Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Самвел Бабаян: Виктор Жалилов «Пахтакор»дан кетмаслиги керак

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий жамоаси Самвел Бабаян бошқарувида 2та ўйин ўтказди ва иккисида ҳам ғалабага эришди. Агар Яман термасига қарши кечган ўйин (1:0) кўп ва хўп ёритилган бўлса, Филиппин билан беллашув сафарда ўтказилгани туфайли жамоа ва мухлислар ўртасида қандайдир узилиш юзага келди. Шу сабабли, ЎФФ матбуот хизмати ташаббуси билан Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ва юртимизнинг етакчи спорт нашр­лари вакиллари ўртасида алоҳида учрашув ташкил этилди. Ундаги илк савол табиийки, Филиппиндаги ўйин хусусида янгради.

ФИЛИППИНДАГИ ЎЙИН

- Самвел Вячеславович, Филиппин термасига қарши кечган ўйинда режага тўлиқ амал қилингани туфайли ғалабага эришилгани ҳақида айтдингиз. Аммо ҳеч бир мураббий илк дақиқада тезкор гол уришни режалаштиролмайди. Шундай экан, ўйин бу қадар осон кечишини кутганмидингиз?

- Ҳа, агар бирор мураббий илк дақиқада гол урилишига ишонса ва бу ишни амалга ошира олса, у дунё­даги энг бахтли инсон ҳисобланади. Албатта, ҳеч ким буни олдиндан билмайди. Аммо ғалабамизни фақат тезкор гол билан боғламаган бўлардим. Биз ўйинга жуда яхши тайёрландик ва кўзлаган режаларимизни тўлиқ амалга оширдик. Ишончим комил, агар тезкор гол урилмаганида ҳам, бемалол ғалаба қозонардик. Чунки ўйиннинг боришини тўлиқ назорат қилдик ва ташаббусни бир зум қўлдан чиқармадик. Шундай экан, ҳаракатларимиз эртами-кеч самара келтириши тайин эди. Биласиз, терма жамоада янги ўйин услубини шакллантириб бормоқдамиз ва бу борада кўп ишларни амалга оширяпмиз. Яқин вақтлар ичида бу услуб Осиёда овоза бўлади. Мана, футболчиларимиз ўз олдиларига қўйилган вазифани тўлиқ тушундилар ва шунинг ҳисобига ғалабага эришдилар.

- Филиппиндаги натижа ўз ишингиздан қаноат ҳосил қилишингизга сабаб бўла оладими?

- Менинг ишимга раҳбарият баҳо беради. Биз эса ишлашда давом этмоқдамиз. Яъни футболчиларга ўйиннинг илк дақиқасидан ҳакамнинг сўнгги ҳуштагига қадар нима қилиш кераклигини тушунтириб беришга интилмоқдамиз.

 

ВИКТОР ЖАЛИЛОВ

- Терма жамоадаги ёрдамчингиз Виктор Жалилов бир йўла 3та жойда ишламоқда - «Пахтакор», миллий ва олимпия терма жамоаларида. Бу ҳолат ҳам мураббий, ҳам жамоалар зарарига ишламасмикин?

- Виктор Жалиловнинг «Пахтакор»даги ишини давом эттириши терма жамоалар учун ҳам жуда муҳим. Чунки ҳозирги ҳолат шундайки, терма жамоаларнинг асосий футболчилари «Пахтакор»да ўйнамоқдалар. Табиийки, агар клуб бошқарувсиз қолиб, сочилиб кетса, бу ҳолат терма жамоаларга ҳам панд беради. Шу сабабли, Виктор Жалилов «Пахтакор»да қолиши шарт эди. Тушунинг, ҳозир бу нарса жуда муҳим. «Пахтакор»нинг бошқарув тизими шундай тузилганки, унда ҳар бир инсоннинг ўз ўрни бор. Мен кетгач, ўзига хос кемтик юзага келиши турган гап. Агар Виктор Романович ҳам кетса, нималар бўлишини ўзингиз кўраверинг. Бундай ҳолатда бутун бошли тизимга путур етмаслигига кафолат йўқ. Боз устига, мавсум тугашига ҳеч қанча вақт қолмади. Агар шу муддат ичида «Пахтакор» сочилиб кетса, бу барча учун салбий таъсир этади. Чунончи, Виктор Романович айни пайт клубдаги бирдамликни ушлаб турибди.

