"Челси" бош мураббийи Жозе Моуриньо Педрони ўзи мураббийлик қиладиган клубга ўтиши учун қай тариқа кўндиргани ҳақида сўзлаб берди.
"Бу бир дақиқалик суҳбатда ҳал бўлди. Мен ундан "Барселона"дан кетаётганинг ростми?", деб сўрадим. У "Ҳа, мен бу клубни севаман, бу ер менинг уйим, бироқ олдинга ҳаракат қиладиган вақт келди", деб жавоб қайтарди.
Кейин ундан бошқа жамоа билан ҳали шартнома имзоламаган-имзоламагани ҳақида сўрадим. У ҳозирча ҳеч ким билан шартнома тузмаганини айтди.
"Челси"га ўтишни истайсанми?, дедим. "Ҳа!" - жавоб қилди у.
Бунинг учун 1 дақиқа етарли бўлди.
Шундан сўнг клубдаги молиявий масалалар билан шуғулланувчи шахсларга у ҳеч ким билан шартнома имзоламагани, лекин шунга яқин тургани ҳақида билдирдим.
У "Челси"га ўтишга мойиллик билдирганди. Очиғи, у қачондир "Барселона"дан кетади, деб ўйламаган эдим", - дейди Моуриньо.
Эслатиб ўтамиз, бу футболчига бутун ёз давомида Англиянинг бошқа грандлари "МЮ" ва "Манчестер Сити" томонидан қизиқиш бўлганди. Лекин кутилмаганда "Челси" ушбу 28 ёшли ҳужумчини 30 млн евро эвазига трансфер қилганди.