“Челси” устози Жозе Моуриньонинг айтишича, жамоа ярим ҳимоячиси Эден Азар аллақачон жаҳоннинг энг зўр уч футболчисидан бирига айланиб бўлди.
Моуриньо куни кеча Daily Mail нашрига интервью берди ва Азарнинг ортда қолган мавсумда Криштиану Роналдудан кам ўйнамаганини таъкидлади.
- Азар секин-аста бутун дунё эътиборини ўзига қаратмоқда. У ўтган мавсумда АПЛнинг энг яхши футболчиси бўлди. Ишонч билан айта оламанки, Эден Азар ўтган мавсум якунларига кўра Криштиану Роналду ва Лионель Мессилар қаторида туришга лойиқ. Фақат энди у Чемпионлар лигасида муваффақият қозониши лозим. Шундагина Азар бемалол энг зўр футболчиликка даъво қилса бўлади.
Месси ўтган мавсум ажойиб ўйин кўрсатди. Қолаверса, у 3 та мусобақада жамоаси билан ғолибликни қўлга киритди. Роналду эса гарчанд кўплаб голлар урган бўлсада, жамоавий соврин юта олмади. Футболда индивидуал тарзда эмас, балки жамоавий тарзда ҳам совринларга эга чиқиш лозим, деб ҳисоблайман, - дейди тажрибали мураббий.
Таъкидлаб ўтамиз, 2014/15 мавсум якунларига кўра, Роналду ҳам, Азар ҳам Европанинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогарлар қаторидан ўрин олишган.