"Машъал" клуби ҳужумчиси Ҳумоюн Муртозаев Олий лигада дебют мавсумини ўтказмоқда. Айни вақтда иккита гол киритган ҳужумчи билан Олий лига ва фаолияти борасида суҳбатлашдик.
- Ҳумоюн , сиз Олий лигада дебют мавсумингизни ўтказмоқдасиз. Олий лига борасида фикрингиз қандай?
Дебют мавсум десак ҳам бўлади. Негаки мен "Шўртан" жамоаси шарафини ҳимоя қилганимда ҳам Олий лига жамоаси билан бирга бўлганман. Ўтган йили эса биринчи лигадаги "Машъал-2" шарафини ҳимоя қилиб тўпурарлардан бирига айландим. Буда жамоанинг ҳиссаси катта. Бу йилда "Машъал"нинг асосий таркиби бош мураббийи Александр Хомяков мени жамоага жалб этди ва ишонч билдирмоқда. Олий лига биринчи лига ва ёшлар лигасида кўра фарқ қилади. Бу ерда футболчи майдонда ҳар бир ҳаракати тартиб ва ишончга қаратилади. Биринчи лигада Олий лигага ўтиш қийинчилик тўғдиради. Ҳар икки лига ўртасида жуда катта фарқ бор. Умуман олганда мавсумда кўнглим тўлмоқда дея олмайман.
- Нима учун кўнглингиз тўлмаяпди?
Биринчидан жамоамиз ўзига муносиб бўлмаган поғона турибди. Ундан ташқари кўплаб учрашувларда ўз ўйинимдан умуман қониқмадим. "Локомотив"га қарши ўйинда гол киритдим лекин жамоамиз мағлуб бўлди. Худди шундай "Навбаҳор"га гол киритдим лекин бу ғалаба учун етарли бўлмади. Жамоага фойда келтиришим учун бу савиямдан кўра ўсишим керак. Билдирилган ишончни оқлаш бу биринчим бурчимдир.
- Александр Андреевич ҳужум чизиғида сизга катта ишонч билдирмоқда. Кўплаб учрашувларни асосий таркибда бошладингиз ва ҳозирча иккита гол киритдингиз? Ҳужумчи учун бу кам эмасми ?
Биринчи навбатда бош мураббийнинг менга билдирган ишончи учун раҳмат айтишим керак. Бизни жамоанинг ҳужум чизиғида маҳоратли футболчилар бор. Владислав Иванов ва Зоҳир Қўзибоевдан кўп нарса ўргандим ва ўрганмоқдаман. Иккита гол бунча учрашувда майдонда ҳаракат қилгандан сўнг жуда ҳам кам. Буни ўзим ҳам биламан ва мен кўпроқ статистика учун гол уришдан кўра, голсиз чиқсам ҳам жамоам ғалабасини истайман. Голни эса ким уришини аҳамияти йўқ.
- Ҳумоюн "Навбаҳор"га қарши учрашувда жамоанинг ғалабаси учун нима етишмади деб ўйлайсиз?
Биринчи навбатдаги омад. Умуман омадсиз ўйинлар биздан очколарни тортиб олмоқда. Биз рақибдан кучли ўйин кўрсатдик. Омад деб осонгина қутилиш мумкин лекин бу ўйинларни кўрганлар ҳақиқатдан очиқчасига омад биздан юз угирганини англайди. Ҳали вазиятни ўнглаймиз.
- Олдимизда "Андижон"га қарши жуда ҳам аҳамиятли учрашув турибди. Бу ўйин борасида фикрларингиз қандай ?
"Андижон"ни "Насаф"га қарши сўнгги ўйинини кўрдик. Рақиб ҳақиқатдан ҳам маҳорат борасида "Насаф"дан ҳеч қандай қолишмади. Андижонда бизни жуда ҳам оғир учрашув кутмоқда. Керакли натижани қўлга киритиш учун ҳаммамиз бор имкониятимизни ишга соламиз. Бу ўйин биз учун жуда ҳам муҳим. кетма-кет муваффақиятсизликлардан чиқиб кетиш вақти келди.