- Вақтида Миржалол Қосимов ва Вадим Абрамов ҳам айнан икки жойда ишлашгани учун инқирозга учрагандилар. Виктор Жалилов билан ҳам шу ҳолат такрорланмаслигига ишончингиз комилми?

- Виктор Романович билан бўлаётган вазият бошқачароқ. У улкан тажрибага эга ва ўз ишини аъло даражада бажармоқда. Нўъмон Ҳасановга ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш лозим, у ҳали ёш мутахассис. Шундай экан, «Пахтакор»ни рисоладагидек ушлаб туриши анча қийин. Ҳарқалай, айни пайт Виктор Жалиловнинг ёрдамига эҳтиёж сезади. Қайтараман, Виталий Романович ҳам «Пахтакор»дан кетса, клуб ортга кетиши мумкин. Қолаверса, «Пахтакор» раҳбариятининг талаби шундай бўлди - Жалиловни қолдириш. Ўз навбатида, биз ҳам терма жамоа манфаатидан келиб чиқиб, бунга розилик бердик.

- Унда Жалилов нима учун олимпия терма жамоасидаги ўз иши билан шуғулланмасдан, миллий термада банд юрибди? Ахир олимпия терма жамоасининг ҳам жавобгарлиги бор эмасми?

- Олимпиячиларимиз учун масъулиятли ўйинлар бошланишига ҳали вақт бор. Расмий учрашувларга қадар ҳаммасини жой-жойи­га қўйиб оламиз. Октябрь ойида йиғин ташкил қилинади ва футболчилар обдон кўрикдан ўтказилади. Хавотирга ўрин йўқ, Осиё чемпионатига қадар олимпия терма жамоасининг тайёргарлиги ҳам ўз ўрнига туширилади. Виктор Жалилов ҳар қанча банд бўлмасин, унинг ўз ишини тўлиқ уддалай олишига ишонаман.

- Бунисини энди вақт кўрсатади...

- Албатта, кўрсатади.

 

«ПАХТАКОР» ҲАҚИДА

 - «Пахтакор» футболчилари ҳақида бу қадар кўп ташвишланиш улар учун зарар эмасми? Ахир «теплица» шароитида қолган ва терма жамоада кафолатланган жойга эга йигитлар ўсиш ўрнига орқага кетишмайдими?

- Йўқ, терма жамоа асосий таркибидаги жой ҳеч кимга кафолатланмаган. «Пахтакор»да ўйнасам бас, терма жамоага чақирилавераман», деганлар адашадилар. Ҳеч ким ҳеч қачон шунчаки, терма жамоага чақирилмайди. Фақат меҳнат қилишдан тўхтамаган ва терма жамоа услубига мос тушадиган футболчиларнигина таркибга жалб этамиз.

- Ҳозир шундай гапир­япсизки, худди ҳамон «Пахтакор»да ишлаётгандексиз. Яъни бу клуб учун бошқача жон куйдираётганингиз сезилиб қолмоқда. Ўзи Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи­нинг қайсидир клубга қайғуриши тўғрими?

- Йўқ, мен «Пахтакор» учун жон куйдирмаяпман. Шунчаки, бу клуб сафида Ўзбекистон терма жамоасига номзод футболчилар кўп бўлишгани учун ўз фикримни билдирмоқдаман, холос. Албатта, бош мураббий сифатида холис фикрлашга интиламан ва ҳеч бир клубга бефарқ қарамайман. Такрор айтаман, «Пахтакор» таркибида терма жамоага номзод футболчилар кўплиги боис, у ҳақда алоҳида тўхталдим.

- Аммо «Локомотив» таркибида ҳам терма жамоага номзод футболчилар етарли. Нимага бу клуб ҳақида гапирмаяпсиз?

- Албатта, «Локо» учун ҳам қайғураман. Агар у ғалабага эришса, терма жамоага номзод футболчилар яхши ўйин намойиш қилишса, бундан фақат хурсанд бўламан. Шу билан бир қаторда олий лигадаги барча клублар ўйинини диққат билан кузатмоқдаман. Терма жамоа эшиклари барча учун очиқ. Ўз иқтидорини намойиш этган ҳар қандай футболчи албатта, терма жамоага чақирилади.

 

ЭНГ КУЧЛИМИ?

- Яқинда Ўзбекистон терма жамоасининг айни таркибини замонавий футболимиз тарихидаги энг кучлиси сифатида тилга олгандингиз. Бу қай мақсадда айтилганига изоҳ берсангиз. Зеро, шу гапингиз кўп муҳокама қилинди.

