Муборакнинг «Машъал» клуби дарвозабони Санжар Қувватов «Футбол Экспресс» газетасига интервью берар экан, «Динамо» жамоаси посбони украиналик Андрей Мельничукни Олий Лигадаги энг кучли легионер дарвозабон деб атади.
Олимпия термаси собиқ посбони Санжар Қувватовга «Олий Лигада тўп сураётган энг кучли дарвозабон сифатида кимни кўрсатган бўлардингиз?» - дея берилган саволга «Машъал» посбони қуйидагича жавоб берди:
- Бу борада «Динамо» дарвозабони Андрей Мельничукни алоҳида кўрсатган бўлардим. Унинг тажрибаси ҳам жуда катта. Шу боисдан бир неча йилдан бери самарқандликларнинг асосий дарвозабони сифатида ўз жойини ҳеч кимга бермасдан келаяпти. Менга унинг ўйиндаги ҳаракатлари ёқади.
Интервью давомида Санжар Қувватов легионер дарвозабонларнинг Олий Лигада бўлиши тарафдори эканлигини ҳам маълум қилган.
«Кейинги йилдан легионер дарвозабонлар бўлиши тарафдориман. Чунки уларда тажриба катта бўлади. Ҳар ҳолда улар бошқа чемпионатларда тўп сурган ва қандай тарзда ҳаракат қилишни билишади. Хорижлик дарвозабондан қандайдир янги жиҳатларни ўзлаштириш мумкин. Олий Лигада хорижлик легионер дарвозабонлар бўлиши фойдали деган бўлардим» - дея фикр билдирган Санжар Қувватов.
Эслатиб ўтамиз, кейинги мавсумдан бошлаб Олий Лигада легионер дарвозабонлар рўйхатга олинмайди.