Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Чекловларга Мутко нигоҳи билан қараймиз!

Баҳо:
+ | -

Агар Европада ҳам легионерларга нисбатан «6+5» лимити жорий этилса, қитъанинг энг кучли клублари қандай кўриниш олишарди? Катта эҳтимолки, Россия премьер-лигасида камида мавсум-2016|2017 айнан «6+5» чеклови бўйича ўтказилади. Яъни бир вақтнинг ўзида майдонга 6 нафардан кўп легионер тушмаслиги керак. Оддий айтганда, хорижлик ва маҳаллий футболчиларнинг нисбати 6-5дан ошиб кетишига йўл қўйилмайди. Табиийки, Европада бунақасини тасаввур қилиш ҳам қийин. Лекин шу қоидага амал қилинса, яъни Россия спорт вазири Виталий Мутко ғояси амалга татбиқ этилса, ҳаммаси қандай бўлишини қоғозда кўриб чиқиш имконияти йўқ эмас. Демак, қуйида қитъанинг энг кучли клубларини «6+5» қолипига солишга уринамиз...

«Барселона»

Каталония клуби бу қоидага олдиндан тайёрлангандек. Чунончи, клуб ўнг қанот ҳимоячиси ўрнига испаниялик Алейш Видални сотиб олди. Жамоа фахрийси - Хави Қатарга йўл олган бўлса, Андрес Иньеста, Серхио Бускетс, Хорди Альба ва Жерар Пике ҳамон сафдалар. Демак, испанлар ҳам «6+5» чекловини қўллайдиган бўлсалар, «Барселона» ҳеч қандай муаммо сезмайди. Шунчаки, Дани Алвеш ўрнига Видаль қўйилади...

«Реал Мадрид»

Икер Касильяснинг Давид Де Хеага алмаштириш эҳтимоли ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Лекин «Мадрид»нинг қайсидир суперюлдузи бундай лимитдан жабр чекиши тайин. Иско ярим ҳимоя чизиғида ҳеч қандай ташвишсиз ўйнаб кетиши мумкин. Аммо Рафаэль Бенитеснинг испаниялик 5-футболчи масаласида роса бош қотиришига тўғри келади. Тўғри, танлаш имконияти йўқ эмас. Арбелоа, Ильярраменди, Начо, Хесе (аммо бу футболчиларнинг «Қироллик клуби»да қолиш-қолмасликлари тайин эмас). Хуллас, хорижликлардан доимгидек, уэльслик Гарет Бэйл четда қолиши мумкин.

«Ювентус»

Агар Андреа Пирло Туринда қолганида, чеклов «Юве»га ҳеч қанақасига таъсир қилмасди. Бироқ у кетди ва шунинг оқибатида ниманидир ўзгартиришга тўғри келади. Энг осон вариант - Кьеллинини ҳимоянинг чап қанотига суриш ва унинг марказдаги ўрнини Огбоина билан тўлдириш. Патрис Эвра эса бу жараённи захира ўриндиғида тушкун кайфиятда кузатади...

«ПСЖ»

Россиядаги чеклов бордию, Францияда ҳам татбиқ этилсами, Париж клуби катта бош оғриғига дуч келади. Ахир табиий жараёнда асосий таркибда маҳаллий футболчилардан биргина Матюидига жой топиляпти. Ҳа, фахрий кипер Николя Душе италиялик дарвозабон Сиригуни алмаштиришга қодир (буни кўп марта исбот ҳам қилди), чап қанотда эса Максвелл ўрнига ёш Люк Динь тушиши мумкин. Шунингдек, Йоан Кабай Европанинг кўплаб кучли жамоалари асосий таркибида ўйнаган, ёш иқтидор - Адриан Рабьо эса Верратини таркибдан «сиқиб» чиқариш салоҳиятига эгадек. Масаланинг мураккаб томони шуки, ўша Рабьо ҳам, Кабай ҳам «ПСЖ»дан кетиши ҳеч гап эмас.

«Манчестер Юнайтед»

Манчестер клуби афсонавий Алекс Фергюсоннинг кетишидан сўнг бир амаллаб, мавқеини тиклаётгандек. Шундай экан, Виталий Мутко ғояси - «6+5»га ҳам чидаса керак. Асосий таркибдан жой олишга даъвогар маҳаллий футболчилар етарли - Жонс, Смоллинг, Шоу, Янг, Каррик, Руни. Қолаверса, Блэккетт, Уилсон, Лингард ва яна кимлардир вақти-вақти билан майдонга тушишлари мумкин.

«Арсенал»

Арсен Венгер ҳам «6+5» тизими бўйича бемалол таркиб тузиш имкониятига эга. Зеро, Гиббс, Уилшер, Окслейд-Чемберлен, Уолкотт ва Уэлбек каби инглизлар ҳар доим бошланғич таркибдан жой олишга тайёр туришади. Фақат, уларга жароҳат аталмиш душман халақит бермаса, бас. Тўғри, уларни бирданига «жанг»га ташлаш клубдаги легионерлардан кимларнингдир йўлини тўсади. Шундай экан, бундай чекловлардан айрим хорижлик футболчилар азият чекишади.

 

«Челси»

Жозе Моуриньо «6+5» лимитини ўйлашни ҳам хоҳламаслиги аниқ. Ахир Терри ва Кэйхилл ёнига яна 3 нафар маҳаллий футболчи топиш осонми? Агар шундай қоида киритилса, «Челси» захира манбаларига эътибор қаратиб, баъзи ёшларни асосий таркибга жалб этишдан ўзга чора тополмайди. Масалан, Матични Натаниэль Чалоба алмаштириши мумкин. Ахир у ўйин услуби, позицияси нуқтаи назаридан Матичнинг ўзгинаси, фақат савияси нисбатан паст, холос. Чалобани Матич эмас, Фабрегас ўрнига тушириш варианти ҳам бор. Аммо бундай ҳолатда марказий чизиқ ўта ҳимоявий кўриниш олади. Ҳужумда эс Диего Коста ўрнини жуда қобилиятни Патрик Бэмфорд билан тўлдириш мумкин. Эслатиш жоиз, Патрик ўтган мавсум «Мидлсбро»да ўйнаб, чемпионшипда етарлича голлар урди.

«Манчестер Сити»

«Манчестер Сити»га келсак, «6+5» чеклови унинг учун катта кулфат ҳисобланади. Милнернинг кетишидан сўнг англиялик футболчилардан биргина Жо Харт  қолди. Мутко учун таниш сўзлар: «Нима ҳам қилиш мумкин? Ёшлар жамоасига эътибор қаратилади ёки яна трансферлар бозорига чиқилади». Бироқ «шаҳарликлар» талабига мувофиқ келадиган 4 нафар англиялик топиш анча мушкул масала-да.

«Бавария»

Ҳаммаси идеал! Асосий таркибга кириш учун яна Гётце, Бадштубер, Рода, Кирхгофф ва бошқа йигитлар бор. Хуллас, «Бавария» Виталий Мутко номидаги совринни қўлга киритишга муносиб.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 19:52, 15.07.2015.
Ўқилди: 6330 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.