- Бу билан икки мақсадни кўзлагандим, биринчиси - футболчилар руҳиятини кўтариш, иккинчиси - дарҳақиқат, ҳозирги таркибни энг кучлиси, деб ҳисоблайман. Энди келинг, гапимни исботлаб берсам. Қаранг, қачон икки нафар футболчимиз Россия чемпионатининг гранд клубларида етакчилардан саналишган? Аввал ҳеч шунақаси учраганми? Боз устига, ҳозирги аксарият ёш футболчиларимиз жаҳон чемпионати таъмини тотиб кўришди. Улар бу орқали катта тажриба тўплашди. Тажриба ва ёшлар маҳорати қоришмасидан ўзбек футболи тарихидаги энг кучли таркиб юзага келмоқда. Албатта, бу шахсий фикрим. Кимдир бу гапга қўшилиши мумкин, бошқа биров эса йўқ. Аммо менинг фикрим шу.

 

КАМЧИЛИКЛАР

- Яман термасига қарши кечган ва Филиппиндаги ўйинлар ўртасида катта фарқ сезилди. Шунга қарамай, филиппинликлар билан учрашувдан кўнглингиз тўлмаган жиҳатлар ҳам борми?

- Албатта. Дейлик, Филиппин термаси билан ўйинда биринчи бўлимда 2та гол уриб олганимиздан сўнг бўшашиб қолганимиз ёқмади. Шундан сўнг рақиб анча дадилланиб, дарвозамизга хавф сола бошлади. Аслида ҳар қандай ўйинда ҳам ҳисобдан қатъий назар, ҳеч қачон эътиборни сусайтирмаслик керак. Биз эса анча бўшашиб қолдик. Айнан шу нарсани катта хато, деб биламан. Кейинги учрашувга қадар Филиппиндаги ўйинни янада тўлиқроқ таҳлил қиламиз ва камчиликларни тўғрилаш учун ишлаймиз. Аммо мени бир нарса хурсанд қилди, терма жамоа футболчиларида ўйинни тушуниш борасида ўсиш бор. Бу муҳим ижобий хислат ҳисобланади.

- Терма жамоага руҳшунос олиш кераклиги ҳақида кўп гапирилган. Ҳозир алоҳида руҳшуносга эҳтиёж бор, деб ўйлайсизми?

- Бу масалада ўз қарашларимга эгаман - биринчи навбатда, мураббийнинг ўзи руҳшунос бўлиши лозим. Бошқача ишлаш қандайлигини билмайман. Агар жамоага руҳшунос жалб қилган тақдирингизда ҳам, у футболчиларнинг асл ҳолатидан бехабар бўлса, нима кераги бор? Мен бундай масалаларни мураббийнинг ўзи ҳал қилиши лозим, деб ҳисоблайман. Футболчилар билан доимий мулоқотдаман ва уларнинг муаммоларидан имкон қадар хабардор бўлишга интиламан. Умуман, руҳиятга боғлиқ масалаларни ҳар доим ўзим ҳал қила оламан. Футболнинг ишини руҳшунос тушунмайди, балки мураббий руҳшуносликдан бохабар бўлиши лозим.

 

ИНТЕРВЬЮДАН СЎНГ

Суҳбат якунига етгач, Самвел Бабаян яна битта айтар сўзи борлигини билдирди. Аниқроғи, мураббий хайр­лашиш олдидан барчани матбуот орқали терма жамоага кўп босим ўтказмасликка чақирди:

- Аслида бу учрашувга розилик беришимнинг ўзига хос сабаблари бор эди. Мен учун иккинчи ўйин жуда муҳим саналарди, чунки унда ўйлаб қўйган ишларим юзага чиқишини кутгандим. Шуни айтишим лозим, курашишга ва ғолиб чиқиш салоҳиятига эга янги жамоа ташкил топди. Аммо ҳамма ҳам бунга бирдек қарамаяпти. Баъзилар турли иғво чиқаришга уринмоқдалар. Истардимки, бундай ҳолатлар кўп такрорланмаса. Олдинда бизни Баҳрайн термасидек кучли рақиб кутиб турибди. Шундай жиддий вақтда ҳаммани яна бир бор бирлашишга чақирмоқчиман...

Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:58, 16.09.2015.
Ўқилди: 5741 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.