбек тайёрлади